Ўзбекистон | 16:58 / 19.09.2022
21266
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон банклари учун иккиламчи санкцияларга тушиб қолиш хавфи ортмоқда

Ғарб давлатлари томонидан жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Россия компанияларига ёрдам бераётган учинчи давлатлар ташкилот ва шахсларига иккиламчи санкциялар таҳдид солмоқда. Ўзбекистон Россия учун санкциялардан қочиш йўлакларидан бири бўлиши мумкинми?

Фото: KUN.UZ

АҚШ Украинадаги уруш туфайли Ғарб томонидан жорий этилган чекловларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган Россиядан ташқаридаги жисмоний шахслар ва компанияларга нисбатан санкциялар қўллаш билан таҳдид қилиб келмоқда. Хусусан, АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа қатор давлатларни Россия ва Беларусга санкциялар билан чекланган товарлар етказиб берилиши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатига киритган. Хўш, ўзбек компаниялари учун иккиламчи санкциялар қанчалик хавф туғдирмоқда?

Иқтисодий санкциялар ва уларнинг моҳияти?

Иқтисодий санкциялар бу – хавфсизлик ёки ташқи сиёсат масалалари билан боғлиқ маълум мақсадларга эришиш учун савдо ва молиявий операцияларни чеклаш ёки тўлиқ тўхтатиш. Санкциялар ҳам алоҳида давлатлар, ҳам халқаро ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга, ташкилотларга ёки давлатларга нисбатан қўлланиши мумкин. Санкция жорий қилган ва санкция учраган мамлакатлар ўртасида иқтисодий боғлиқлик қанчалик юқори бўлса, чекловлар ҳам шунчалик самарадор ҳисобланади.

АҚШ иқтисодий санкциялардан энг кўп ва фаол фойдаланадиган мамлакат бўлиб, буни асосан долларнинг жаҳон иқтисодиётидаги ҳукмрон роли билан изоҳлаш мумкин. Халқаро ҳисоб-китобларда долларнинг юқори улуши санкциялар режимларининг бузилишини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади ва Қўшма Штатлар жорий қилган чекловларни четлаб ўтиш эҳтимолини минималлаштиради.

Бугунги кунда Коллектив Ғарб томонидан жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Россия компанияларига ёрдам бераётган учинчи мамлакат ташкилот ва шахсларига иккиламчи санкциялар таҳдид солмоқда.

Масалан, бир неча ой олдин АҚШ Давлат департаменти Россия корхоналарига қарши санкциялар режимини бузгани учун Ўзбекистоннинг “Promcomplektlogistic”компаниясига нисбатан чекловлар жорий қилганди. Бунга “Promcomplektlogistic”нинг 3 март куни санкцияга учраган ва Россия мудофаа саноати таъминотчиси бўлган “Радиоавтоматика” компанияси билан ҳамкорлик қилгани сабаб бўлган.

Банклар – энг заиф нуқта

Банклар молиявий хизматларини тақдим этиш орқали бутун иқтисодиётда кўприк ролини ўйнайди. Шу жиҳатдан, биринчи навбатда Ўзбекистондаги тижорат банкларининг санкцияларга учраган Россия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш жараёнида иккиламчи санкцияларга тушиб қолиш эҳтимоли ҳамон юқорилигича қолмоқда.

Бундан ташқари, АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг “МИР” тўлов тизими билан ишлайдиган банкларга огоҳлантириш билан чиққан. Financial Times’нинг ёзишича, Россияга нисбатан амалга оширилган иқтисодий санкциялар кўзланган натижасини бермаган, шу сабабли Ғарб давлатлари аввал жорий қилинган чекловларни кучайтирмоқчи.

Ҳозирда “МИР” тўлов тизими билан Туркия, Вьетнам, Жанубий Корея, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон банклари ҳамкорлик қилади.

Ушбу тўлов тизим оператори "Национальная система платежных карт"га қарши чекловлар жорий қилинмаган бўлса-да, 15 сентябрь куни эълон қилинган янги санкциялар рўйхатига "Национальная система платежных карт" бош директори Владимир Комлев ҳам киритилган.

“Ўзбек банклари “МИР” тизими билан битимлар тузишдан ва тузилган битимлар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзларини тийиб турганлари маъқулроқ бўлади”, дея таъкидламоқда иқтисодчи Отабек Бакиров.

Аввалроқ, Ўзбекистон Марказий банки маҳаллий банклар томонидан қатъий санкцияга тушган рус банкларидан жалб қилинган мажбуриятларни ўз вақтида ва иккиламчи санкциялар хавфини яратмасдан қайтариш бўйича халқаро юридик консалтинг компаниялар жалб этилганини маълум қилганди.

МБ раиси Мамаризо Нурмуратов ҳам ҳозирда Ўзбекистон тижорат банклари учун нақд хорижий валютани мустақил равишда олиб кириш қийин кечаётганини тасдиқлаганди.

“Бу кўпроқ рамзий маънога эга”

Иқтисодчи Миркомил Холбоев фикрига кўра, Ўзбекистоннинг тақиқланган товарларни Россия ёки Беларусга олиб ўтишда транзит бўлиши мумкин бўлган давлатлар қаторига қўшилиши кўпроқ рамзий маънога эга.

“Қуйидаги бир нечта сабаблар туфайли тақиқланган товарларни Ўзбекистондан Россияга етказиб берилиши эҳтимоли нолга яқин.

Биринчидан, Россия ёки Беларусга етказилиши тақиқланган товарларнинг рўйхати катта эмас ҳамда уларнинг аксарияти кундалик истеъмол товарлари. Бундай товарларни бир давлатдан бошқа давлатга яширинча олиб ўтиш жудаям қийин (масалан самолёт қисмлари) ҳамда бундай амалиёт билан исталган одам шуғулланиб кетолмайди, уларни назорат қилиш у қадар қийин эмас. Давлат миқёсида ҳам санкцияларга тушиб қолиш эҳтимоли юқорилиги сабабли рўйхатга тушган давлатлар (хусусан Ўзбекистон ҳам) божхонада бу товарларнинг Россияга реэкспорт бўлишини яхшироқ назорат қилишади.

Иккинчидан,Ўзбекистон шу вақтгача ҳам Россияга қайсидир товарларни транзит қилишда асосий давлат эмас. Чунки товарларни Ўзбекистон орқали ушбу давлатга олиб ўтиш нисбий қиммат ва ноқулай. Бошқача айтганда, логистика нуқтаи назардан ҳам тақиқланган товарларни мамлакатимиз орқали Россияга олиб ўтиш деярли маънога эга эмас.

Учинчидан, тўғри биз Россия билан яқин ҳамкор ҳисобланамиз (МДҲ доирасида эркин савдо ҳудудига ҳам эгамиз), аммо божхона иттифоқига эга эмасмиз, тақиқланган товарларни олиб ўтиш қулай, осон ва арзонлиги нуқтаи назаридан эса Россия билан битта божхона иттифоқида бўлган бир нечта давлатлар мавжуд. Тақиқланган товарларни реэкспорт қилиш билан қандайдир амалиётлар кузатилса ҳам айнан ўша давлатлар орқали бўлиши эҳтимоли биз билан таққослаганда каррасига юқорироқ.

Тўртинчидан, юқорида айтиб ўтганимдек, тақиқланган товарларни Россияга реэкспорт қилиш билан шуғулланиш қандайдир қўшимча тақиқ ёки санкцияларга олиб келиши мумкин. Шу нуқтаи назардан қарор қабул қилувчиларимиз ҳам бундай амалиётларни қаттиқ назорат қилишга ҳаракат қилиши шубҳасиз”, дейди иқтисодчи.

Эҳтимолий хатарлар ҳалиям юқорилигича қолмоқда

Ўзбекистон компанияларининг иккиламчи санкцияларга тушиб қолиш эҳтимоли ҳали ҳам юқорилигича қолмоқда. Айниқса, АҚШ ва Европа Иттифоқи бозорларида фаолият юритувчи компаниялар россиялик контрагентлар билан ҳамкорлик қилишда чекловлар хавфини чуқур таҳлил қилишлари керак бўлади.

Санкция хатарларини минималлаштириши мумкин бўлган омиллардан бири доллар ўрнига миллий валюталарда ўзаро ҳисоб-китобларга ўтиш бўлиши мумкин. Аммо шартли рублда савдо қилиш, биринчи навбатда, рублни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бундан эса Ўзбекистонга ҳеч қандай фойда йўқ.

Шунингдек, баъзи компаниялар Ўзбекистонни санкциялардан қочиш йўлакларидан бири сифатида кўрмоқда. Жумладан, смартфон ишлаб чиқарувчи Хитойнинг Honor компанияси санкцияларини четлаб ўтиш мақсадида Ўзбекистон орқали телефонларини Россия бозорига етказиб бериш бўйича келишувга эришгани ҳақида маълум қилган.

Мутахассислар фикрига кўра, Марказий Осиёдаги дистрибюторлар билан ишлаш санкцияларни айланиб ўтиб, Россияга маҳсулот олиб кирмоқчи бўлаётган компанияларга хавфни камайтириш имконини беради. Бу эса яқин ва ўрта истиқболда бу каби амалиётларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин.

Коллектив Ғарбда Россияга иқтисодий босим ўтказишнинг энг муҳим қуроллари ҳали ҳам сақланиб қолмоқда: иккиламчи санкциялар ва тўлиқ савдо эмбаргоси. Шу пайтгача Ғарб Россияга қарши иккиламчи экстратерриториал санкцияларни қўллаб, учинчи давлатлардан уларга риоя қилишни талаб қилмади, бу борада аниқ мезонлар ҳам ишлаб чиқилганича йўқ. Аммо ЕИ энергия ресурслар учун бошқа муқобил бозорлар топиши ва расмий Кремль билан савдо алоқаларининг тўхтатилиши билан, санкцияларни учинчи давлатлар учун жорий қилиш кун тартибидаги муҳим масалалардан бирига айланади. Ушбу ҳолатда эса Россияга етказилиши тақиқланган товарларнинг рўйхати каррасига ошиши мумкин.

Ўзбекистон эса Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бера оладиган кам сонли давлатлар қаторига киради, бироқ бунинг натижасида Ўзбекистоннинг ўзи оғриқли иккинчи даражали санкциялар остида қолиши мумкин. Шу жиҳатдан, бундан кейинги даврда тегишли давлат ташкилотлари тижорат банклари ва ташқи савдо фаолиятини амалга оширувчи компанияларни иккиламчи санкциялар хавфи тўғрисида хабардор қилиш бўйича ишларни ташкил этиши зарур.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид