22 сентябр – Автомобилсиз кун. Дунёда машиналарсиз шаҳар борми?
Кўплаб мамлакатларда ҳар йили 22 сентябр “Автомобилсиз кун” сифатида ўтказилади. Бу кунда барча авто ва мототранспорт ҳайдовчиларига пиёда, велосипедда ёки жамоат транспортларидан фойдаланиш тавсия этилади. “Автомобилсиз кун”нинг ўзи қачон пайдо бўлган? Уни қандай ўтказиш керак? Дунёда автомобилсиз давлатлар борми? Kun.uz шу сана билан боғлиқ қизиқарли фактларни бир мақолага жамлади.
“Халқаро автомобилсиз кун”нинг пайдо бўлиши 50-йилларга бориб тақалади
1885 йилда Карл Бенз энг юқори тезлиги соатига атиги 10 миля бўлган биринчи бензинли моторли автомобилни ихтиро қилди. Шундан бошлаб, бу каби транспортлар одамлар учун оммалашиб, энг қулай ва вақтни тежайдиган воситага айланди.
Аммо кўпгина йирик шаҳарларда автомобилларнинг фойдаси билан бирга, зарари ҳам сезила бошланган. Улардан чиқадиган шовқин ва заҳарли газ атроф-муҳитга салбий таьсир қилиш билан бирга, инсонлар орасида ўлим сонини оширган. Яъни автомобилдан узлуксиз равишда фойдаланиш оқибатида фуқаролар юрак ва семизлик касалликларига чалиниб, вафот этган.
Шундан кейин 1950-йилларга келиб, “car culture” (Автомобилдан фойдаланиш маданияти) муҳокама марказларига олиб чиқила бошланди. Боиси, инсонларга автомобилдан қандай фойдаланиш, баъзи вақтларда пиёда юриб туриш кераклигини ўргатиш лозим эди. Шу мақсадда 1956-1957-йилларда Нидерландия ва Белгияда автомобилларсиз якшанбалар ўтказила бошланган.
Йиллар давомида халқаро конференциялар, майдонларда автомобилга қарамлик ҳақидаги мақолалар ёзилиб, нутқлар ҳамда турли лойиҳалар қилингач, ниҳоят 1995 йилга келиб World Car Free Days консорциуми ташаббуси билан бу сана дунёнинг юзлаб шаҳарларида ўтказила бошланди.
2021 йилдан бошлаб тегишли қарор билан Ўзбекистонда ҳам бу сана “Автомобилсиз кун” этиб белгиланган.
“Автомобилсиз кун” қанчалик аҳамиятли?
Маълумотларга кўра, 1986 йилда дунёда 500 миллион автомобил бўлган, ҳозирги кунга келиб эса унинг сони 1 млрд 200 миллиондан ортиқни ташкил этади. Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли жами автотранспортлар 3 млндан ошган, ҳар минг кишига 90 та автомобил тўғри келиши ҳисобланди.
Рақамлар йиллар давомида кескин ошиб бормоқда. Шунга мувофиқ, йўллардаги хавфсизлик масаласи, узлуксиз транспорт ҳайдаш оқибатида пайдо бўладиган касалликлар ҳамда ҳавонинг ифлосланиб кетаётгани долзарблашмоқда. Йилда бир маротаба мана шундай челленжлар эса оз бўлса-да, огоҳликни оширади.
Кунни қандай ўтказиш керак?
Автомобилсиз кун деганда, аксарият одамлар кўчалар ёки маҳаллаларда автомашинасиз ҳаракатланишни тушунишади ва бу кифоя деб ўйлашади. Йўқ, бу етарли эмас.
Транспорт воситасини ташлаб чиққандан сўнг атрофдагилар, яқин қариндошларга шу кун ҳақидаги хабарларни тарқатиш, уларни ҳам бундан бохабар қилиш тавсия этилади.
Кейин эса “Халқаро автомобилсиз кун”ни пиёда, велосипед ёки айни вақтда оммабоп бўлган электроскутерларда ўтказиш мумкин.
Автомобилсиз мамлакат борми?
HuffPost нашри автомобиллар тирбандлиги, бензинга пул сарфлашдан чарчаган туристларга автомашина ҳаракатланмайдиган бир қанча жойлар рўйхатини тақдим этган.
Биринчиси – АҚШнинг Мичиган штатида жойлашган Маккинак оролидир. 1898 йилда бу оролга моторли транспорт воситаларининг кириши тақиқланган. Одамларни ташиш учун фақат велосипед ва от араваларидан фойдаланилади.
Иккинчиси – Франциянинг Нормандия соҳиллари яқинида жойлашган Сарк ороли. Орол кичик бўлиши мумкин, лекин у пиёда ёки велосипедда сайр қилиш учун ажойиб маскан. Маълумотларга кўра, оролда фақат трактор ва от араваларнинг ҳаракатланишига рухсат берилади.
Учинчиси – Италиянинг Венеция шаҳри ҳисобланади. Автомобилсиз замонавий шаҳар сифатида Венеция яққол мисол бўла олади. Шаҳар пайдо бўлганига 1 минг 500 йилдан ошган бўлса-да, одамлар у ерда автомобиллардан фойдаланишмайди, шаҳарнинг кўчалари айланма бўлгани учун бунга шароит ҳам йўқ.
Венецияликлар ва туристлар асосан “Вапоретто” номи билан аталадиган сув транспорти воситаси орқали шаҳар ва унинг атрофини айланишлари мумкин.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади
Мавзуга оид
13:07 / 18.11.2024
Пискент полигонидаги навбат электрон шаклга ўтказилди
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
09:52 / 15.11.2024
Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди
07:31 / 12.11.2024