Спорт | 23:03 / 25.07.2022
16862
2 дақиқада ўқилади

Максим Шацких — Суперлига савияси, «Пахтакор» ва Шомуродов ҳақида

25 июль куни «Пахтакор» бош мураббийига айланган Максим Шацких иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда мутахассис ОАВ ходимлари саволларига жавоб берди.

«Чемпионат савиясига клубларнинг халқаро ўйинлари ва миллий жамоа натижаларига қараб баҳо бериш мумкин. Суперлигада юқори ўринлар учун жиддий кураш кечмоқда. Миллий чемпионат йилдан-йилга ўсиб бормоқда.

Клубга спорт директори сифатида келгандим. Кейин бош мураббийликка таклиф қилишди. Бир қарорга келишда ўйлаб ўтирганим йўқ. 

Ҳар бир чизиқда 2 нафардан футболчи бўлиши керак. Футболчилар рақобатсиз ўсмайди. Рақобат бўлмаса, ўйинчи ўсишдан тўхтайди ва руҳий қийинчиликка дуч келади.

Етакчилар билан шартномани 2-3 йилга узайтирдик. Бу мураббийлар штабини тинчлантиради. Жамоа шакллантиришда узоқ йиллик битимлар муҳим.

Лобановский тактикасидан фойдаланаманми? Футбол йиллар давомида ўзгарди ва бошқа йўналишда ривожланмоқда. Ҳозир бошқа авлод ўйнамоқда. Олдин экология ҳам бошқача эди. 

Мухлислар? Улар жамоани ҳар қандай ҳолатда қўллаб-қувватлаб туришлари керак. Қўрқаётганим йўқ. Назорат қўлдан чиқса, бу ерда бўлмаслигим аниқ.

Ҳозир «Пахтакор» жамоаси бош мураббийиман, миллий жамоа ҳақида ўйламаяпман. Мақсадларимиздан бири — миллий жамоага футболчи етказиб бериш. Бор эътиборим «Пахтакор» раҳбарияти олдимизга қўйган вазифаларни бажаришга қаратилган.

Шомуродов миллий жамоадаги голлар сони бўйича (31) рекордимни (34) янгилашга яқин? Бу йўлда унга омад тилайман. Унинг ўйинларини кузатиб бораман. У — айни пайтда Ўзбекистоннинг энг кучли ҳужумчиси. Афсуски, клубида кам ўйин амалиётига эга бўлмоқда. У миллий жамоага фойда келтириши учун доим ўйнаши керак»,  — дея Шацкихнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Мавзуга оид