Жаҳон | 15:35 / 20.07.2022
4495
3 дақиқада ўқилади

«Очиқ Эстония фонди» Россияда «номақбул» деб тан олинди

Россия Бош прокуратураси «Очиқ Эстония фонди» фаолияти «Россия Федерациясининг конституциявий тузуми асослари ва хавфсизлигига таҳдид солади», деб ҳисобламоқда. Россияда ҳозир 60 та номақбул ННТ мавжуд.

Фото: Peter Hirth / DuMont

Россия Бош прокуратураси «Очиқ Эстония фонди» фаолиятини мамлакатда номақбул деб топди. Маҳкама ташкилотнинг иши «Россия Федерацияси конституциявий тузуми ва хавфсизлиги асосларига таҳдид солади» деб ҳисоблаяпти. Умуман олганда, Россияда ҳозир 60 та номақбул ННТ мавжуд. 

Россия Бош прокуратураси «Очиқ Эстония фонди» фаолиятини «Россия ҳудудида номақбул деб топди», деб хабар берди маҳкама матбуот хизмати 20 июль, чоршанба куни. Қарор «қабул қилинган материалларни ўрганиш натижалари асосида» қабул қилинган. 

Нодавлат нотижорат ташкилот Таллинда рўйхатдан ўтган ва сайтдаги маълумотларга кўра, «оммавий муҳокамани очиқлик ва бағрикенгликка йўналтириш» учун тадбирлар ташкил этади. Хусусан, май ойида Эстонияда фонд кўмагида «Руслар урушни хоҳлайдими?» тадбири ўтказилди. 

Расмий равишда, ташкилот Россия Адлия вазирлиги томонидан юритиладиган рўйхатга киритилганидан кейин «номақбул» деб ҳисобланади. Ҳозир ушбу рўйхатда 56 та ташкилот бор. Ўтган ҳафтада Bellingcat тергов лойиҳаси, The Insider интернет-нашри, шунингдек, Чехиянинг Марказий ва Шарқий Европа ҳуқуқий ташаббус институти ҳам «номақбул» деб топилди. Шундай қилиб, «Очиқ Эстония фонди» билан биргаликда мамлакатда номақбул ташкилотлар сони 60 тага етади.

Номақбул ташкилотлар тўғрисидаги қонун 2015 йилнинг баҳорида кучга кирди. Мамлакатда ушбу ташкилотларнинг ҳар қандай фаолияти тақиқланади ва улар билан ҳамкорлик қилганлар жиноий жавобгарликка тортилади. Бир йил олдин Владимир Путин номақбул ташкилотлар билан ҳамкорлик қилганлик учун жазони кучайтирган эди. Ўшандан бери бундай ННТ фаолиятини ташкил қилганлик учун 2 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади, қонунда ҳамкорлик учун бир йилдан тўрт йилгача, хайрия учун эса бир йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

15 июль куни «Очиқ Россия»нинг собиқ директори Андрей Пивоваров номақбул ташкилот ишини ташкил қилганликда айбланиб, 4 йилга умумий тартибли колония жазосига ҳукм қилинди. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид