Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Латвиядаги сайловларда ҳукмрон «Янги бирлик» партияси ғалаба қозонди
Русийзабон латвияликлар орасида машҳур бўлган «Розилик» партияси беш фоизлик тўсиқдан ўта олмади. Латвиядаги сайловлар Украинадаги уруш ва энергетика инқирози фонида ўтказилди.
Латвияда парламент сайловларида бош вазир Кришьянис Кариньшнинг ҳукмрон либерал-консерватив «Янги бирлик» партияси ғалаба қозонди. Рига сайлов комиссияси 2 октябр, якшанба куни эрталаб сайлов участкаларининг қарийб 95 фоизида бюллетенларни санаб бўлгач, бу партия номзодлари 18,9 фоиз овоз тўплаганини маълум қилди.
«Янги бирлик» худди Германия Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) вакиллари каби Европарламентдаги Европа халқ партияси фракциясининг бир қисмидир.Латвияда бўлиб ўтган сайловлар Россиянинг Украинага қарши уруши ва латвияликларнинг энергия нархлари кўтарилишидан хавотирланиши фонида бўлиб ўтди.
Иккинчи ўринни мухолифатдаги «Яшиллар ва деҳқонлар иттифоқи» блоки (12,8 фоиз овоз), учинчи ўринни эса янги «Қўшма рўйхат» блоки эгаллади. Кариньшнинг иттифоқчиларидан фақат консерватив «Миллий уюшма» (9,3 фоиз) парламентга кирди. «Консерваторлар» минимал чегарадан анча кам овоз олди, «Тараққиёт учун!» либерал партияси эса 5 фоизлик тўсиқдан зўрға ўтди.
Русийзабон латвияликлар орасида машҳур бўлган «Розилик» партиясининг беш фоизлик тўсиқдан ўтишига 0,2 фоиз овоз етишмади. Унинг тарафдорлари қолган бюллетенларни санаб чиқиш натижаларига кўра, парламентга номзод бўлиши мумкинлигига ҳамон умид қилмоқда.
Умуман олганда, Латвия Сеймига саккизта партия киряпти.