Ўзбекистон | 12:02 / 11.10.2022
1888
2 дақиқада ўқилади

Етим болалар 25 ёшга тўлганда «Меҳр дафтари»дан чиқарилади

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар 25 ёшга тўлганда «Меҳр дафтари»дан чиқарилади.

«Ҳуқуқий ахборот» каналида ёзилишича, бунда «Меҳр дафтари»дан чиқарилаётган шахсларнинг бандлиги таъминланган ва уй-жойи мавжуд бўлиши шарт. 

«Меҳр дафтари»дан чиқарилаётган шахслар бандлиги таъминланмаган ҳолатларда, улар бандлигини таъминлаш учун «Йўл харитаси» тузилади ҳамда «Меҳр дафтари» ҳисобида туриш муддати бандлиги таъминлангунга қадар, бироқ 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар бошқа ўқув-тарбия муассасасига ёки доимий (вақтинча) яшаш учун республика бошқа ҳудудига кўчиб ўтганда, тегишли ўқув-тарбия муассасалари ва туман (шаҳар) ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси томонидан улар доимий ва вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган кунидан бошлаб, ўн беш кун муддатда «Меҳр дафтари»га тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан суд озодликдан маҳрум этишни назарда тутувчи ҳукми чиқарилганда, уларни «Меҳр дафтари» тизими бўйича қўллаб-қувватлаш масаласи тўхтатиб турилади.

Бунда суд ҳукми қонуний кучга киргандан сўнг тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси томонидан «Меҳр дафтари»га ўзгартириш киритилади.

«Меҳр дафтари»га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар уларга иш берувчилар томонидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўлови кетма-кет 12 ой давомида ҳисобланганда ҳамда ушбу маълумотлар Давлат солиқ қўмитаси марказлаштирилган ахборот базасида акс эттирилган тақдирда, иш билан бандлиги таъминланган деб ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид