Спорт | 12:38 / 25.08.2022
14980
8 дақиқада ўқилади

Уч ўйинда уч ғалаба, лигада пешқадамлик: «Арсенал» энди инқироздан чиқдими?

Агар вақтни 12 ой орқага қайтарсак, «Арсенал»нинг Премьер-Лига тарихидаги энг ёмон стартига гувоҳ бўламиз. Ҳозир эса клуб 2004 йилдан буён илк марта мавсум бошида қаторасига 3 та ўйинда ғалаба қозониб, пешқадамлик қилмоқда.

Фото: Goal.com

Шанба куни «канонирлар» «Борнмут»ни 3:0 ҳисобида енгиб, 6 йил ичида биринчи марта турнир жадвалининг энг юқори поғонасига кўтарилди ва бу мавсумда ҳали очко йўқотмаган ягона клубга айланди.

«Учта ўйин, учта ғалаба, тўққизта гол урилган, иккита гол ўтказиб юборилган – ажойиб бурилиш», деб ёзди GOAL.

Ўтган мавсум старти билан таққосланса, клубдагиларнинг ҳозирги кайфияти нега жуда яхши эканини тушуниш мумкин: бир йил олдин «Арсенал» учта ўйинда битта ҳам гол ура олмай мағлуб бўлган ва жадвал тубида ётганди.

Бир йил олдин бош мураббий Микел Артетанинг «Арсенал»даги фаолияти сўроқ остида турганди. Лекин шанба куни у «Vitality» стадионини қаддини тик тутган ҳолда тарк этди, мухлислар эса унинг номини баралла овозда куйлаб, олқишлар билан кузатишди.

«Бизнинг руҳий ҳолатимиз жуда бошқача», деб тан олди Артета клубдаги ҳозирги ва 12 ой олдинги кайфиятни таққослаш сўралганида.

«Буни сезиш қийинмас. Чунки футбол ўйинларидаги мағлубият қандай ўйин намойиш этилишидан қатъи назар, руҳиятга жуда салбий таъсир кўрсатади. Шубҳасиз, ҳозир ҳамма бахтиёр, ҳамма бундан завқланмоқда ва биз бу лаҳзани сақлаб қолишимиз, камтар бўлишимиз ва ривожланишда давом этишимиз керак», деди у.

Артета шанба кунги ўйиндан кейин АПЛ стартидаги биринчи ўрин ҳеч нарсани англатмаслигини таъкидлади.

«Бу атиги 3 та ўйиндан кейинги вазият. Бу ҳеч нарсани англатмайди, деди у. - Биз учта ўйинда ғалаба қозондик, голлар урмоқдамиз, ўз дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қоляпмиз ва жамоа яхши ўйнаяпти. Бу фақат мана шуни англатади».

Албатта, Артета мавсум бошида энг юқори поғонага чиқиш ҳали ҳеч нарсани англатмаслиги ҳақида тўғри гапирмоқда. Аммо жорий мавсумдаги старт клубдаги вазият 12 ой аввалгидан қанчалик фарқ қилишини кўрсатяпти.

2021 йил 28 август куни «Манчестер Сити»га 0:5 ҳисобида ютқазган жамоани олайлик, бу мағлубият Артета йигитларини турнир жадвали тубига тушириб юборганди. Бу таркибдан фақат уч нафар футболчи – Букайо Сака, Гранит Жака ва Мартин Эдегор шанба куни «Борнмут»га қарши ўйинда майдонга тушди. Ўзгариш сезиларли.

«Арсенал» бир йил олдин пароканда эди. Ўтган мавсумда дастлабки учта ўйинда улар дарвоза томон атиги 7 марта зарба беришган бўлса, жорий мавсумда зарбалар сони 15 та бўлди. Ўтган мавсумда ўз дарвозалари томон 55 та зарбани ўтказиб юборишганди (18 таси дарвоза ҳудудига тўғри келади). Бу мавсумда эса 22 та зарба (5 таси дарвоза ҳудудига).

Майдоннинг ҳар икки томонидаги ўзгаришлар динамикаси анча яхши бўлди.

Габриэл Жезус ҳужумни таниб бўлмас даражада ўзгартирди, 2021/22 мавсумида олдинги чизиқ анча суст эди. Олександр Зинченко ҳам ҳимоя чизиғига сифат келтирди. «Манчестер Сити»дан келган бу футболчилар жамоа ўйинига ижобий таъсир кўрсатишди.

«Марсел»дан ижарадан қайтган Уильям Салиба ҳозир ажойиб формада. Учта ўйиннинг иккитасида дарвоза дахлсизлиги сақланиб қолишида унинг ҳиссаси катта.

«У ақл бовар қилмас даражада яхши», деди Зинченко «Борнмут»га қарши ўйиндан кейин Салиба ўйинини муҳокама қилиб. «Бу йигит ёш бўлса-да, жуда тажрибали кўринмоқда. Кўз тегмасин, бизда ажойиб марказий ҳимоячи бор».

Жезус, Зинченко ва Салиба мавсум стартида «Арсенал»нинг асосий таркибини анча кучайтиришди. Ёзда 30 миллионга олинган яримҳимоячи Фабио Виейра ҳам янада кўпроқ ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Трансфер ойнаси ёпилгунга қадар «Арсенал» камида яна бир футболчини олиши мумкин. Ҳозирда клуб таркиби жуда кучли ва барқарор кўриняпти, энди Артета зарурат туғилганида бир неча вариантлардан фойдаланиши мумкин.

«Арсенал»да майдон ташқарисидаги вазият ҳам ўзгарди. Клуб аввалги йилларга қараганда анча жипслашгандек кўринмоқда.

Артета бош мураббий қилиб тайинланганида техник директор Эду мухлислардан уч йил сабр қилишни, «жараёнга ишонч билдиришни» кўп марта сўраган эди. Энди сабрнинг таги сариқ олтин бўлиб чиқдими?

Таркиб бутунлай ўзгарди, ундан ўтган даврларнинг юлдузлари ва катта номлар олиб ташланди. Саҳна ортидаги зиддиятлар бартараф қилинди, Артета барчани, асосий ўйинчилар, мураббийлар ва қароргоҳ ходимларини бирлаштиришга кўп ҳаракат қилди.

Клубдаги манбалар яқинда ўтказилган мавсумолди тайёргарлик жараёнини жуда муваффақиятли деб ҳисобламоқда. Артета клубга келганидан бери биринчи марта тўлақонли тайёргарлик жараёнини ўтказди ва футболчилар билан чекловсиз ишлашга муваффақ бўлди.

Ёз бошида «Арсенал» тезда трансфер бозоридаги устувор мақсадларга ўтди. Жезус ва Виейра билан АҚШ сафаридан олдин шартнома имзолашди, Зинченко эса тур давом этаётганда пайтда жамоага қўшилди.

Артета бу сафардан жамоа ичидаги алоқаларни яхшилаш учун фойдаланди. У футболчиларни тушлик пайтида ҳар хил столда, ҳар сафар бошқа шериги билан ўтиришга ундади. Бир куни кечқурун Артета футболчилар ва клубнинг барча ходимларини кабоб пишириш учун йиғди. Барча бир жойга тўпланиб, бутун оқшом турли ўйинларни ўтказишди.

Артета 2019 йилда «Арсенал»га келганидан бошлаб, оғир даврлардаги ихтилоф туфайли парчаланиб ётган клубни бирлаштиришга уринмоқда.

Бу жараён тез кечмади, аммо «Арсенал» ҳозирда анча жипслашиб қолганига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Мухлислар ҳам футболчиларни ҳар қачонгидан яхшироқ қўллаб-қувватламоқда. Ҳатто «Лестер»га қарши ўйинда ўз дарвозасига гол уриб қўйган Салиба «Эмирейтс» томонидан қандай қўллаб-қувватлагани бунга ёрқин мисол бўла олади. Борнмутда ўтказилган ўйинда эса фанатлар Гранит Жака исмини баралла куйлашди, яқин ўтмишда буни тасаввур қилиб бўлмас эди.

Жамоадаги муҳит анча яхшиланди. Унаи Эмери кетганидан сўнг клубга келган Артета айнан шу мақсадни кўзлаганди.

Бироқ, мавсум ажойиб бошлаганига қарамай, Микел ҳали олдинда жуда узоқ йўл борлигини билади.

«Биз янада яхши ўйнашимиз мумкин», деди у «Борнмут»даги ғалабадан кейин. - Энди яна машғулот ўтказамиз, ривожланамиз. Асосий эътибор «Фулҳэм»га қаратилади (кейинги шанбада)».

Артета қўл остида «Арсенал»нинг яхшилангани яққол кўриниб турибди ва 12 ой олдинги қора кунлар энди ўтиб кетгандек туюлмоқда. Бироқ, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Жараён давом этмоқда, аммо ҳали охирига етмади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид