Жаҳон | 14:04 / 30.07.2022
13243
2 дақиқада ўқилади

«Газпром» Латвияга газ етказиб беришни тўхтатди

«Газпром» корпорацияси июль ойидаги ариза доирасида Латвияга газ етказиб беришни тўхтатди, дея хабар қилди компания.

Фото: Getty Images

Россиянинг «Газпром» корпорацияси Латвияга газ етказиб беришни тўхтатди. Бу ҳақда 30 июль, шанба куни компания хабар берди. «Бугунги кунда «Газпром» ЁАЖ июль ойи аризаси доирасида Латвияга газ етказиб беришни тўхтатди – газни тортиб олиш шартлари бузилганлиги сабабли», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Conexus (Conexus Baltic Grid) Латвия газ узатиш оператори маълумотлари ҳам етказиб беришнинг тўхтатилганлигини тасдиқлайди.

28 июль, пайшанба куни Latvijas gāze Латвия газ узатиш тизимининг бош оператори Россия газини харид қилишни қайта бошлагани маълум бўлди. Компания раҳбари Айгарс Калвитиснинг сўзларига кўра, хомашё тўғридан тўғри «Газпром»дан эмас, балки бошқа етказиб берувчидан харид қилинади. Калвитис тижорат сирини сабаб сифатида келтириб, етказиб берувчининг номини айтмади. Latvijas gāze раҳбарининг сўзларига кўра, операциялар еврода амалга ошириляпти.

14 июль куни Латвия сейми (парламенти) 2023 йил 1 январдан бошлаб Россиядан табиий газ етказиб беришни бутунлай тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. 2021 йилда Рига ушбу хомашёнинг қарийб 90 фоизини РФдан сотиб олди. 

Москва талабига кўра, 1 апрелдан бошлаб Россия ҳукумати Европа иттифоқига аъзо бўлган айрим давлатларни «дўст бўлмаган мамлакатлар» рўйхатига киритди, улар шартномадаги валюта (евро ва доллар)ни мажбурий конвертация қилиш шарти билан «Газпромбанк» орқали газ етказиб бериш учун ҳисоб-китобларни рублга ўтказган ҳолда амалга ошириши керак, акс ҳолда газ экспорти тўхтатилади. Польша, Болгария, Финландия ва Нидерландия аллақачон ушбу шартларни бажаришдан бош тортди.

Мавзуга оид