13:34 / 17.09.2022
43692

Навоийлик 24 ёшли уста ўзига машина ясаб олди

“УАЗ-469” моделидан илҳомланиб тайёрланган йўлтанламасни ясашга иш орасида 2 йил вақт ҳамда 40 млн сўм маблағ сарфланган. 

Конимех туманининг Учтепа овулида яшовчи Мағжан Шаймерденов акаси Нурлан Серикбаев билан биргаликда чўл ҳудудида юришга мослашган машина ясади. Бу учун у 2 йил вақт сарфлади.

24 ёшли Мағжан Шаймерденов ёшлигидан машиналарга қизиққан. Мактабда ўқиб юрган кезларданоқ овулида уста сифатида танилган. Ҳозирда акаси билан устахона очиб, техникаларни таъмирлаб келишмоқда. 2020 йилда ака-укада машина ясаб кўриш фикри туғилади. Бунинг учун улар намуна сифатида “УАЗ-469” моделини танлашган.

Бу машинамизни 2020 йилда бошлагандик, яқинда тугатдик. Чўл ҳудудида юришга мослаштирганмиз. “Капот” ва олди қисмлари, буфери тунукадан бўлган. Буларни ўзимиз қўл меҳнатида тайёрладик. Чироқлари “УАЗ-469”ники, фақат кучайтирганмиз. Чўл ҳудудида ёруғ бўлиши учун туманга қарши чироқлардан ҳам фойдаландик. Узатмалар қутиси “KIA”ники, мотор эса “УАЗ-469”ники. Ичларини, салон қисмларини ҳам ўзимиз тайёрладик. Фақат машинамизга ҳали ном қўйганимиз йўқ, “Уазваген” деб атасак бўлади, — дейди Мағжан Шаймерденов.

Учтепа овули Конимех туман марказидан 210 километр олисда, чўл бағрида жойлашган. Атрофдаги қумликлар Араб саҳроларига ўхшаб кетади. Бу ерда оддий машина билан юриш имконсиз. Мағжан ясаган йўлтанламас эса қумликда ботиб қолмайди.

Устанинг маълум қилишича, у машинани ясашда эҳтиёт қисмлар сотиб олиш учун 40 млн сўм сарфлаган. Ҳозирда “Уазваген”га овулдошларининг қизиқиши ортиб бормоқда. “Менга ҳам шунақасидан ясаб бер”, дегувчилар кўпайяпти. Шу сабабли Мағжан машинани янада такомиллаштириш ниятида.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов

Top