Жамият | 14:23 / 16.10.2022
51923
4 дақиқада ўқилади

Наманганда ўқитувчи ўқувчини калтаклади. Унга жиноят иши қўзғатилди

Наманган вилояти ХТБ ва прокуратура хабарларига кўра, калтакланган ўқувчи синфдошига зўравонлик қилган ва дарсни бузган, синф раҳбарига ҳам қўпол муносабатда бўлган.

Фото: Видеодан кадр

15 октябр куни интернетда Наманган вилоятидаги мактаблардан бирида ўқитувчи ўқувчини аёвсиз калтаклагани тўғрисида хабарлар тарқалди. Наманган вилояти халқ таълими бошқармасининг маълум қилишича, бу ҳодиса 13 октябр куни Давлатобод туманидаги 58-мактабда содир бўлган.

«Давлатобод тумани 58-умумтаълим мактабидаги ҳолат юзасидан маълум қилинадики, 13 октябр куни 5-«V» синфдаги ўқувчилардан бири бошқа бир синфдоши М. Х. унинг бошига уравераётганидан шикоят қилиб, синф раҳбарига арз қилган.

Синф раҳбари М.Э. соат 16:10 да ўқувчи М.Х. ни тартибга чақириш учун тушунчалар беради. Аммо ўқувчи унга бўйсунмасдан одоб-ахлоқ меъёри чегараларидан чиқиб, сенсираб, қўпол муносабатда бўлгани туфайли синф раҳбари ўқувчининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, баданининг турли жойларига қўллари билан уриб, унга тан жароҳати етказган», дейилади хабарда.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи бошчилигидаги ишчи гуруҳи, туман ҳокимлиги масъуллари таълим муассасаси раҳбарияти ҳамда психолог ўқитувчилар билан суҳбат ўтказган, тушунтириш хатлари олинган.

Мазкур ҳолат ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан назоратга олиниб, ўқувчи М.Х. га нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинлангани, Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан синф раҳбари М. Э. нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув олиб борилаётгани, ҳолат юзасидан текширув якунига кўра батафсил маълумот берилиши билдирилган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ҳам ҳодиса юзасидан берган хабарида ўқувчининг калтакланиш сабаби ҳақида ёзган.

«2022 йил 13 октябр куни Давлатобод туманидаги 58-сонли мактаб ўқитувчиси ўзи раҳбарлик қилиб келаётган 5-«V» синф ўқувчиси бошқа ўқитувчиларнинг дарс вақтида ўзининг ноўрин хатти-ҳаракатлари билан қолган ўқувчиларга халақит бериб келаётганини эшитиб қолган. Танаффус пайтида уни тартибга чақирмоқчи бўлганида, ўқувчи синф раҳбарини менсимасдан гап қайтарган. Шундан сўнг, ўқитувчи жаҳл устида ўқувчининг баданининг турли жойларига бир неча маротаба уриб, унга тан жароҳати етказган», — дейилади Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари хабарида.

Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати эса Давлатобод туманида ўқувчисини аёвсиз калтаклаган ўқитувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. 

«Наманган шаҳар, Давлатобод тумани ХТБга қарашли 58-сонли мактабнинг «География» фани ўқитувчиси 2022 йил 13 октябр куни соат 16:10 ларда ўзи синф раҳбарлик қилаётган ушбу мактабнинг 5-синфига кириб, ушбу синф ўқувчисининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, баданининг турли жойларига қўллари билан уриб, унга тан жароҳати етказган.

Давлатобод тумани Ички ишлар бўлимининг масъуллари томонидан шу куннинг ўзида мактабга бориб, назоратга олинган ҳамда ўқитувчи ва ўқувчининг ота-онаси билан суҳбатлашилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид