17:13 / 02.09.2022
59385

Супер-контракт миқдорлари 10 фоизга камайтирилди

Барча давлат олий таълим муассасаларида табақалаштирилган (супер) тўлов-контракт миқдорлари 10 фоизга камайтирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун яна бир енгиллик ҳақида маълумот берди

«Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари томонидан талаба-ёшларнинг олий таълим олиши учун яратиб берилаётган қулай имконият сабаб янги ўқув йилида барча олий таълим муассасаларида тўлов-контракт миқдорлари оширилмади. 

Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссияси қарорига мувофиқ, 2022/2023 ўқув йили учун барча давлат олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишлари бўйича базавий тўлов-контракт қийматидан келиб чиқиб, фақат табақалаштирилган (супер) тўлов-контракт миқдорлари 10 фоизга камайтириб белгиланди», дейилади вазирлик хабарида.

Мазкур жадвал орқали йўналишлар кесимидаги табақалаштирилган (супер) тўлов-контракт миқдорлари билан танишиш мумкин.

Супер-контракт қандай ҳисобланади?

Супер-контракт ОТМ бакалавриат таълим йўналишларининг кундузги, сиртқи ва кечки шаклларида бор.

Абитуриентлар кундузги таълим шаклининг стипендиясиз тўлов-контракт суммасини (сиртқи ва кечкида стипендия йўқ) супер-контракт баробарига кўпайтириш орқали қанча тўлашларини ҳисоблаши мумкин. Баробарларни билиш учун эса супер-контрактнинг тоифасини аниқлаб олиш керак.

У 3 та тоифага бўлинган:

1-тоифага 4 баллгача етмай қолган абитуриентлар киради.

Бунда қуйидагича шкала қилинган: 

  •  1 баллгача етмаганлар базавий тўлов-контрактининг 1,5 баробарини;
  •  1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар 2,0 баробарини;
  •  2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар 2,5 баробарини;
  •  3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар эса 3,0 баробарини тўлайди.

Масалан, математика йўналишида 1,5 балл етмай қолди дейлик. Бундай вазиятда ўша абитуриент 2 баробар тўлайди. Жадвалга қарасак, математика йўналишида контракт нархи 6,412 610 сўм. Демак, математика йўналишига 1,5 балл етмай қолган абитуриент 12 млн 825 минг сўм супер-контракт тўлайди (2 х 6.412.610).

2-тоифадагилар кириш чизиғига 4 баллдан ортиқ етмай қолган ва ўзи минимал ўтиш балли (56,7 балл)дан кўп балл тўплаганлар ҳисобланади.

Бундай абитуриентлар супер-контракт учун йўналишига қараб жадвалда кўрсатилган оддий контрактнинг минимум 8, 10, 12, 15, 17 ёки 25 баробарини тўлайди.

Масалан, иқтисод йўналишига кириш балли 150 балл бўлди дейлик. Абитуриент 70 балл тўплади. Демак, унга 4 баллдан ортиқ етмай қолган, ўзи ҳам 56,7 баллдан кўпроқ тўплаган. Иқтисод йўналишига минимум супер-контракт 10 баробар этиб белгиланган. Стипендиясиз оддий контракт нархи эса 9,129 930 сўм.

Иқтисод йўналиши учун супер-контракт миқдори минимум 91 млн 299 минг сўм (10 х 9,129 930).

Айтганча, ўтиш баллига 4 баллдан кўпроқ етмай қолган ва 56,7 баллдан кўп тўплаганларнинг ҳаммасига бир хил нарх бўлади. Яъни 5 балл етмаган ҳам, 50 балл етмаган ҳам бир хил тўлайди. Ўшанчун менга 10 балл етмади, менга 30 балл етмади, қанча бўлади, деб сўрашдан фойда йўқ.

3-тоифага эса 56,7 баллдан кам тўплаганлар киради.

Бундай абитуриентлар «супер-мупер» контрактда ўқиши мумкин, фақат камида 2-тоифадагилар тўлайдиган сумманинг 2 баробарини тўлашади.

Масалан, абитуриент иқтисод йўналишига топшириб, 40 балл тўплаган, яъни 56,7 баллдан кам. Демак, у камида 182 млн 598 минг сўм тўлаши керак (2 х 91,299 300).

Яна бир жиҳат, айтайлик, абитуриент 54 балл олди. Кириш балли эса 57 балл бўлди. Шунда 3 балл етмаган бўлса, супер-контрактни камроқ тўлайдими? Йўқ, 56,7 балл, яъни минимал ўтиш баллидан кам тўплангани учун икки карра кўпроқ супер-контракт тўланади. Кириш баллига қанча етмагани аҳамиятсиз.

Эслатиб ўтамиз, имтиёз олган, лекин кира олмаган абитуриентлар учун умумий кириш баллига қараб супер-контракт нархи белгиланади, имтиёзлиларнинг ўтиш баллига қараб эмас.

Top