Жаҳон | 08:26 / 23.09.2022
10068
4 дақиқада ўқилади

БМТ Хавфсизлик кенгаши Россиянинг Украинадаги урушини қоралади

БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Европа иттифоқи давлатлари ва АҚШ Украинадаги урушни қоралади, Хитой ҳеч қандай шартларсиз музокаралар ўтказишга чақирди, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса фақат нутқи давомида залда пайдо бўлди.

Фото: AFP

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва бир қанча давлатлар ташқи ишлар вазирлари 22 сентябр, пайшанба куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Россия томонидан Украинага қарши урушда содир этилган ҳарбий жиноятларни текширишга чақирди. Гутерришнинг сўзларига кўра, Владимир Путин бошлаган уруш «ҳар қандай тинчлик истиқболидан тобора узоқлашиб, даҳшат ва қон тўкилишининг чексиз циклига ўтиб бормоқда». БМТ бош котиби Путиннинг ядровий қурол билан таҳдидларини қабул қилиб бўлмас, деб атади.

Бундан ташқари, Антонио Гутерришнинг таъкидлашича, босиб олинган ҳудудлардан келаётган хабарлар «қатл қилиш, жинсий зўравонлик, қийноқлар, тинч аҳоли ва ҳарбий асирларга нисбатан бошқа ғайриинсоний муносабатни ўз ичига олган ваҳшийлик «каталоги»ни» ташкил этади. Жабрланувчилар ва уларнинг оила аъзолари суд муҳокамаси ва зарарни қоплаш ҳуқуқига эга, деди Гутерриш. Унинг позициясини Европа иттифоқи давлатлари, шунингдек, Мексика, Албания ва Ирландия ташқи ишлар вазирлари қўллаб-қувватлади.

Россия расмийларининг хатти-ҳаракатлари АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок томонидан ҳам очиқдан очиқ қораланди. Путиннинг хатти-ҳаракатлари унинг БМТга нисбатан очиқча нафратини кўрсатади ва Украинадаги БМТ ҳимоя қилиши керак бўлган халқаро тартибни бузаётган воқеалар жазоси «қолиб кетмаслиги керак», деди Блинкен. «Президент Путинга ўз манфаатларини бутун дунё, жумладан, ўз халқи манфаатларидан устун қўйишни бас қилиши кераклигини айтинг», — дея Блинкеннинг Россия делегациясига қилган мурожаатидан иқтибос келтирган The Washington Post.

Анналена Бербок, ўз навбатида, Россиянинг ўзига мурожаат қилди. «Мен Россияни жиддий чақираман: сиз бу урушда ғалаба қозонмайсиз, шунинг учун уни тўхтатинг. Азобларни, фуқароларингизни ўлимга юборишни бас қилинг. Ўйлаб топилган «референдумларингизни» тўхтатинг - бу уруш каби ноқонуний», - деди у.

Учрашувда иштирок этган Ҳиндистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари Россияни очиқдан-очиқ қораламаган бўлса-да, ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ва давлатлар ўртасида музокараларни қайта бошлашга чақиришди.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И музокаралар «олдиндан ҳеч қандай шартларсиз» ўтиши кераклигини қўшимча қилди. Аввалроқ Кремль бир неча бор мулоқотни тиклашдан олдин Украинадан Москва илгари сурган шартларни қабул қилишни талаб қилган, Киев буни ультиматум деб ҳисоблаганди.

Ванг И шунингдек: «Барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, барча мамлакатларнинг хавфсизлигига оқилона нуқтайи назардан жиддий қараш керак» деди. Хитой вазири россиялик ҳамкасби Сергей Лавровга аввалроқ Пекин урушни дипломатия йўли билан ҳал қилишни қўллаб-қувватлашини айтган эди.

Лавров йиғилишда фақат ўз нутқи давомида қатнашди ва у Украинани «тоталитар нацистлар давлати» деб атади ҳамда Россиянинг унга қарши уруши «муқаррар» эканини айтди. Нутқдан кейин у зални тарк этди.

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Лавровнинг кетишига киноя билан муносабат билдирди: «Россия дипломатлари худди рус аскарлари каби қочиб кетаётганини пайқадим».

Россия вакиллари халқаро ташкилотларнинг мажлис залларини намойишкорона тарк этиб, аввал ҳам тадбирларни саботаж қилишган. Июль ойида бўлиб ўтган G20 саммити чоғида Сергей Лавров бошқа мамлакатлардаги ҳамкасблари нутқини тинглаш ва немис журналистлари билан мулоқот қилишдан бош тортган эди. Август ойи охирида Нью-Йоркда Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома конференциясида Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари худди шундай йўл тутишди: Россиядан келган делегатлар бир неча ҳафта давом этган учрашувнинг якуний ҳужжатини имзолашдан бош тортишди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид