Жаҳон | 16:59 / 18.08.2022
21117
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған уруш бошланганидан буён илк марта Украинага борди

Туркия президенти Ражаб Эрдўған февралда уруш бошланганидан буён илк марта Украинага борди. Туркия етакчиси Лвив шаҳрида украиналик ҳамкасби Володимир Зеленский ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказади.

Фото: AP

Эрдўғанга сафар давомида мамлакат ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу ва мудофаа вазири Хулуси Акар ҳамроҳлик қилмоқда.

Эрдўғаннинг кортежи Лвив кўчаларида кўриниш берган. Айнан шу ерда Эрдўған, Зеленский ва Гутерриш ўртасида учрашув ўтказилади. Учрашувда БМТ бош котиби Украинада вақтинча ўт очиш режимини тўхтатиш ташаббусини билдириши, Анқара эса асирларни алмашишда воситачилик таклиф қилиши кутилмоқда.

Турк нашрлари Эрдўған Лвивдаги учрашувда Украина президенти Володимир Зеленскийга Россия президенти Владимир Путин билан учрашув ташкил этишни таклиф қилиши ҳақида ёзмоқда. CNN Turk нашри маълумотига кўра, август ойи бошидаги ўзаро учрашувда Путин туркиялик ҳамкасбига Зеленский билан учрашишга тайёрлигига ишора қилган. Уруш бошидан буён Зеленский бир неча марта Путинга яккама-якка гаплашиб олишни таклиф қилган, Россия томони эса бундай учрашув учун асос йўқлигини айтиб келади.

Эрдўған, Зеленский ва Гутерриш Запорижжя АЭС атрофидаги кескинлик, украин дони ортилган кемаларнинг Қора денгизда ҳаракатланишини ҳам муҳокама қилиши кутилмоқда.

Аввалроқ Туркиянинг «Baykar» компанияси «Bayraktar» ҳарбий дронларини Украинада ҳам ишлаб чиқариши, завод 2023 йилда фаолият бошлаши мумкинлиги айтилганди. Эрдўғанга Украинага ташрифи давомида Туркия мудофаа вазири ҳамроҳлик қилаётгани ОАВда «Bayraktar» бўйича музокаралар ҳам ўтказилиши ҳақида ёзишга асос бўлган.

Мавзуга оид