Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати бакалавриат таълим йўналишлари бўйича табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорлари (суперконтракт) тасдиқлангани (PDF) ҳақида хабар қилди.

«Суперконтрактнинг минимал миқдорлари 2021/2022 ўқув йили қабулида бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт доирасидаги қабул параметрлари чегарасига 4,05 баллдан ортиқ етмаган, 56,7 баллдан кам бўлмаган ҳолда, қўшимча равишда ўқиш истагини билдирган абитуриентларнинг биринчи ўқув йили учун амалда белгиланган базавий тўлов-контракт миқдорларига нисбатан олинган», дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, суперконтрактларнинг минимал миқдорларини ҳисоблашда 2021/2022 ўқув йили учун амалда белгиланган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича битта талабани тўлов-контракт шаклида стипендиясиз базавий тўлов-контракт бўйича ўқитиш қиймати қўлланилиши ва коронавирус инфекциясига қарши эмланган (вакцина олган) абитуриентларга белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига 10 фоизли чегирма берилиши белгиланган.

Супер-контрактда 0,05 балл учун енгиллик берилди

Жорий йилда истисно тариқасида супер-контракт миқдорини арзонлаштирилган ҳолда тўланадиган 4 баллик чегарада 0,05 балл қўшиладиган бўлди. Яъни:

  • 1,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун – базавий тўлов-контракт миқдорининг 1,5 баробари;
  • 1,06 баллдан 2,05 баллгача — 2,0 баробари;
  • 2,06 баллдан 3,05 баллгача — 2,5 баробари;
  • 3,06 баллдан 4,05 баллгача — 3,0 баробари.