Ўзбекистон | 12:21 / 19.10.2022
3326
2 дақиқада ўқилади

Касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга субсидия берилади

Фото: Kun.uz

“Касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Тадбиркорлар касаначиликни ташкил этганидан камида 3 ой ўтгандан сўнг субсидия олиш учун Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ёзма равишда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари субсидия ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан сўнг 5 иш куни ичида:

талабгорга ҳар бир касаначи дастлабки 3 ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади;

тадбиркорлик субъектига ҳар бир касаначига асбоб-ускуналар харид қилиб бериш харажатлари 50 фоизгача бўлган қисми, бироқ БҲМ 15 бараваригача миқдорида субсидия ажратилади.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ва тадбиркорлик субъекти ўртасида ижтимоий контракт тузилади. Туман (шаҳар) ҳокимликлари ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази билан биргаликда келгуси йил учун жорий йил 10 декабрига қадар иш билан банд бўлмаган фуқароларни касаначилик йўналишида касбга ўқитиш бўйича давлат буюртмасини шакллантиради.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари давлат буюртмаси асосида нодавлат таълим ташкилотларида касбга ўқитилган фуқаролар малакасини баҳолаш чораларини кўради ва у билан боғлиқ харажатларни ҳар бир банд бўлмаган шахс учун БҲМ 4 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда қоплаб беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид