09:22 / 31.07.2022
13943

Эмери, Гасперини ва Мойес: Топ-клублар «юкини торта олмаган» 10 мураббий

Фото: Getty Images

Яқиндагина Маурисио Почеттино дунёнинг энг истиқболли мураббийларидан бири ҳисобланар эди. «Тоттенҳэм» билан Чемпионлар Лигаси финалига чиққач, аргентиналикка ҳақиқий топ-клубда ишлаш имконияти берилса, барча совринларни қўлга киритадигандек туюлган эди. Лекин, аслида, Поч «ПСЖ»да ўртамиёна иш қилди ва аламли тарзда ишдан бўшатилди. Парижликлар Кристоф Галтье билан шартнома имзоладилар. Лекин у ҳам катта клубларда ишламаган ва Почеттино йўлини такрорлаши мумкин.

Футболда баъзан маълум бир мураббийни даҳо деб аташади. Шунчаки унга ажойиб таркиб беринг ва у клубни коинотга учиради, чунки ўртача футболчилар билан кўп нарсага эришган. Аммо бундай мантиқ ҳар доим ҳам ишламайди, қуйида шундай мисолларни келтирамиз. Ўртамиёналар билан мувафақиятга эришган, аммо топ-клубларда юксак натижа кўрсата олмаган 10 мураббийни санаб ўтамиз.

Фото: Getty Images

10) Ўнинчи ўрин – Нико Ковач ва унинг «Бавария»даги муваффақиятсизлиги. Нико мураббийлик фаолиятини Хорватия миллий жамоасида бошлади ва «Айнтрахт»да порлади. У 2016 йил баҳорида немис клубига тайинланди, франкфуртликлар ўша пайтда ёмон аҳволда эди. Аммо Ковач жамоани қайтадан йиғди ва соғлом прагматизм билан қувватлантира олди. У Бундеслигада 8-ўринни эгаллади, Германия кубоги-2018 финалида эса «Бавария»ни мағлуб этди. Шундан сўнг, мюнхенликлар уни мураббий сифатида синаб кўришга қарор қилишди.

Хорватиялик мутахассис «Бавария» билан чемпион бўлди ва Кубокни қўлга киритди. Аммо Чемпионлар Лигаси плей-оффининг биринчи босқичидаёқ курашдан чиқиб кетди. Гарчи жамоанинг ўзига хос ҳужум услуби кўринмаса-да ва ҳатто футболчилар ҳам норози бўлса-да, раҳбарият мураббийга иккинчи имкониятни берди.

Мураббий жамоага ҳимоявий ўйинни сингдира бошлади, ваҳоланки «Бавария» ҳар доим ҳужумкор ўйнаган. Иккинчи мавсумда очко йўқотишлар бошланганида, ўйинчилар мураббий атрофида бирлашмади. Шундан сўнг истеъфога чиқарилди. Кейинчалик, «Монако»да ёмон ишламади, ҳозир эса «Вольфсбург»ни бошқармоқда – бу унинг даражаси.

Фото: Reuters

9) Тўққизинчи ўрин – Андре Виллаш-Боаш. У «Челси»да кўп вақт ушланиб қолмади. Мутахассиснинг тақдири Моуриньо фаолиятининг биринчи босқичига жуда ўхшарди – ўттиз ёшли Боаш бор-йўғи бир мавсум ичида евроюлдузга айланди. 2010 йилнинг ёзида у «Порту» бош мураббийи этиб тайинланди ва биринчи мавсумдаёқ нафақат чемпион бўлди, балки Европа Лигасида ҳам ғалаба қозонди. Роман Абрамович бу ютуқлардан таъсирланиб, уни «Челси»га таклиф қилди. Португалиялик ўша пайтда тарихдаги иккинчи энг қиммат мураббийга айланди.

Боаш қўл остидаги «Челси» октябрь ойида, ўз уйида «Арсенал»дан 5 та тўп ўтказиб юбориб, ортга чекинишни бошлади. Март ойидаги қаторасига 3 та мағлубиятдан сўнг, Андре ишдан бўшатилди. Асосий сабаб – клубнинг тажрибали футболчилари билан чиқиша олмай қолиши ва ҳаддан зиёд максималист эканида. «Челси»дан кетгач, мураббий Лондонда қолди ва «Тоттенҳэм» таклифини қабул қилди. У жамоа билан чемпионатда 5-ўринни эгаллаган бўлса-да, клуб президенти яхшироқ натижани кутган эди. Иккинчи мавсумда у ҳам Боаш билан ажрашди.

Фото: Getty Images

8) Саккизинчи ўрин – «Милан»да иши юришмаган Фотиҳ Терим. Туркияда у мега афсона – «Галатасарой» билан саккиз марта чемпионликни қўлга киритган. 2000 йилда Терим «шерлар»ни УЕФА кубогида ғалабага олиб келди: улар «Боруссия Д», «Мальорка», «Лидс»ни, финалда эса «Арсенал»ни пенальтилар сериясида мағлуб этишди. Тактик жиҳатдан Арсен Венгердан устун келган Фотиҳ жаҳоннинг сара мураббийлари сафига киргандек туюлди. Унга жиддий аҳамият бера бошлашди.

Тез орада мутахассисга «Фиорентина» ишониб топширилди. Терим «бинафшалар»га тезда тажовузкор, ҳужумкор футболни ўргатди. Бироқ, клуб президенти билан жанжаллашиб, мавсумни охиригача етказмади.

Аммо Берлускони мураббийнинг ишини кўриб, туркни «россонери»га муносиб деб ҳисоблади. Фотиҳ зудлик билан юлдузлар жамоасини ўзига хос тарзда қайта қуриб, тажовузкор ҳужумкор ўйинни жорий қилди. Лекин «Милан» ҳимоясида ҳамма нарса мўрт бўлиб чиқди. Дон Сильвио тез орада Теримдан ҳафсаласи пир бўлди ва атиги 10 турдан сўнг уни ишдан бўшатди.

Фото: Reuters

7) Еттинчи ўрин – Хуанде Рамос ва Хулен Лопетеги. Иккаласи ҳам «Севилья» билан еврокубокларни қўлга киритишди, аммо иккаласи ҳам «Реал Мадрид»да муваффақият қозона олишмади.

Рамос 2000-йилларнинг ўрталарида кетма-кет иккита УЕФА кубогини қўлга киритди ва бу андалусияликлар тарихидаги илк халқаро совринлар эди. Шунингдек, у сўнгги 50 йил ичида биринчи марта клубни кучли учликка олиб чиқди. «Тоттенҳэм» испанияликни Англияга таклиф қилди, бироқ иккинчи мавсум стартидаги муваффақиятсизликдан сўнг у ишдан бўшатилди. Аммо бу «Реал»ни ташвишлантирмади. Хуанде қўл остида «қаймоқранглилар» кучли ўйин намойиш этишди, бироқ мавсум охирини барбод қилишди. Бундай вазиятда мураббийни қолдириш имконсиз эди.

Хулен Лопетеги дастлаб ёшлар билан ишлаш орқали муваффақият қозонди. У «Кастилья»ни бошқарди, кейинчалик Испания ёшлар миллий жамоаси билан бир нечта турнирларда ғалаба қозонди. Шундан сўнг, Испания миллий жамоасига тайинланди. Аммо Лопетеги можароли тарзда миллий жамоани «Реал»га алмаштирди. Клубдаги ишни муваффақиятсиз бошлади. Биринчи ўйиндаёқ Мадрид дербисида 2:4 ҳисобида ютқазди. Кейин яна бир қанча аламли мағлубиятлар бўлди, жамоа умуман футбол ўйнамади. Хулен «Реал»да 138 кун ишлади. «Барселона» томонидан «калтакланганидан» сўнг ишдан бўшатилди.

Фото: Reuters

6) Олтинчи ўрин – «Ливерпуль» тарихидаги энг ёмон мураббий Рой Хожсон. Биринчи мураббийлик тажрибасини Швецияда олди – турли клублар билан маҳаллий лигада ғолиб чиқди. 2000-йиллар бошида эса Дания чемпиони бўлди. Кейин Рой шов-шувли тарзда Швейцария миллий жамоасини Европа чемпионатига олиб чиқди. Аммо турнирда иштирок этолмади, «Интер» мураббийи бўлиш учун миллий жамоа билан шартномасини муддатидан аввал бекор қилди. Италия гранди билан ҳеч нарсага эриша олмади. УЕФА Кубоги финалига чиққан бўлса-да, жамоа ёқимсиз футбол намойиш этди.

Ишдан бўшатилгач, бир нечта клубларда ишлади. 2000-йилларнинг охирида «Фулҳэм»ни қуйи лигага тушиб қолишдан қутқарди ва тез орада Европа Лигаси финалига олиб чиқди. Мураббий Англияда сенсацияга айланди ва «Ливерпуль»га таклиф этилди. Хожсон билан муаммолар сентябрь ойидан бошланди. Улар Лига Кубогида тўртинчи дивизион жамоасидан мағлуб бўлишди. Премьер-лиганинг 20 та ўйинидаги 9 та мағлубиятдан сўнг, январ ойи бошида мураббий ишдан бўшатилди. Рой «Ливерпуль»да камида олти ой ишлаган мураббийлар ичида очколар бўйича антирекорд ўрнатди.

Фото: Getty Images

5) Бешинчи ўрин – Кике Сетьен. Дастлаб у Испаниянинг кичик клублари билан ишлаган, Экватор Гвинеяси миллий жамоаси ҳам унинг бошчилигида битта ўйин ўтказган. Унинг топ-лигадаги биринчи жамоаси иккинчи дивизиондан эндигина кўтарилган «Лас-Пальмас» эди. Сетьен Примерадаги дебют мавсумида камтарона клуб билан 12-ўринни эгаллади ва бир йилдан сўнг «Бетис»га кетди. «Лас-Пальмас» эса бошқа мутахассис раҳбарлигида Сегундага тушиб кетди.

Кике «Бетис» билан олтинчи ўринни эгаллади. Мухлислар ва футбол мутахассислари мураббий ишидан ҳайратда қолишди, чунки у Ла Лигада қиймати бўйича ўнинчи ўринда турган клуб билан юқори натижа кўрсата олди. Шундан сўнг, «Барселона» Сетьенни бош мураббийликка таклиф қилди. 

Бироқ, мутахассис қўл остида каталонияликлар ўйини фақат ёмонлашди, айниқса сафар ўйинларида заиф кўринишди. Мураббий тактика устида кўп ишлади, аммо клуб етакчилари ҳурматини қозонмади. «Бавария»дан учралган 2:8 ҳисобидаги шармандали мағлубиятдан сўнг ҳаммаси тугади. Бу зарба оқибатларидан мураббий ҳамон ўзига келолмаяпти. Ҳозир у болаларни шуғуллантирмоқда.

Фото: Getty Images

4) Тўртинчи ўрин – Жан Пьеро Гасперини. Ўз фалсафасига эга мураббий, аммо катта футболда бирорта соврини йўқ. У мураббийлик фаолиятини қадрдон «Ювентус» клуби ёшлар жамоасида бошлаган. Кейин аста-секинлик билан кўтарилган: «Кротоне»ни Б Серияга олиб чиққан, «Женоа»ни А Серияга қайтарган. Юқори дивизиондаги илк мавсумда у ўнинчи ўринни эгаллади, бир йилдан сўнг эса бешинчи ўринни. Камтарона клуб билан ажойиб натижа.

Кейин Гасперини мўъжизаларга қодир мураббий деб ҳисобланди. «Интер» эртакка ишонди ва 2011 йилда уни ёллади. Лекин иш чаппасига кетди.

Аввалига раҳбарият Жан Пьеронинг трансфер истакларини эътиборсиз қолдирди. Тажрибали фахрийларга тўлиб кетган жамоа янги мураббийнинг ғояларига мослашишни истамади. Дастлабки 5 та ўйиндаги 4 та мағлубиятдан сўнг Гасперини истеъфога чиқарилди. Кейинчалик ўртамиёна «Аталанта» билан клуб тарихидаги энг яхши натижаларга эришди, янги даражага олиб чиқди. Аммо Гасп бу яқин орада топ-клубларга тайинланмаса керак.

Фото: Getty Images

3) Учинчи ўрин – Дэвид Мойес. «Эвертон»ни 11 йил бошқарган, АПЛ тарихида ойнинг энг яхши мураббийи унвони бўйича Фергюсон, Венгер ва Гвардиоладан кейин тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. У аутсайдер клубни еврокубокларга даъвогарга айлантирди ва 2004/05 мавсумида Премьер-Лигада тўртинчи ўринни эгаллади. Кейин 7 йил давомида клуб саккизинчи ўриндан пастга тушмади. Мойес жамоаси оддий ва самарали футбол намойиш этди, аммо унинг ўзи ҳурматга сазовор бўлди.

Кейинчалик, шотландиялик мутахассис «Манчестер Юнайтед»га тайинланди. Бу қарорни Алекс Фергюсоннинг ўзи қўллаб-қувватлади ва уни ўзига ўринбосар сифатида кўрди. Биринчи огоҳлантириш қўнғироғи декабрь ойида янгради. «Манчестер Юнайтед» 21 йил ичида илк бор ўз майдонида «Эвертон»га ютқазди, 41 йил ичида илк бор «Нюкасл»га мағлуб бўлди. Янги мураббий ўртамиёналар билан очко йўқотди ва топ-клубларга ютқазди. Дэвид ишдан бўшатилган пайтда жамоа еттинчи ўринда эди. Унга асосий эътироз – руҳий жиҳатдан ўртамиёна клуб мураббийи бўлиб қолганида эди. Ҳозир Мойес «Вест Ҳэм»да яхши ишлаяпти, моҳиятан «Эвертон» даражасидаги клубда.

Фото: Getty Images

2) Иккинчи ўрин – Унаи Эмери. Миллий даражада у «Алмерия»да ўзини танитди – клубни Ла Лигага олиб чиқди ва дебют мавсумида тўққизинчи ўринни эгаллади. Шундан сўнг Эмери «Валенсия»га чақирилди. Клубнинг молиявий муаммоларига қарамай, унинг қўл остидаги жамоа биринчи мавсумда олтинчи, кейинги уч мавсумда учинчи ўринни эгаллади. Ҳатто Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичига ҳам чиқди. Кейин Россиянинг «Спартак» клубида омадсиз тажриба бўлди. Лекин Унаининг ўз ватанидаги обрўси бундан умуман тушмади – уни «Севилья»га чақиришди.

«Нервионликлар» билан мураббий Европа Лигаси қиролига айланди. Кубок сеҳри «ПСЖ» шайхларининг эътиборини тортди – уларга плей-офф ўйинларидан омон чиқадиган ва Чемпионлар Лигасида ғалаба қозона оладиган мураббий керак эди. Тақдир тақозосига кўра, «Барселона»дан учралган «машҳур» мағлубият айнан Эмери даврида содир бўлди. Ажабланарлиси шундаки, мутахассиснинг Париждаги саргузаштлари икки мавсум давом этди. Сўнгра «Арсенал»нинг таклифи ҳатто унинг ўзини ҳам ҳайратда қолдирди, чунки топ-клублардан бири унга имконият беришини кутмаганди. Тўғри, Унаи Лондонда Париждаги хатоларини такрорлади ва кўпайтирди. Аммо ҳозир у «Вильярреал» яна зўр ишламоқда.

Фото: Getty Images

1) Биринчи ўрин – Клаудио Раньери. Италияликнинг муҳим ютуқлари ва совринлари фақат ўртамиёналар билан қўлга киритилган. 1991 йилда Раньери «Наполи»га еврокубокларга чиқишга ёрдам берди. Марадона кетганидан кейин клубнинг натижалари пасайган ва молиявий инқирозга учраган эди. Кейин Клаудио «Фиорентина»ни А Серияга олиб чиқди ва Италия Суперкубогини қўлга киритди (бунга қадар «бинафшалар» 1975 йилдан бери совринларга эга эмасди). «Валенсия»да ишлаган мураббий Чемпионлар Лигаси йўлланмаси ва Испания Кубоги соҳиби бўлди.

Абрамович «Челси»ни сотиб олган пайтида Раньери клубда бош мураббий эди. Ана шунда унинг доминант футболни қўя олмаслиги билиниб қолди. «Кўклар» дарҳол бир қанча юлдузларни сотиб олишди, аммо италиялик бирорта ҳам унвонни қўлга киритмади ва ишдан бўшатилди.

«Валенсия»га қайтиб, Европа Суперкубоги соҳиби бўлди. Кейин «Парма»нинг А Серияда қолишига ёрдам берди. Сўнгра, «Ювентус»да омади юришмади, «Интер»да ҳам муваффақиятсизликка учради. Аммо ўзининг асосий ютуғига айнан ўртамиёна «Лестер» билан эришиб, Англия чемпиони бўлди.

Top