Жаҳон | 08:47 / 03.10.2022
7351
2 дақиқада ўқилади

Бразилиядаги сайловлар: фаворитлар ўртасида минимал фарқ сақланиб қоляпти

Бразилиянинг собиқ ва амалдаги президентлари президентлик сайловларида овозларни санаб чиқиш натижаларига кўра деярли тенглашди. Луис Инасиу Лула да Силва ва Жаир Болсонару сайловларнинг иккинчи босқичига чиқди.

Фото: Getty Images

Бразилиядаги президентлик сайловларида собиқ давлат раҳбари Луис Инасиу Лула да Силва ўзининг асосий рақиби, амалдаги президент Жаир Болсонаруни ортда қолдириб, кичик фарқ билан олдинда бормоқда. 3 октябр, душанбага ўтар кечаси Миллий сайлов комиссияси сайтида эълон қилинган маълумотлар шундан далолат беради – протоколларнинг 98,53 фоизи кўриб чиқилгач, Лула да Силва 48,1 фоиз, Болсонару эса 43,48 фоиз овоз тўпламоқда.

Reuters хабарига кўра, Лула да Силванинг Ишчилар партияси сайлов комиссиялари овоз бериш натижалари тўғрисида секинроқ ҳисобот берадиган ҳудудларда кўпроқ қўллаб-қувватланади, шу сабабли Болсонару бошида етакчи бўлган бўлса-да, овозларни санаш вақтида натижа ўзгарди.

Номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан ортиқ овоз ололмагани учун сайловнинг иккинчи босқичи 30 октябрь куни бўлиб ўтади. Илгари, аксарият ижтимоий сўровлар Лула да Силвани 10-15 фоиз пунктда устунлик қилганини кўрсатган эди, бироқ Болсонару мағлубиятни тан олишдан бош тортиши мумкинлигини билдирган.

Луис Инасиу Лула да Силва 2003-2010 йилларда Бразилия президенти бўлган ва жуда машҳур эди. Кейинчалик у коррупцияда айбланиб 12 йилга қамалди, бироқ Олий суд ҳукмни бекор қилиб, унга қайта сайланишга рухсат берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид