Ўзбекистон | 11:29 / 04.10.2022
2946
2 дақиқада ўқилади

АЭХА Ўзбекистонга ядро инфратузилмасини ривожлантиришда кўмак кўрсатади

Ўзбекистон делегацияси Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг 66-бош конференцияси ишида қатнашди

Фото: Dunyo

«Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гросси ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда «Дунё».

Учрашувда Рафаэл Гросси АЭХА департаментларининг республика ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги ҳақида яхши маълумотга эга эканини қайд этди. У агентлик Ўзбекистонга ядро инфратузилмасини ривожлантириш ва миллий иқтисодиёт турли тармоқларига ядро технологияларини жорий этишда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди.

Рафаэл Гросси Ислом тараққиёт банки иштирокида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш масаласига тўхталди. Бош директор ушбу лойиҳа шахсий эътибори ва назоратида эканини таъкидлади.

Унинг айтишича, агентлик ускуналарни харид қилишни мувофиқлаштириш ва назорат қилишни ўз зиммасига олиши мумкин. Рафаэл Гросси қайд этганидек, айни пайтда агентлик Ўзбекистон билан ядро тиббиётида қўлланиладиган ўзига хос асбоб-ускуналардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича тиббий мутахассислар малакасини ошириш соҳасида стратегик ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид