14:07 / 14.09.2022
10581

Шавкат Мирзиёев БМТ бош котиби ўринбосарини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь куни ШҲТ Самарқанд саммитида иштирок этиш учун мамлакатга келган БМТ бош котибининг сиёсий масалалар ва тинчликни барпо этиш бўйича ўринбосари Розмари ДиКарлони қабул қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик йўналишлари, долзарб халқаро масалалар, мамлакатда 2030 йилга қадар барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги ишлар юзасидан фикр алмашилди.

Розмари ДиКарло президент Шавкат Мирзиёевга БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг саломини етказиб, у 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг БМТ тузилмаларидаги иштироки фаоллашгани қайд этилди. Мамлакат ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеяси минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқликни илгари суришга қаратилган бешта резолюцияси қабул қилинди.

Ўзбекистон 2020-2021 йилларда ФАО Европа ва Марказий Осиё бўйича 32-минтақавий конференциясида раислик қилгани, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиб киргани, ЮНЕСКО кичик ёшли болалар тарбияси ва таълими бўйича жаҳон конференцияси ва Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) бош ассамблеясини ўтказишни режалаштираётгани алоҳида таъкидланди.

Томонлар Орол денгизи ҳалокати оқибатларини юмшатиш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва афғон халқига кўмаклашиш лойиҳаларини амалга ошириш, Марказий Осиёда барқарор тараққиётни илгари суриш ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.

Top