10:11 / 27.09.2022
7393

Саудиялик профессор 350 дан ортиқ ноёб китобларни Ўзбекистонга тақдим этди

Фото: Dunyo

Ўзбекистон бош консуллиги ходимларининг Макка шаҳридаги «Уммул Қуро» университети профессори, доктор Надия Иброҳим Бухорий билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Суҳбатда Ўзбекистонда таълим ва илм-фан соҳасидаги ислоҳотлар, сўнгги 6 йилда Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази, Имом Бухорий тадқиқотлар маркази, Ҳадис илми мактаби каби илмий муассасалар ташкил этилгани тўғрисида маълумотлар Саудия Арабистони вакили эътиборига ҳавола қилинди.

Надия Иброҳим Бухорий Ўзбекистон Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Захашарий, Ибн Сино ва Абу Райҳон Беруний каби буюк мутафаккир олимлар юрти эканини алоҳида таъкидлади. У ота-боболари юрти – Ўзбекистонга қилган сафарини ҳам ёдга олди.

Учрашувда Надия Бухорий кўп йиллар давомида тўплаган илм-фаннинг турли соҳаларига оид 350 дан ортиқ китобларни Ўзбекистоннинг илмий муассасаларига етказишни сўраб бош консулхонага тақдим этди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузурида ташкил этилган Араб тили марказига, Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий илмий тадқиқотлар маркази ва Ҳадис илми мактабига тақдим этиладиган ушбу ноёб адабиётлар яқин кунларда Ўзбекистонга етказилади.

Top