Ўзбекистон | 10:15 / 23.08.2022
8137
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва АҚШ ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Миллий гвардия қўмондонининг АҚШ Конгресси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: Миллий гвардия

23 август куни Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Рустам Жўраевнинг конгрессмен Трент Келли ва Дарин Лахуд бошчилигидаги АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон Миллий гвардиясининг АҚШ томони билан ҳарбий ҳамкорлиги, АҚШ Миссисипи штати Миллий гвардияси билан икки томонлама алоқаларни ривожлантириш муҳокама қилинди.

Шу йил март ойида АҚШнинг Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони генерал-майор Ж.Бойлзнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони генерал-майор Р.Жўраев билан учрашуви бўлиб ўтган эди.

Ўзаро манфаатли ҳамкорлик доирасида шу кунга қадар бир қатор ўқувлар ва амалий тренинглар муваффақиятли ўтказилгани, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари АҚШ мутахассислари иштирокидаги ўқув курслари ва семинарларда малака оширгани таъкидлаб ўтилди.

Учрашув давомида жамоат тартибини сақлаш, табиий ва техноген тусдаги фавқулодда ҳолатлар олдини олиш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид