Жаҳон | 11:45 / 15.08.2022
19760
2 дақиқада ўқилади

Исроил Россиянинг Суриядаги ҳарбий базаси яқинига ракета зарбалари берди

Исроил Эроннинг Суриядаги ҳарбий объектларига бир неча бор ракета ҳужуми уюштирди. Хусусан, РФнинг Тартусдаги ҳарбий базаси яқинига зарбалар берилди, деб ёзади Reuters манбаларга таяниб.

Исроил қўшинлари 14 август, якшанба куни Эроннинг Суриядаги ҳарбий объектларига қатор ракета ҳужумларини уюштирди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги Сурия разведкаси ва армиясидаги манбаларга таяниб. Россия ҲДКнинг Суриядаги асосий базаси ҳисобланган Тартус порти яқинидаги Эрон ҳарбий базаси, радар станцияси ва ҲҲМ постига бир неча марта зарба берилди. 

Исроилнинг бошқа зарбалари эронпараст «Ҳизбуллоҳ» радикал гуруҳи вакиллари жойлашган Дамашқ шимоли-шарқий чеккасига ҳам берилган. Сурия армияси Исроил зарбалари оқибатида уч киши ҳалок бўлгани ва уч нафар аскар яраланганини маълум қилди.

Сўнгги бир неча йил ичида Исроил Суриядаги Эрон билан боғлиқ деб ҳисобланган нишонларга юзлаб зарбалар берди. Агентлик қайд этишича, ҳозирча исроилликлар Россиянинг Суриядаги асосий ҳарбий базалари яқинига зарба беришдан тийилиб турганди. 

11 август куни Bloomberg агентлиги Россия санкцияларни четлаб ўтиб, Украинадаги уруш учун Суриядан қурол-яроғ ва техникаларни олиб чиққани ҳақида хабар берди. Бунинг учун РФ Мудофаа вазирлиги назорати остидаги «Оборонлогистика» компаниясига тегишли ва АҚШ санкциялари остида бўлган Sparta II савдо кемасидан фойдаланилган. Кема Суриянинг Тартус портидан чиқиб, Новороссийскка етиб келган, Туркия эса гарчи ҳарбий кемаларнинг Босфор ва Дарданел бўғозларидан ўтиши тақиқланган бўлса-да, унинг юкини текширмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид