Жаҳон | 10:58 / 17.10.2022
8014
2 дақиқада ўқилади

Киевга дрон-камикадзелар ёрдамида ҳужум амалга оширилди

Россия кучлари Киевга дрон-камикадзелар билан ҳужум қилди, деб хабар бермоқда Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак. 

Фото: theaustralian

«Руслар бу уларга ёрдам беради деб ўйлаяпти, аммо бундай ҳаракатлар ўлим талвасасига ўхшайди. Бизга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари кўпроқ ва имкон қадар тезроқ керак. Секин ҳаракатларга вақтимиз йўқ», - деб ёзди у Telegram’да. 

Шаҳар мэри Виталий Кличко ҳам Киевга дрон-камикадзелар томонидан ҳужум қилингани тўғрисида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, натижада Киевнинг Шевченко туманида нотурар жой ёниб кетган ва бир нечта турар жой бинолари зарар кўрган.

Украина пойтахти мэри Виталий Кличко эрта тонгда Киевнинг Шевченко туманида бир неча портлашлар юз бергани ҳақида хабар қилди. «Ҳаво тревогаси эълон қилинди. Бошпаналарда қолинг!» - деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида. 

Кеча тунда Россия кучлари Днепропетровск областига ракеталар, «Град»лар ва оғир артиллерия билан бир неча бор ҳужум уюштирди, деб хабар берди област маъмурияти раҳбари Валентин Резниченко Telegram’да. 

Унга кўра, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россиянинг учта ракетасини йўқ қилган. «Битта ракета энергетика инфратузилмаси объектига тегди. У ерда кучли ёнғин кузатилди. Барча хизматлар воқеа жойида ишламоқда», - деди у. 

Резниченконинг сўзларига кўра, Никопол туманига «Градлар»дан 30 дан ортиқ снарядлар ва оғир артиллерия келиб тушган, Марганец ва Красногригоревск ҳудудларида уйларга зарар етган, дастлабки маълумотларга кўра, одамлар жабрланмаган. 

Бундан олдин Украина Қуролли кучлари Бош штаби Россиянинг Херсондаги оккупацион маъмурияти Херсон областининг босиб олинган қисмидан аннексия қилинган Қримга «давлат муассасаларини» эвакуация қилишни бошлагани ҳақида хабар берганди.

Унинг маълумотларига кўра, Херсондан асосан банклар ва пенсия жамғармаси ходимлари ва мол-мулки олиб чиқиб кетилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид