Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Ўзбекистонга ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида ёрдам беради
Вашингтонда Ўзбекистон ва АҚШнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнидаги ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича савдо вакили собиқ ёрдамчиси, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиши бўйича маслаҳатчи этиб тайинланган Марк Линскотт ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси директори этиб тайинланган Жэйсон Гилпин билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг савдони эркинлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттириш, ЖСТ келишувлари тамойиллари ва шартлари асосида ташқи савдони ислоҳ қилиш тизимини модернизация қилиш, хорижий инвестицияларни рағбатлантириш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида жаҳондаги илғор тажрибани қўллаш тарафдори экани таъкидланди.
Марк Линскотт Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини рағбатлантириш учун берилган имкониятга миннатдорлик билдирди ва бу жараёнда республикага ёрдам беришдан манфаатдор эканини таъкидлади. У ўз жамоаси билан бозор иқтисодиёти, саноат субсидиялари ва давлат савдо корхоналарини ислоҳ қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади, Ўзбекистон идораларига товар ва хизматлар ташқи бозорларга чиқиш бўйича амалий маслаҳатлар беради.
Америка томони техник кўмаклашиш лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш доирасида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берар экан, Ўзбекистонга ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида ёрдам самарадорлигини янада ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар ва механизмларни таклиф қилди.
Учрашув якунлари бўйича ЖСТга аъзо бўлиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, музокаралар жараёни билан боғлиқ масалаларни илгари суришни жадаллаштиришга доир биргаликдаги ишларни фаоллаштириш юзасидан келишувга эришилди.