Ўзбекистон | 07:47 / 06.10.2022
8083
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри бош режаси бир қисми 2022 йил охиригача якунланади

«ToshkentboshplanLiti» директор ўринбосари Саидазим Шарипов ЎзА мухбири билан суҳбатда пойтахт бош режасининг бир қисми 2022 йил охиригача якунланишини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, бугунги кунда «ToshkentboshplanLiti» ДУК томонидан Тошкент шаҳри бош режаси концепцияси 3D форматда тайёрланмоқда. Уни яратиш устида Туркия компания мутахассислари иш олиб бормоқда. 

«2022 йилнинг сўнгига қадар бош режанинг бир қисмини тамомлаш режалаштирилган. Айни пайтда Тошкент шаҳрининг белгиланган чегарасининг ичидаги барча ҳудудлар лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда», — деди Саидазим Шарипов.

Унинг таъкидлашича, бош режада, нафақат Тошкент шаҳридаги, балки пойтахт атрофидаги ҳудудларнинг ҳам ривожланиши назарда тутилиб, тахминан 44 минг гектар ер ажратилган.

Бундан олдин Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашининг Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштириш бўйича бош режасини тасдиқлаш ҳақидаги қарори қабул қилинди.

2023-2027 йилларда Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштириш бўйича бош режа тасдиқланди. Унга кўра, ҳар йили 7 млнга яқин мавсумий гуллар, 75 мингдан кам бўлмаган миқдорда дарахт кўчатлари ва буталар экилиши назарда тутилмоқда.
 
Бош режада йил якунига қадар ёғингарчилик мавсумларида шаҳар ҳудудларида сув тўпланиши ва сув тошиши мумкин бўлган манзиллар рўйхатини аниқ шакллантириш ва бартараф қилиш чораларини кўриш назарда тутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид