Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Франция Германияга газ етказиб бера бошлади
Етказиб бериш Россиянинг Украинага қарши уруши оқибатида юзага келган энергетика инқирози фонида амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда Франция Германияга кунига 31 гигаватт/соат газ етказиб беради.
Франция энергия инқирози фонида Германияга газ етказиб беришни бошлади. Париждаги GRTGaz оператори хабар беришича, 13 октябр, пайшанба кунидан бошлаб газ Саар федерал ҳудудидаги Нидерхайлбах аҳоли пункти яқинида икки давлат ўртасидаги ягона марказ орқали етказиб берилмоқда.
«Украинадаги уруш туфайли юзага келган янги энергетик вазиятда Франция ўзининг немис қўшнисига тўғридан тўғри газ етказиб бериш орқали унга бирдамлик кўрсатмоқда», — дейилади хабарда. Биринчи босқичда Германия ҳар куни Франциядан соатига 31 гигаватт газ олади. Максимал мумкин бўлган қувват кунига 100 гигаватт соатни ташкил қилади.
Мамлакатлар ўртасидаги ягона магистрал дастлаб Германиядан Францияга газ етказиб бериш учун мўлжалланганди, шунинг учун биринчи навбатда зарур тузатишлар киритилиши керак. Улар Россия газининг Европага етказиб берилиши кескин қисқариши муносабати билан, шунингдек, энергия хавфсизлиги соҳасида Европа бирдамлиги доирасида амалга оширилиши керак, дейилади GRTGaz хабарида.
Айни пайтда ишлаб чиқариш қувватлари пасайтирилган атом электр станцияларига эга Франция бунинг ўрнига оғир қиш ойларидан ўтиш учун Германиядан электр энергияси олади. Францияда техник хизмат кўрсатиш туфайли 56 та атом электр станциясидан фақат 30 таси ишламоқда. Келгуси ҳафталарда 40 та, январда эса 46 та атом электр станцияси тармоққа уланиши керак. Айни пайтда Франция президенти Эммануэл Макрон томонидан эълон қилинган бу режалар атом электр станцияси ходимларининг иш ташлашлари туфайли барбод бўлиши мумкин.