Жаҳон | 08:25 / 21.09.2022
3169
2 дақиқада ўқилади

Британия Украинага 2,6 млрд евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратади

Нью-Йоркка ташрифи чоғида бош вазир Лиз Трасс келаси йили Буюк Британия Украинага 2022 йилдан кам бўлмаган даражада ҳарбий ёрдам кўрсатишини эълон қилади. 

Фото: Getty Images

«Бош вазир Лиз Трасс шу ҳафта Нью-Йоркка ташрифидан фойдаланиб, Буюк Британиянинг Украина хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди ҳамда келгуси йилда Буюк Британия Украинага 2022 йил билан бир хил даражада ёки ундан ҳам кўпроқ ҳарбий ёрдам кўрсатишини эълон қилади», - дейилади Британия ҳукумати сайтида 20 сентябр, сешанба куни эълон қилинган пресс-релизда. 

Бу ҳақда Лиз Трасс БМТ Бош ассамблеясининг 77-сессиясидаги чиқишида маълум қилади. 

Хабарда қайд этилишича, бу йил Буюк Британия Киевга 2,3 миллиард фунт стерлинг ажратди ва «Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатувчи иккинчи йирик донор»га айланди. 2023 йилда Буюк Британия ҳарбий ёрдамининг аниқ жиҳатлари Украина қуролли кучларининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бироқ, у ялпи ўт очиш реактив тизимлари каби қуролларни ўз ичига олиши кутилмоқда. 

«Менинг Украина халқига мурожаатим шундай: Буюк Британия сизни ҳар қадамда қўллаб-қувватлашда давом этади. Сизнинг хавфсизлигингиз - бизнинг хавфсизлигимиз», - деди Трасс.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид