Жамият | 19:55 / 28.10.2022
13926
3 дақиқада ўқилади

АҚШ билан маданий бойликка доир муҳим битим имзоланади

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида археологик ва этнологик материаллар бўйича маданий бойлик тўғрисида битим имзоланиши кутилмоқда. АҚШ Давлат департаменти Таълим ва маданият масалалари бюроси қошидаги Маданий мерос маркази директори Эрик Катальфамо ва таҳлилчи Энн Комптоннинг Ўзбекистонга 9 кунлик ташрифи давомида ана шу масала муҳокама этилди.

Фото: uz.usembassy.gov

АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, меҳмонлар Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазирлиги, божхона қўмитаси, бош прокуратура ва бошқа манфаатдор ташкилот вакиллари билан маданий мулк бўйича келишувга эришиш учун йўл харитаси яратиш ҳақида гаплашди.

«Биз Ўзбекистонга келиб, унинг бой маданий меросини ўз кўзимиз билан кўришдан жуда хурсандмиз ва ҳукуматнинг уни асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлаймиз», – деди Маданий мерос маркази директори Эрик Катальфамо.

Бу борада битим имзоланиши маданий бойликлар маълум бир турларининг Қўшма Штатларга импорт қилиниши борасида чекловларни юзага келтириб, ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга замин ҳозирлайди. Импорт чекловлари эса талон-торож қилинган объектларнинг АҚШга киришига тўсқинлик қилади ва уларни мамлакатга қайтаришни осонлаштиради.

Давлат департаменти тизимидаги Маданий мерос маркази маданий бойликларни ноқонуний савдодан ҳимоя қилиш ҳамда халқаро кўргазмалар ва тадқиқот учун маданий бойликларнинг қонуний алмашинувини рағбатлантириш бўйича Вашингтон сиёсатини ишлаб чиқишда асосий роль ўйнайди.

Ҳозирга қадар 25 та давлат АҚШ билан маданий мулк тўғрисида битим тузган. Битим тузиш ҳақида қарор қилишдан аввал Маданий мерос маркази одатда талабгор мамлакат маданий мероси бўйича чуқур тадқиқотлар олиб боради.

Қўшма Штатлар Ўзбекистон маданий меросини муҳофаза этишга асосан АҚШ элчиларининг маданий меросни асраш жамғармаси (AFCP) орқали кўмак кўрсатиб келмоқда.

Жамғарма 2001 йилдан буён Ўзбекистонда 14 та лойиҳа, жумладан, Хивадаги XIX асрга оид Тошҳовли саройини сақлаб қолиш, Бухоро, Самарқанд ва Тошкентдаги бир қанча коллекция ва тарихий биноларни асраб-авайлаш учун қарийб 900 минг доллар маблағ ажратди.

Бухородаги Арк давлат музей-қўриқхонасидаги тош асри ва ўрта асрларга оид 700 дан зиёд археологик артефакт ҳамда Афросиёб музейида (Самарқанд) сақланаётган «Элчилар» деб номланган ноёб сурат ҳам ушбу жамғарма кўмагида таъмирланган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид