07:54 / 30.07.2022
6537

Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 71,2 фоизга етказилди

Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 71,2 фоизга, оқова сув хизмати 17,5 фоизга етказилди. Бу ҳақда АОКАда «Ўзсувтаъминот» АЖ раиси ўринбосари ва мутасаддилари иштирокида шу мавзуда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг I ярим йиллигида республика бюджети ҳисобидан (930,8 млрд сўм) жами 1779,9 км ичимлик ва 74,8 км оқова сув тармоқлари, 121 та иншоотни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди, 69 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунланди.

Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан (108,3 млн доллар) жами 119,2 км ичимлик ва 33,9 км оқова сув тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди, 4 та сув тақсимлаш иншооти қурилди ва 5 та сув тақсимлаш иншооти реконструкция қилинди. 

2022 йилда «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан халқаро молия институтлари иштирокида 20 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки ҳамда Саудия тараққиёт ва ОПЕК жамғармаларининг 1 млрд 861 млн доллар қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.

Жорий йил якунига қадар 2 трлн сўмдан ортиқ маблағлар доирасида 527 та иншоот, 5,5 минг км ичимлик ҳамда оқова сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, халқаро молия институтларининг 245,1 млн доллар миқдоридаги маблағлари ҳисобидан 1,6 миллион аҳолини илк бор ичимлик суви билан таъминлаш, 3,4 миллион аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш ва шу тариқа марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 74,2 фоизга, оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик кўрсаткичини эса 18 фоизга етказиш режалаштирилган.

Top