Жаҳон | 09:27 / 05.10.2022
6819
2 дақиқада ўқилади

Малида ҳарбий самолёт ҳалокатга учради, учувчи россиялик бўлган

Тахминларга кўра, Су-25 самолёти қўнаётган вақтда Мали шимолидаги Гао шаҳри яқинида қулаган. Қайд этилишича, учувчи россиялик бўлган.

Мали шимолидаги Гао шаҳри яқинида Россия томонидан хунтага топширилган самолёт қўнаётган пайтда ҳалокатга учради, икки киши, жумладан бир рус учувчиси ҳалок бўлди. Ҳодиса ҳақида 4 октябр, сешанба куни AFP ва Reuters агентликлари Мали ҳарбий доираларидаги аноним манбаларга таяниб хабар берди.

AFP маълумотларига кўра, авиаҳалокат оқибатида 10 киши жабрланган: икки тинч аҳоли вакили ва саккиз нафар Мали қуролли кучлари аъзоси. Агентлик суҳбатдошига кўра, самолёт «тинч аҳолини қўллаб-қувватлаш миссиясидан» қайтаётган бўлган.

ОАВда ҳалокатга учраган самолёт турига оид хабарлар ҳар хил, фақат унинг Мали армиясининг «сўнгги пайтда харид қилган техникаси»га тегишли эканлиги маълум, деди AFP манбаси. Дастлаб, бу Чехословакияда ишлаб чиқарилган «Альбатрос» жанговар ўқув самолёти (L-39 тури) экани, кейин эса Су-25 бўлгани ҳақида хабар берилган. Ушбу турдаги самолётлар 2022 йил август ойида Москва томонидан Малига топширилган транспорт воситалари орасида бўлган.

2021 йил май ойида Малида ҳарбий тўнтариш содир бўлганидан бери, Африкадаги жуда беқарор мамлакат Россия ва жангчилари мамлакатда «ҳарбий маслаҳатчилар» деб аталадиган Вагнер гуруҳи билан яқин алоқада бўлган ҳарбий хунта томонидан бошқарилади.

Шу билан бирга, Бирлашган миллатлар ташкилотининг Малидаги тинчликпарвар кўп қиррали интеграциялашган барқарорлаштириш миссияси иши Мали ва унинг халқаро ҳамкорлари ўртасидаги кескинлик, мамлакатда экстремистик гуруҳларнинг фаоллашуви билан боғлиқ ҳолатлар туфайли мураккаблашмоқда.

Гао шаҳри Мали шимолидаги асосий ҳарбий базалардан бири бўлиб, жангариларга қарши курашда фойдаланилади. Август ойида Москва Африка давлатига бир нечта L-39 ва Су-25 жанговар самолётларини, шунингдек, Ми-24П ва Ми-8 жанговар вертолётларини, CASA С-29 тактик транспорт самолётларини топширди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид