Жаҳон | 08:03 / 27.09.2022
4848
1 дақиқада ўқилади

Ижевскдаги мактабда ҳалок бўлганлар сони 17 нафарга етди

Удмуртия маркази Ижевск шаҳридаги мактабда содир бўлган отишма қурбонлари сони ошди.

Фото: AP

Сўнгги маълумотларга кўра, Ижевскда Пушкин майдонидаги 88-мактабда отишма оқибатида қурбон бўлганлар сони 17 кишини ташкил этмоқда. Россия Тергов қўмитасига маълумотларига кўра, 22 нафар бола ва 2 нафар катталар жароҳат олган.

Маълумотларга кўра, дарс пайтида мактабга қора кийимдаги қуролли шахс бостириб кирган. Аввалига у қўриқчини отган, кейин синфга бориб, болаларга қарата ўқ узган. Telegram-каналлар воқеа жойидан ярадорлар қандай олиб чиқиб кетилаётгани кўрсатилган видеони эълон қилди.

Удмуртия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, отишма содир этган шахс ўз жонига қасд қилган.

РТҚ икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдириш, шунингдек, ўқотар қуролларни ноқонуний сотиб олиш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди. Терговчилар фожиа сабабларини аниқламоқда. Уларнинг сўзларига кўра, ҳужум қилган шахс ушбу таълим муассасасининг 1988 йилда туғилган битирувчиси бўлган. Идора бошлиғи Александр Бастрикин ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид