Ўзбекистон | 19:03 / 08.09.2022
12368
4 дақиқада ўқилади

Битта синфда қанча ўқувчи ўқишига рухсат берилган? – Мутахассис жавоби 

Бир синфда энг кўпи билан 35 нафар бола ўқиши мумкин. Олдинги йилларда бу норма бузилган бўлиши мумкин, лекин эндиликда электрон рақамлаштириш тизими орқали тартибга солинган.

Фото: KUN.UZ

Халқ таълими вазирлиги мутахассислари кўпчилик муҳокамасида бўлган битта синфда неча нафар ўқувчи ўқишига рухсат берилгани ва бу таълим сифатига қандай таъсир қилиши ҳақида маълумот берди.

Вазир ўринбосари Темур Комиловга кўра, амалдаги қонунчиликда битта синфда ўқувчи максимал 35 нафардан ортмаслиги керак. Олдинги йилларда бу норма бузилган бўлиши мумкин, лекин эндиликда электрон рақамлаштириш тизими орқали тартибга солинган.

Вазир ўринбосарининг гапига Халқ таълими вазирлиги молия департаменти директори Илҳом Сирожев қўшимча қилди. Унга кўра, айрим ҳолларда синфларда ўқувчи сони 35 нафардан кам ҳам бўлиб, хоналар ҳам камроқ синф ўқувчисига мослаштирилган.

“Олис ҳудуд ва мослаштирилмаган биноларда шунақа ҳолатлар мавжуд. Бу йил бир синфга 35 нафардан ортиқ ўқувчи қабул қилинмаган, лекин олдинги йиллари бундан кўп ўқувчилар бўлган. Бу 1-синфдан 35талик меъёрга тушади”, – деди Сирожев.

ХТВ ўтказган тадбир давомида вазир ўринбосари Темур Комилов синфдаги ўқувчилар сони ўқиш сифатига таъсири қай даражада эканлигига ҳам тўхталди. У 45 минутни 25 ўқувчига бўлганда ҳам 2 минутдан тўғри келмаслигини айтди.

“Мана амалдаги ўқув дастурида ҳар бир болага индивидуал ажратишга 15 киши бўлса ҳам вақт етмайди. Шлейхер тадқиқотларида ҳам таълим сифати асосан синфдаги ўқувчилар сони билан тўғри корелляцияда эмаслиги таъкидланган”, – деди у.

ХТВ таълим сифатини ошириш жараёнларини мувофиқлаштириш департаменти директори Лазиз Хўжақулов замонавий таълимда ўқувчининг сони таълим сифатига таъсир қилувчи ягона омил эмаслигини тадқиқотлар мисолида тушунтирди.

“Синфдаги ўқувчилар сони бўйича халқаро меъёр деган нарса йўқ. Бу PISA тадқиқотлари бўйича ўрганилган. Бу тадқиқотлар дунёда таълим сифатини баҳолаш бўйича тан олинган. Тадқиқотларда шу нарса кўриндики, БАА каби бой мамлакатда 22-24 киши бир синфда ўқийди. Лекин шу билан бир қаторда натижа нуқтаи назаридан 42-43 киши ўтирадиган Вьетнам бор. Лекин Вьетнамнинг натижалари PISA бўйича БААдан юқори. Олдин педагогикада ўқитувчи марказ деган тушунча бор эди. Ҳозир ўқитувчи марказ эмас. Ўқитувчи ўқишга ёрдам берувчи инсон”, – деди Хўжақулов.

Унинг гапини Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори Аюбхон Раджиев синф ўқувчилари сони бўйича дунё давлатларидаги ҳолат билан солиштирди. Унга кўра, дунёнинг 27 мамлакатида битта синфда 40дан ошиқ бола ўтиради. Яна 27 давлатда бир синфда 30-39 нафар бола ўқийди. Улар қаторида Япония ҳам бор.

“Таълим сифатига таъсир кўрсатадиган факторлар фақат бола сони эмас. Балки катта қисми, мазмун билан унга етказиб берилаётган мутахассиснинг маҳорати, яъни методологияга кўпроқ боғлиқ бўлади. Дунёда 200га яқин давлат бўладиган бўлса, шундан 54тасида 40нафаргача бола ўтиради. Ва улардан Япония, Корея, Хитой мамлакатлари натижаларини таълим сифати нуқтаи назаридан оладиган бўлсак, халқаро тадқиқотларда ҳавас қиладиган даражада”, –деди Аюбхон Раджиев. 

Мавзуга оид