Жаҳон | 15:31 / 30.08.2022
11774
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Украина армиясини тайёрлаш бўйича миссия ташкил этади

Жозеп Боррелга кўра, Украинадаги фронтларда вазият жуда оғирлигича қолмоқда. Европа иттифоқи мамлакатлари мудофаа вазирларининг учрашуви арафасида у Украина аскарларини тайёрлаш бўйича миссия ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга ваъда берди.

Фото: Picture Alliance

Европа иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррел Европа иттифоқи Украина фронтларидаги мураккаб вазият фонида Киевга ёрдам беришда давом этишига ваъда берди. Хусусан, Украина армиясини тайёрлаш бўйича Европа иттифоқи миссиясини яратиш масаласи кўриб чиқилмоқда. «Украина бизнинг қўллаб-қувватлашимизга муҳтож ва биз бу ёрдамни кўрсатишда давом этамиз. Ҳарбий таъминотдан ташқари, ёрдамни кучайтириш учун Украина армиясини тайёрлаш бўйича Европа иттифоқи миссиясини ишга туширишни ҳам кўриб чиқамиз», - деди у 30 август, сешанба куни Европа иттифоқи мудофаа вазирларининг норасмий учрашуви арафасида Прагада ташкил этилган матбуот анжуманида. 

Боррелнинг сўзларига кўра, учрашувда Украина мудофаа вазири Олексий Резников иштирок этади. Европа дипломатияси раҳбари норасмий конференция мавзуси Европа иттифоқининг ўз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўлишини таъкидлади. «Биз аъзо давлатларга кўпроқ техника сотиб олишга қандай рухсат беришимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз, чунки бизнинг арсеналларимиз бўшаб қоляпти. Биз Украинани шунчалик кўп қурол-яроғ билан таъминлаяпмизки, ўз захираларимизни тўлдиришимиз керак», - деди у. 

Боррелнинг қайд этишича, Прагадаги учрашув норасмий бўлади, шунинг учун ҳам аниқ қарорлар қабул қилинмайди, аммо умумий сиёсий келишувни кутиш мумкин. «Тафсилотлар кейинроқ очиқланади. Бизда жуда мураккаб тартиблар бор - мақсадлар, кўлам ва ресурсларни аниқлашимиз керак. Аммо бугун биз бу миссия учун яшил чироқ ёқамиз деб ўйлайман», - деди Жозеп Боррел. 

Европа бош дипломати Украина аскарларини тайёрлаш бўйича Европа иттифоқи миссиясини ишга тушириш Россия билан зиддиятни кучайтиради, деб ўйламаяпти. «Биз Украинани катта ҳажмдаги қурол-яроғ билан таъминлаяпмиз. Албатта, Россия бундан норози бўлади. Киевга барча турдаги ҳарбий техника етказиб бераётганимиз унга ёқмайди. Биз ҳарбий техника етказиб беришда давом этамиз. Лекин қандай қилиб ҳарбийларни ўқимасдан асбоб-ускуналар билан таъминлаш мумкин? Бу икки нарса ўртасидаги фарқ нима?» - дея изоҳ берди у ўз фикрини тушунтириб. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид