18:43 / 26.08.2022
45756

Ваколатлар чегарасини бузиш. Боболовнинг аудиоси нимаси билан хавфли?

Шу пайтгача амалдорларнинг йиғилишларда бошқаларни ҳақорат қилгани, сўкингани акс этган аудио ва видеолар интернетда кўп марта тарқалган. Лекин Тўра Боболов билан рўй берган ҳолат аввалгиларидан фарқли, чунки у прокуратура фаолиятига аралашиб, жазо муқаррарлиги таъминланишига қарши чиққанки, бу – ваколатлар чегарасидан чиқишни англатади ҳамда вилоятда қонун устуворлиги таъминланишига оид хавотирларни кучайтиради.

Ўзи нима гап?

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов селектор йиғилишларидан бирида Ангор тумани прокурори Сирожиддин Рамазоновни ҳақоратлаган. Суҳбат жараёнидан англаш мумкинки, ҳоким прокурорга тумандаги тадбиркорни чақириб безовта қилаётганини айтган. Бунга жавобан Рамазонов: “Давлатнинг пулини егани учун чақирганман”, деб эътироз билдирган.

Бошқаларнинг ўзига қарши чиқишига одатланмаган ҳоким туман прокурорининг эътирозидан сўнг тутоқиб кетиб, оғзидан боди кириб шоди чиққан. Боболовнинг қандай ҳақоратларни ишлатганига батафсил тўхталиб ўтирмаймиз, чунки тафсилотлар бунгача ёритилган.

Бош прокуратура аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётганини маълум қилди.

Ҳоким жазо муқаррарлиги таъминланишига қаршими?

Аслида ҳокимларнинг қўл остидаги ходимлар ва бошқа тармоқ раҳбарларини ҳақорат қилиши янгилик эмас. Шу пайтгача давлат ташкилотлари раҳбарлари, хусусан, ҳокимларнинг йиғилишларда бошқаларни ҳақорат қилгани, сўкингани акс этган аудио ва видеолар интернетда кўп тарқалган.

Бироқ Тўра Боболов билан рўй берган ҳолат аввалгиларидан фарқли. Боиси у прокуратура органи фаолиятига аралашиб, жазо муқаррарлигини таъминланишига қарши чиққанки, бу ваколатлар чегарасидан чиқишни англатади ҳамда вилоятда қонун устуворлиги таъминланишига раҳна солувчи хавотирларни кучайтиради.

Бу сафарги аудио нимаси билан хавфли? Гап шундаки, Тўра Боболов жон куйдириб ҳимоя қилган шахс суд томонидан коррупциявий жиноят содир этишда айбли деб топилган бўлиб, у Ангор тумани Бандлик марказининг директори бўлиб ишлаган вақтда 30 дан ортиқ камбағалнинг номига сохта ҳужжатлар билан субсидия ажратган, бироқ бу пулларни эгаларига бермасдан жиноий шериклари билан “еб юборган”. Манбаларга кўра, Боболов туман прокурори билан тортишувида ана шу шахслар ҳақида гапирган.

Интернетда тарқатилган аудиода прокурорни йўриғига юргизолмагач Боболов юқори турувчи аллақандай раҳбарга телефон қилиб, қулоқсиз қонун ҳимоячисининг бурнини ерга ишқалиб қўйишга уринганини кўриш мумкин. У суҳбатдошига Ангор прокурорининг тили бир қарич экани, ҳолат бўйича бош прокурор билан гаплашишини билдирган.

Kun.uz коррупцион жиноятда айбланган шахс айни пайтда туман ҳокимлигининг Маҳаллабай ишлаш маркази директори бўлиб ишлаётгани, бу эса суд ҳукмига зид эканини аниқлади.

Манбаларимизга кўра, Боболов Сурхондарёда ҳокими мутлаққа айланганига, қонун ҳам, адолат ҳам ўзи эканини уқтиришга одатланганига анча бўлган. Мажлисларни ширакайф ҳолатда ўтказадиган ҳокимни Президент администрацияси собиқ раҳбари Зайниддин Низомиддиновнинг кадри дейишади. Унинг ваколатлари чегарасидан чиқиб, қонун устуворлигини таъминлашга масъул соҳа вакилига “кекирдак чўзаётгани”нинг боиси ҳам шу.

Айнан шу сабабли ҳам ўтган йили декабрда рўй берган воқеа аудиоси энди тарқатилмоқда. Яъни Низомиддинов амалдан олинган, унинг таъсир доираси бирмунча камайган бир пайтда. Афтидан пичоқ бориб суякка тақалган кўринади. Зеро, бу аудио ортидан Боболов ишдан кетса-ку, хўп-хўп, ишдан кетмаса, уни фош қилганлардан қандай қилиб бўлмасин ўч олишга уриниши турган гап.

Тийиб туриш механизми бузилган

Аслида ҳоким прокуратура ва судлар фаолиятига аралашиши мумкин эмас. Ҳокимлар ижро ҳокимияти вакили, прокурорлар унга тобе ҳисобланмайди. Қонунга кўра, прокуратура ягона марказлаштирилган тизим бўлиб, бош прокурор ва унга бўйсунувчи прокурорлар республика ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширишади. Яъни исталган фуқаронинг, жумладан, ҳокимларнинг ҳам қонунларга қанчалик амал қилаётгани ёки қилмаётганини прокурор назорат қилиши керак.

Прокурорларнинг ҳокимларга тобе эмаслигининг яна битта сабаби бор. У ҳокимият бўғинларининг бир-бирини тийиб туриши билан боғлиқ. Ҳоким ўзига қонун билан юклатилган вазифаларни бажаришда туман прокурори, ички ишлар бошлиғи, солиқ инспекцияси раҳбари билан бамаслаҳат ишлаши мумкин, бироқ улар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетиши, бирининг қолганларига таъсир ўтказиши мумкин эмас.

Чунки ҳоким хизмат вазифаларини бажариш чоғида қандайдир жиноятга аралашиб қолса, жиноятчига валинеъматлик қилса, солиқлардан бўйин товласа, қонуний ваколатларидан четга чиқса, қолган прокуратура, ички ишлар ва солиқ органлари бунинг олдини олиш чораларини кўришлари, аниқланган қонунбузарлик ҳақида ўзларининг юқори турувчи инстанцияларига хабар беришлари керак. Табиийки, буни ҳоким ҳам, бошқа раҳбарлар ҳам билади, мана шу ҳокимиятларнинг бир-бирини тийиб туриши дейилади.

Тасаввур қилинг, қонунга кўра бир-бирини тийиб туриши керак бўлган мансаб эгалари апоқ-чапоқ бўлиб кетса, ҳоким ўзини тийиб турувчи соҳа раҳбарларига таъсир ўтказа оладиган мавқега эга бўлса, бирининг ишдан кетиши бошқаларининг ҳам истеъфосига олиб келса, у ҳолда қонун устуворлиги, жазо муқаррарлиги таъминланадими? Асло йўқ.

Бугунги кунда ҳудудларни ҳоким, прокурор, ички ишлар бўлими, солиқ инпекцияси бошлиғи раҳбарлигида секторларга бўлиб бошқариш механизми қайсидир маънода ҳокимиятларнинг бир-бирини тийиб туриш тамойилига путур етказмоқда ҳамда ҳокимларга аслида мустақил фаолият юритиб, қонун устуворлигини таъминлашга масъул идоралар устидан назорат қилиш имконини бермоқда. Бунинг салбий оқибатини Боболов кейси мисолида ҳам кўриш мумкин.

Сурхондарё вилояти ҳокими Ангор тумани прокурори Сирожиддин Рамазоновни ҳақоратларкан, уни сектор раҳбари сифатида етарли даражада иш олиб бормаётганликда айблаган. Аслида у ўзининг “қанотлари остида”ги шахсни тинч қўйишни, терговга чақириб уни безовта қилаётгани учун прокурорни дўқлайди, бироқ уни таъсир доирасига олиш учун нозик жойи – туманда сектор раҳбари сифатидаги ишлари қониқарли эмаслиги ҳақида огоҳлантириб, гўёки тизгини ўзининг қўлида эканини эслатиб қўяди. Бу эса прокурорларнинг ҳокимга қарамлигига барҳам бериш кераклигини кўрсатмоқда.

Ҳокимнинг ваколати ошиши унга қонундан четга чиқиш ҳуқуқини бермайди

Афтидан, жазо муқаррарлигини таъминлаш, манфаатлар тўқнушувига йўл қўймаслик, қонун устуворлигига эришиш учун масъул ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар давлат раҳбарининг “ҳокимлар менинг ҳимоямда” деган сўзларини бошқача тушунишган.

Президент катта эҳтимол билан бу сўзларни тўғри ишлаётган, қонунларга амал қиладиган ҳокимларга нисбатан айтган ва шу йўл билан яқин ўтмишимизда бўлгани каби туҳмат билан ёки уюштирилган тадбирлар орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари жувонмарг бўлиб кетишининг олдини олишни мўлжаллаган.

Бироқ бу Мирзиёев ҳокимиятга илк келган пайтларда айтилган сўзлар эди. Бугунга келиб вазият ўзгарди. Боболовга ўхшаш бебош ҳокимлар пайдо бўлди. Бундай вазиятда уларнинг қонунга зид ҳаракатлари оқибатсиз қолдирилиши ҳокимиятга, бугунги сиёсатга ишончсизлик уйғотиши турган гап.

Интернетда тарқалган аудио ортидан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ўз раҳбарининг пиарига куч берди: Тўра Боболов турли жойларда сайёр қабуллар ўтказаётган, гўёки одамларнинг муаммоларини эшитиб, ҳал қилиш чораларини кўраётгани ёритилган хабарлар пайдар-пай чиқиб турибди. Буни инсоннинг табиий инстинкти, жон сақлаб қолишга уриниши ўлароқ тушуниш мумкин.

Бироқ сурхондарёликлар аллақачон вилоят ҳокими тез орада ишдан олиниши, унинг ўрнига камида икки нафар номзод кўриб чиқилаётгани ҳақида гапиришмоқда. Манбаларимизга кўра, Низомиддиновнинг истеъфосидан кейин Боболовнинг курсиси ҳам қимирлаб қолган.

Жамшид Ниёзов, журналист

Top