Шу пайтгача амалдорларнинг йиғилишларда бошқаларни ҳақорат қилгани, сўкингани акс этган аудио ва видеолар интернетда кўп марта тарқалган. Лекин Тўра Боболов билан рўй берган ҳолат аввалгиларидан фарқли, чунки у прокуратура фаолиятига аралашиб, жазо муқаррарлиги таъминланишига қарши чиққанки, бу – ваколатлар чегарасидан чиқишни англатади ҳамда вилоятда қонун устуворлиги таъминланишига оид хавотирларни кучайтиради.

Ўзи нима гап?
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов селектор йиғилишларидан бирида Ангор тумани прокурори Сирожиддин Рамазоновни ҳақоратлаган. Суҳбат жараёнидан англаш мумкинки, ҳоким прокурорга тумандаги тадбиркорни чақириб безовта қилаётганини айтган. Бунга жавобан Рамазонов: “Давлатнинг пулини егани учун чақирганман”, деб эътироз билдирган.
Бошқаларнинг ўзига қарши чиқишига одатланмаган ҳоким туман прокурорининг эътирозидан сўнг тутоқиб кетиб, оғзидан боди кириб шоди чиққан. Боболовнинг қандай ҳақоратларни ишлатганига батафсил тўхталиб ўтирмаймиз, чунки тафсилотлар бунгача ёритилган.
Бош прокуратура аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётганини маълум қилди.
Ҳоким жазо муқаррарлиги таъминланишига қаршими?
Аслида ҳокимларнинг қўл остидаги ходимлар ва бошқа тармоқ раҳбарларини ҳақорат қилиши янгилик эмас. Шу пайтгача давлат ташкилотлари раҳбарлари, хусусан, ҳокимларнинг йиғилишларда бошқаларни ҳақорат қилгани, сўкингани акс этган аудио ва видеолар интернетда кўп тарқалган.
Бироқ Тўра Боболов билан рўй берган ҳолат аввалгиларидан фарқли. Боиси у прокуратура органи фаолиятига аралашиб, жазо муқаррарлигини таъминланишига қарши чиққанки, бу ваколатлар чегарасидан чиқишни англатади ҳамда вилоятда қонун устуворлиги таъминланишига раҳна солувчи хавотирларни кучайтиради.
Бу сафарги аудио нимаси билан хавфли? Гап шундаки, Тўра Боболов жон куйдириб ҳимоя қилган шахс суд томонидан коррупциявий жиноят содир этишда айбли деб топилган бўлиб, у Ангор тумани Бандлик марказининг директори бўлиб ишлаган вақтда 30 дан ортиқ камбағалнинг номига сохта ҳужжатлар билан субсидия ажратган, бироқ бу пулларни эгаларига бермасдан жиноий шериклари билан “еб юборган”. Манбаларга кўра, Боболов туман прокурори билан тортишувида ана шу шахслар ҳақида гапирган.






