АҚШ Жанубий Хитой денгизига авиаташувчи кемаларини жўнатди
Америкалик ҳарбийлар кемаларнинг якуний манзили ҳақида маълумот бермаган, бироқ қайд этилишича, «агар улар шу йўналишда давом этса, Тайван бўғозига етиб боради».
АҚШ Тайванга вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг эҳтимолий ташрифи муносабати билан ушбу йўналишда авиаташувчи кемаларини жўнатди. Бу ҳақда South China Morning Post (SCMP) хабар берди.
25 июл куни «Роналд Рейган» атом авиаташувчиси ва бошқарилувчи ракеталар жойлашган эсминец ва крейсердан иборат гуруҳ Сингапурдан чиққан ва Жанубий Хитой денгизи томон йўл олган.
Америкалик ҳарбийлар кемаларнинг якуний манзили ҳақида маълумот бермаган, бироқ қайд этилишича, «агар улар шу йўналишда давом этса, Тайван бўғозига етиб боради».
Аввалроқ Хитой АҚШдан вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифини ташкил этмасликни талаб қилганди.
Хитой мудофаа вазирлиги матбуот котиби Тан Кефейнинг сўзларига кўра, Пелоси АҚШ ҳукуматидаги учинчи шахс ҳисобланади ва унинг ташрифи «ягона Хитой» тамойилига зиддир.