Жамият | 21:52 / 05.10.2022
53087
4 дақиқада ўқилади

Қудуқдан топилган болакай воқеаси: эътиборсизликми ёки тақдир?  

Самарқандда тўйда йўқолиб қолган боланинг жасади қудуқдан топилгани ҳақида хабар берилганди. Kun.uz журналисти Ургут туманида бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.

Маълум бўлишича, 2022 йил 25 сентябр куни Этакбешкапа маҳалласидаги тўйхонага отаси билан келган тўрт ёшли болакай йўқолиб қолган. Воқеадан бир неча кун ўтиб бола айнан тўйхона ҳовлисидаги қудуқдан топилган.

Маҳалла раиси Жаҳонгир Давроновнинг айтишича, ҳудуд аҳолисининг аксарияти мустақил тарзда қудуқ қазиб, истеъмол учун фойдаланиб келади. Қишлоқда сув сатҳи бироз пасайгани сабабли тўйхона қудуғи вақтинча ишлатилмаган ва устига тунука ташлаб қўйилган. Қудуқларни давлат ташкилотлари эмас, фуқароларнинг ўзи қазиб олади. Оқсоқол шу пайтга қадар бундай нохуш ҳолат кузатилмаганини маълум қилди.

Болани топиш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, шунингдек, унинг яқин қариндошлари ва қишлоқдошлар ҳам ҳаракат қилган.

Ургут туманидаги Ипакли маҳалласи профилактика инспектори Камолиддин Ҳақбердиев тўйхона ҳовлисидаги қудуқни тасодифан кўриб қолганини айтмоқда. Инспектор бир неча кун аввал интернетда қудуққа тушиб кетган бола ҳақидаги видеолавҳани кўрган. Ўша ҳолатни эслаб, болакай қудуққа тушиб кетган бўлиши мумкин, деган тасаввурга борган. Шундан кейин телефон чироғини ёққан ва ипга боғлаб қудуқ ичига ташлашган.

“Чироқ ёруғида болакайнинг кўйлаги кўринди. Кейин махсус хизмат ходимларини чақиртириб, уни ташқарига чиқариб олдик. У аллақачон нобуд бўлганди”, - дейди Камолиддин Ҳақбердиев.

Маҳалла нуронийларидан бири Мардон Турдиев бундай ҳолатда бировни айблашдан кўра, икки томон ҳам босиқ бўлиши лозимлигини айтмоқда. Отахон ҳамма нарса қонун доирасида бўлиши, ўзаро икки томоннинг қасдлашиши ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Биз Хўжайдуқ маҳалласида ҳам бўлиб, марҳумнинг яқинлари билан суҳбатлашдик.

Боланинг отаси Иномжон Эшмуродов фарзанди йўқолиб қолганини 15 дақиқалардан сўнг билган. Аввал тўйхона ҳудуди, кейинчалик ҳудудга яқинроқ бўлган канал атрофларидан излашган. Ҳовлида қудуқ борлиги ва унинг таъмирталаб ҳолатда экани ҳеч кимнинг хаёлига келмаган.

“Фарзандим нобуд бўлганидан кейин ҳам икки-уч марта шу тўйхонада маърака ўтказилди. Биз-ку ҳовлида қудуқ борлигини билмаймиз, тўйхона эгалари биларди-ку. Нега улар шу ҳақда бизга айтишмади?” - дея эътироз билдирмоқда боланинг отаси.

Марҳумнинг бобоси Маъруф Эшмуродов охирги дақиқаларгача ҳам набирасининг тирик топилишидан умид қилганини айтмоқда. Унга телефон орқали бола топилгани хабар берилган вақтда асл ҳолатни билмай туриб эртага тўй қилиб бераман, деб юборган. Қувончдан воқеа жойига етиб борганида эса, нохуш манзарага гувоҳ бўлган.

Болакай оиланинг кенжа фарзанди бўлган.

Гувоҳларнинг айтишича, бола топилганидан сўнг унинг яқинлари тўйхона эгасига жисмоний куч ишлатган, базмгоҳнинг ойналарини синдиришган. Тўйхона эгаси шифохонада даволанаётгани айтилди.

Ҳозирги вақтда ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид