Жаҳон | 14:28 / 28.09.2022
8394
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи Украина ҳудудларидаги «референдумлар»ни қоралади

Европа иттифоқи россияпараст кучларнинг Украинада «ноқонуний «референдумлар» ўтказишини ва уларнинг сохталаштирилган натижаларини қоралайди. Бу ҳақда Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел маълум қилди.

Фото: РИА Новости

«Бу - Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг инсон ҳуқуқлари мунтазам равишда бузилиши фонида яна бир поймол этилиши, - деб ёзди у Twitter’да. - Биз Россия босқинига қарши туриш ва қаршилик кўрсатишда давом этаётган украиналикларнинг жасоратини олқишлаймиз».

Ўз навбатида, Канада бош вазири Жастин Трюдо Россияга қарши янги санкциялар тўғрисида эълон қилди. 

«Канада бу псевдореферендумлар натижаларини тан олмади ва ҳеч қачон тан олмайди», деди у. Трюдо Канаданинг «Украинадаги қон тўкилиши» ва «давлат суверенитетига путур етказишга уриниш»га алоқадор шахсларга қарши санкциялар қўллаш ниятини эълон қилди. 

Бундан олдин Германия канцлери Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларида ўтказилган «референдумлар» натижалари ва Россиядаги сафарбарлик ҳақида фикр билдирганди.

Германия канцлери Олаф Шолц 28 сентябр, чоршанба куни Neue Osnabrücker Zeitung нашрига берган интервьюсида Украинанинг Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларидаги «овоз бериш» натижалари Германия учун муҳим эмаслигини айтди.

«Биз бу хаёлий «референдумлар» натижаларини қабул қилмаймиз ва Украинани чексиз куч билан қўллаб-қувватлашда давом этамиз», деб таъкидлади Шолц.

Путин эълон қилган сафарбарликни изоҳлар экан, Шолц бу қадамни Россия президентининг навбатдаги хатоси деб атади. «Путин хатолар ортидан хатога йўл қўймоқда. У ўз қўшинларини олиб чиқиб, сўнг Киев билан музокараларни бошлаш орқали бу урушни дарҳол тугатиши мумкин эди», - дея тушунтирди Шолц.

Канцлер сафарбарликни «иложсизлик ҳаракати ва Россия қуролли кучларининг Украина шарқидаги муваффақиятсизликларига қандайдир ваҳима муносабати» деб атади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид