Жамият | 20:26 / 28.07.2022
40005
6 дақиқада ўқилади

“Ўқишга киришни 45 йил орзу қилдим” — 64 ёшида талаба бўлган аёл

Фарида Ҳошимова 64 ёшида талабалик бахтига муяссар бўлди. Пенсия ёшида ўқишга кириш ҳам, уни давом эттириш ҳам осон эмаслиги аниқ. У нега кексайганда ўқишга киришга қарор қилгани, уйдагиларининг қаршилигини қандай енггани ҳақида Kun.uz'га ҳикоя қилиб берди.

Фото: KUN.UZ

“Мактаб давридан роса ўқишга ҳужжат топширганман, лекин…”

— 1958 йил Андижон вилояти Жалақудуқ туманида оддий ишчи оиласида туғилганман. Отам ҳайдовчи, онам уй бекаси бўлган. Отам ўтиб кетган, онам ҳаёт, 85 ёшни қоралаб қўйган. Оилада 9 фарзандмиз, мен тўнғич қизман. Ёшлигимдан китоб ўқишга, қўшиқ айтишга қизиқардим. Онам халқ оғзаки ижодини жуда яхши биладиган, кўп китоб ўқийдиган аёл бўлган ва бу менга таъсир қилмай қолмаган.

Мактаб давридан фан олимпиадаларига қатнашиб юрадиган билимли қиз эдим. Лекин негадир омадим чопмадими, ҳеч ўқишга киролмаганман. Нима бўлса ҳам умидсизликка тушмадим, 1978 йилда Асака шаҳридаги мактабгача тарбия педагогика билим юртига кирдим. 1980 йил бу ерни имтиёзли диплом билан тугатдим. Кейин қўшнимизга турмушга чиқдим. Жуда яхши оила бўлгани учун анча-мунча армонларим ҳам ортда қолди.

“Оилали бўлганимдан кейин турмуш ўртоғим ўқишга рухсат бермади”

— Ҳозир 3 нафар фарзандимиз бор. Уларнинг ҳаммасини уйли-жойли қилганмиз.

Турмуш давомида ота-онамни, турмуш ўртоғимни ва қайнота-қайнонамнинг дуосини олдим. Шу орада жуда кўп жойларда, боғчаларда ишладим. Мусиқа тарбиячиси бўлиб боғчада ишладим. 1983 йилдан 2012 йилгача мусиқа тарбиячиси ва мактабда мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишладим. Шу пайтларда ҳам ҳеч бўлмаса, сиртқи бўлимга ўқишга киришни хоҳлаганман, бироқ хўжайиним кўнмади.

Олий маълумотли кадр бўлмагани учун ишдан бўшатишган

— Турмуш ўртоғим ўқишимга рухсат бермади, деб тушиб қолмадим. Ўзим севган касбни давом эттиравердим. Ижод билан шуғулланавердим, 400тача шеърлар, сценарийлар ёздим. Мактабгача таълим, бошланғич таълим ўқувчилари учун мултфилм ва эртакларни шеърий тарзда ёзиб саҳналаштирдим.

2021 йилда апрел ойигача бир хусусий боғчада ишлаётгандим. Ўрнимга олий маълумотли кадрни ишга олишди. Шундан кейин хўжайинимдан ўқишга топшириш учун рухсат сўрадим. Насибам қўшилган бўлса кираман, деб илтимос қилгандим, улар рози бўлди.

“Энг юқори балларни олиб, 2-ўринда ўқишга қабул қилиндим”

— Ҳужжатларимни Андижон давлат университети педагогика институтига топширдим. Ижодий имтиҳонда энг юқори баллни олдим. Мажбурий фанлар имтиҳонидан ҳам яхши топшириб, умумий 142,4 баллни қўлга киритиб, 2-ўринда ўқишга кирдим.

Биринчи курсни ҳам аъло баҳоларга битириб олдим. Бу орада “Ёшлар мураббийси” кўрик-танловининг вилоят босқичида 2-ўринни олдим. Нафақага чиққанимдан кейин “Ёрқишлоқ” МФЙдан қайноналар жамоатчилик кенгаши раиси бўлиб ишладим. Ажрашиш ёқасида турганларни яраштиришга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман.

2022 йил 6 мартда “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирландим. 2019 йилда “Менинг қўшиғим” номли шеърий тўпламим чиққан бўлса, ҳозир боғча тарбиячилари учун “Болам дедим, болим дедим” қўлланмаси устида ишлаяпман.

Ўқишга ҳужжат топширишга оиласи қаршилик қилгани ҳақида

— Ўқишга топширишимга аввалига оилам қаршилик қилди. Шу ёшга етганда ўқишни нима қиласиз дейишди. Ҳадис-у шарифларда ҳам бешикдан то қабргача илм излаш кераклиги айтилган. Болаларимга ўқишга киришни 45 йил орзу қилганимни, мингдан ошиқ китоб ўқиганим, энди ўзимни синаш пайти келганини айтдим. Оила аъзоларимга берган иккинчи жавобим эса шундай бўлди:

“Касалхонага борсангизлар, қанча болалар онасининг тузалиши учун катта-катта пул сарфлаб, дардига даво тополмай юрибди. Аллоҳ менга шунча саломатликни, куч-қувватни берди. 3 келин олган бўлсам, бирор марта хафагарчилик бўлмади, уларга ҳам оналик, ҳам қайноналик вазифасини бажардим. Қўни-қўшни, танишларнинг онанг шу ёшда ўқийдими деган гапига эътибор қилманглар, онам ўқиб роҳат қиляпти денглар”, – дедим.

“Магистратурада ҳам ўқимоқчиман”

— Ўқишга кирганим ҳақидаги хабар келганида, шундай хурсанд бўлдим, табрикларга кўмилиб кетдим.

Бакалаврдан кейин, магистратурани ҳам ўқимоқчиман. 70 ёшга етганимда магистратурани ҳам битирарканман. Ўзимнинг ўйлаб юрган мавзуларим бор. Аллоҳ насиб қилса, ўша мавзуларда илмий иш қилиб, яхши устозлар билан орзуларимни рўёбга чиқараман.

“Курсдошларим неварам билан тенг”

— Бу ёшда мияга билим кирадими, дейишади, лекин одам ўқиётган нарсасига қизиқса, билим олишнинг кечи йўқ. Дарсларда биринчи партада ўтираман. Дарс қолдирмайман. Барча устозларим менга қўлларидан келганча ёрдам беряпти. Ўқиётган фанларимни ҳам аъло баҳоларга битириб олдим.

Тинмай ўқидим, берилган вазифаларни бажардим, мустақил ишлар қилдим. Гуруҳ сардоримиз 2004 йил, неварам билан тенг. Мени ҳамма курсдошларим ҳурмат қилади. Бу йил курсдошларим билан институтимизда ўтказилган “Заковат” ўйинида қатнашиб,16 гуруҳ ичида 4-ўринни олдик.

Ўқишга киргандан кейин ишга ҳам кирдим. Ҳозир инглиз тилини ўрганишни бошладим.

Ўқиш армон бўлиб қолганларга маслаҳат

— Инсонда ирода кучли бўлса, яхшилик ҳақида ўйласангиз, ҳар қандай мақсадга эришса бўлади. Одам ўзининг тушкунликка тушишига йўл қўймаслиги керак. Ёмон фикрлайдиган одамдан узоқ юриш керак. Бундай одамлар сизни орзуларингиз, яхши хислатларингиздан маҳрум қилиши мумкин. Ҳамиша юрагингиз тоза бўлсин, ҳаммага яхшилик, савоб ишлар қилинг.

Эзгуликнинг кечи йўқ. Мана менга эргашиб, 10 нафарча танишларим ўқишга топширди. Улар 30-40дан ошган. Барибир олий таълимнинг бошқача шукуҳи бўларкан. Энди ўқиб нима қиламан, менинг даврим ўтди, деманглар. Бешикдан қабргача илм излаш керак, илм одамни ёшартиради.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид