Ўзбекистон | 11:31 / 17.10.2022
2886
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ўн нафар тадбиркор АҚШда амалиёт ўтади

Вашингтонда 7 сентябрдан 4 октябрга қадар маҳаллий тадбиркорлардан ташкил этилган ўн кишилик гуруҳ «Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари» (American Councils) томонидан АҚШда амалга оширилаётган Uzbekistan Business Leaders (UBL) дастури доирасидаги ўқувда иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Дастур доирасида иштирокчилар АҚШ компаниялари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат идораларида, Вашингтон, Остин, Техас ва Сан-Диего шаҳарларида меҳмонхона бизнеси, IT ва инновациялар, инклюзив таълим, кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш, мебел ишлаб чиқариш каби соҳаларда индивидуал амалиёт ўтади.

Мамлакатнинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ ҳудудларига ташрифлари ва ўзбекистонликлар учун тренинглар якунлари бўйича дастур иштирокчилари билан учрашув ўтказди, унинг доирасида UBL курсини тамомлаганлик сертификатлари топширилди.

UBL дастури АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан молиялаштирилади ва Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари томонидан бошқарилади. Унга бизнес, тадбиркорлик, ижтимоий тадбиркорлик ва инновациялар билан шуғулланувчи 22 ёшдан 40 ёшгача бўлган мутахассислар жалб этилади. 

Дастур доирасида иштирокчилар турли тижорат ва нотижорат ташкилотларида, университет бизнес бўлимларида ва тегишли давлат идораларида ихтисослаштирилган профессионал амалиёт ўташ учун АҚШга таклиф этилади. 

2018 йили Ўзбекистонда Америка кенгашлари фаолияти тикланганидан сўнг UBL иштирокчилари ушбу гуруҳи учинчиси бўлди. Биринчи гуруҳ 2021 йил сентябрда, иккинчиси 2022 йил май ойида бўлиб ўтган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид