Жаҳон | 08:07 / 04.08.2022
8900
2 дақиқада ўқилади

ОПЕК+ нефть қазиб олишни бироз оширишга келишиб олди

ОПEК+ давлатлари сентябрь ойида нефть қазиб олишни кунига 100 минг баррелга оширишга келишиб олди.

Фото: Reuters

ОПEК+ нефть қазиб олувчи давлатлар сентябрдан бошлаб нефть қазиб олишни кунига 100 минг баррелга оширишга келишиб олди, деб хабар бермоқда Reuters 3 август, чоршанба куни манбага таяниб. 

Bloomberg суҳбатдошларига кўра, ОПEК+ мамлакатлари ўсишни пропорционал равишда ўзаро тақсимлайди. Reuters агентлиги ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсишини «глобал талаб 86 сонияси»ни таъминлайдиган «кичик» ўсиш ва ўтган ой Саудия Арабистонига сафари чоғида ОПEК раҳбарини ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ишонтиришга уринган АҚШ президенти Жо Байденни «ҳақоратлаш» деб атади. Шу билан бирга, келишув «юқори нефть нархининг инфляция босимидан азият чекаётган истеъмолчиларга бироз муҳлат бериши мумкин», деб ёзади Bloomberg. 

«Биз ҳар доим афзал кўрилган нарх коридори бир баррель учун 60-80 доллар эканлигини айтиб келганмиз. Бугунги кунда нарх 100 долларни ташкил қилмоқда. Шу сабабли, ҳаддан ташқари «қизиб» кетмаслик учун ишлаб чиқаришни кўпайтиришга тўғри келиши мумкин», деди Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков ОПEК+ қарори олдидан журналистларга. 

Июнь ойида мамлакатлар коронавирус пандемияси даврида нефтга бўлган талабнинг пасайиши таъсирини қоплаш учун июль ва август ойларида нефть қазиб олиш квотаси миқдорини кунига 648 минг баррелга оширишга келишиб олди. ОПEКнинг энг йирик нефть қазиб олувчиси Саудия Арабистони дастлаб бу қадамни қўйишни истамади, аммо якунда Ар-Риёд бозордаги танқисликнинг олдини олишга рози бўлди, чунки бир қатор давлатлар Украинадаги уруш туфайли Россиядан нефть сотиб олишдан бош тортди, деб ёзади Financial Times. 

ОПEК+ гуруҳига Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПEК)нинг 13 та аъзоси, шунингдек, 10 та ҳамкор давлат, жумладан, Россия киради. 

Мавзуга оид