Фарғонада боғча боласи сувга чўкиши: бунда ким айбдор?
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 4 ёшли бола боғчани тарк этиб, сойда чўкиб вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Унинг яқинларига кўра, тумандаги 23-ДМТТ ходимларининг бефарқлиги сабаб бола бундан аввал ҳам боғчадан бир-икки бор қочиб чиққан. Муассаса ходимлари эса буни рад этишмоқда.
Kun.uz мухбири суриштирувида маълум бўлишича, Ўзбекистон тумани Қум маҳалласида яшаган Муҳаммадакбар Абдупаттоев оиланинг кенжа фарзанди бўлиб, машъум ҳодиса содир бўлган 21 июл куни уни боғчага 11 ёшли опаси олиб борган, аммо бола у билан уйга қайтган. У қўшни болалар билан ўйнаш учун уйдан кўчага чиқиб кетган ва ҳовли орқасидаги сойга чўкиб кетган.

Муҳаммадакбарнинг бувиси Ҳанифахон Абдувалиева боғча тарбиячиларининг масъулиятсизлиги сабаб неварасидан айрилганини айтади.

«Шу куни неварамни опаси боғчага олиб борганда, у ерда 5 нафар тарбиячи ўтирган экан. Укасини ташлаб чиққанидан кейин тарбиячилар неварамга эътибор бермаган. Опасига эргашиб кетаётган болани кўрган тарбиячи «укангиз боғчада қолсин», деганида «опаси ўзим билан олиб кетавераман, боғчага қайтиб кирмайман», деган.
Шу куни тишимни даволатгани шифохонага кетган эдим. Уйда бўлганимда ўзим болани боғчага қайтариб ташлаб келган бўлардим. Унинг боғчадан қайтиб келганини онаси ҳам билмай қолган. Ҳовлимиз орқасидан сой оқади. Ўйнаб бориб, тўлиб-тошиб оқаётган сойга сирпаниб оқиб кетибди», — дейди бувиси.

Бувисининг айтишича, невараси аввал ҳам боғча ҳудудидан ташқарида ўйнаб юрганида овсинининг келини кўриб қолиб, ичкарига ташлаб чиққан экан.
«Аввал ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлган. Невараларим билан Муҳаммадакбарни боғчага ташлагани борганимда, опаси уни тарбиячиларининг олдига олиб борди, лекин тарбиячилар болага эътибор беришмади. Неварам опасининг орқасидан эргашиб, ёнимизга қайтиб келди.
Мен унинг қўлидан тутиб тарбиячиларнинг олдига олиб бордим. Болага эътибор бермаётганларини айтиб, койиб бердим. Икки марта шундай ҳолат юз берди. Учинчи мартасида эса бахтсиз ҳодиса бўлди.
Боғчага олиб борган опаси буни кейинроқ менга айтиб берди. Ўша куни тарбиячилар телефон ўйнаб ўтираверган, неварамга эътиборсиз бўлишган. Тарбиячи дегани боғча эшигида болани қабул қилиб, қатъий назорат қилмайдими? Ота-онаси фарзанди доғида тамом бўлишди. Қўли ишга бормайди ҳеч бирининг. Ўғлим Муҳаммадакбар хатна тўйи қиламан, деб ҳозирлик кўраётганди», — дейди марҳумнинг бувиси.
Қум маҳалласи раиси Шавкат Эргашевга кўра, сойга сирпаниб чўкиб кетган бола орадан уч соат ўтиб Учкўприк тумани ҳудудидан топилган.

«Ўша куни соат 9:00 лар чамасида қўнғироқ бўлди, 4 ёшли бола сойга оқиб кетгани ҳақида хабар қилишди. Ишхона билан сой ораси 500 метр чиқади. Собиржонсой бўйига зудлик билан етиб келдим. Кўпчилик бўлиб сойда қутқарув ишларини олиб бордик.
Сойда сув кўп экан. Орадан 3 соат ўтиб сувни камайтиришга муваффақ бўлдик. Муҳаммадакбар Учкўприк туманининг Тошконли гузар деган жойида сув бўлинадиган дамбага илиниб қолган экан. Қидирув ишлари 3 соатга яқин давом этди. Болани топганимизда жони узилиб бўлган эди», — дейди маҳалла раиси.
Биз Муҳаммадакбар қатнаган 23-ДМТТда ҳам бўлдик.
Шу муассасада ишловчи тарбиячи Шарифахон Мўминова машъум ҳодиса содир бўлган куни Муҳаммадакбар Абдупаттоев боғчага киришни хоҳламай, опасининг ортидан эргашиб кетиб қолганини таъкидлади.

«21 июл куни эрталаб Муҳаммадакбарни опаси боғчага олиб келди. Мен бошқа тарбияланувчиларни назорат остида ушлаб тургандим. Қўлимда эса тарбияланувчилардан бири бор эди.
Муҳаммадакбарни олгани борсам, у опаси томонга тисарилди. Шундан кейин опасининг орқасидан юриб кетди. Опа-уканинг орқасидан бордим. Болани чақирдим. Шунда опаси бола боғчага киришни хоҳламаётганини айтди. Шундан кейин боғчага қайтиб кириб кетдим. Орадан ярим соат ўтгач, бўлган воқеа ҳақида эшитдим», — дейди боланинг тарбиячиси.
Фарғона вилояти Мактабгача таълим бошқармаси матбуот котиби Файзулло Султоновнинг маълум қилишича, бўлиб ўтган ҳодисадан кейин 23-ДМТТ раҳбари Моҳира Султонова лавозимидан озод этилган.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган 23-ДМТТда бўлиб ўтган воқеа боғча ҳудудида бўлмаган. Болакай ўзи яшайдиган хонадон орқасидан оқиб ўтувчи сойда тушиб кетган. Ҳақиқатан ҳам болани опаси боғчага олиб келган. Тарбиячи болани боғча дарвозаси қаршисида қабул қилиб олган. Бироқ бола боғчада қолишни хоҳламай, опасининг ортидан эргашган. Боланинг ортидан тарбиячи чиққан. Шунга қарамай, болакай хархаша қилиб опаси билан кетган. Орадан бир соат вақт ўтиб мана шундай ҳолат юз берган.
Суриштирувимизга кўра, ўша куни боғчадан кирмай кетиб қолган бола ўз уйига борган. Қариндошларининг боласи билан кўчада ўйнаб юриб сойга боришган ва у сойга сирпаниб тушиб кетган.
Бу ҳолатда албатта тарбиячиларнинг ҳам айб бор. Бола боғча ҳудудидан чиқиб кетганидан кейин ота-онасига қўнғироқ қилиб, ҳолатдан бохабар қилиб қўйишмаган. Қолаверса, болани олиб келган опаси ҳам вояга етмаган 5-синф ўқувчиси. Ҳолатдан кейин ДМТТ директори лавозимидан озод этилди», — дейди у.
Тўғри, тарбияланувчи таълим муассасасидан чиқиб кетган. Бахтсиз ҳодиса эса ташкилот ҳудуди ташқарисида бўлган. Энг аввало тарбиячи ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз ишига профессионал ёндашиб, болани овутиб, муассасада олиб қолиши керак эди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ҳамда 167-моддаси 2-қисми «г» банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Қолаверса, ДМТТнинг молиявий фаолияти ўрганилганда, тарбияланувчилар учун сарфланиши лозим бўлган 24,3 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари талон-торож қилингани ҳам аниқланган. Бу ҳолат юзасидан ҳам терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев
Тавсия этамиз
Ўқитувчиларни овоз йиғишга мажбурлаган мактаб директори ишдан олинди
Ўзбекистон | 11:20 / 14.03.2025
Путин АҚШ ва Украинанинг 30 кунлик оташкесим таклифига рози бўлди
Жаҳон | 23:00 / 13.03.2025
“Хитой билан орамиз бузилишини истовчи давлатлар бор” – тармоқдаги долзарб мавзу ҳақида суҳбат
Ўзбекистон | 15:17 / 13.03.2025
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30 / 13.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Зеленский тинчлик бўйича музокараларда иштирок этадиган Украина делегацияси таркибини тасдиқлади
Жаҳон | 03:50
-
Финландия АҚШга тухум етказиб беришдан бош тортди
Жаҳон | 00:25
-
Трамп Лотин Америкасига гиёҳванд моддаларга қарши курашда ёрдам кўрсатишни тўхтатди
Жаҳон | 00:00
-
Латвия Беларус билан чегарадаги ягона назорат-ўтказиш пунктини ёпди
Жаҳон | 23:05 / 16.03.2025
Мавзуга оид

21:51 / 13.03.2025
“Болаларни қўрқоқ қилиб қўймаслигимиз керак” — боғчадаги зўравонликлар ҳақида суҳбат

10:50 / 12.03.2025
Фарғонада нарколаборатория фош этилди

12:12 / 06.03.2025
Самарқанддаги боғчада ҳам тарбиячи болаларни калтаклади

16:07 / 24.02.2025