Жаҳон | 11:37 / 01.10.2022
3968
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Украинага 530 миллион доллар ажратади

Жаҳон банкининг ёрдами Украинада соғлиқни сақлаш, таълим ва пенсияларни молиялаштиришга қаратилган. Умуман олганда, банк аллақачон Киевга 11 миллиард доллар ажратган.

Фото: Getty Images

Жаҳон банки Киевга Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли юзага келган фавқулодда эҳтиёжлар учун қўшимча 530 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда 30 сентябр, жума куни ташкилот маълум қилди. 

Қайд этилишича, Буюк Британия (500 миллион доллар) ва Дания (30 миллион доллар) кредит кафолатларини тақдим этган. Маблағлар соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимоя каби асосий давлат хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланган.

«Украинадаги вайронагарчилик, зарар ва кўчиш кўлами ҳайратланарли ва ўсиб бормоқда», деди Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бьерде. 

У халқаро ҳамжамиятнинг Украинани қўллаб-қувватлаётганини таъсирли деб атади. «Украина халқи олдида тикланишнинг узоқ йўли турибди ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар уларни қўллаб-қувватлашда давом этишлари керак», деди у.  

Бугунги кунга қадар Жаҳон банки Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан бери Украинага шошилинч ёрдам учун деярли 13 миллиард долларни сафарбар қилди. Уларнинг 11 миллиарди аллақачон Киевга ўтказиб берилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид