Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ливерпул» яна ютқазди, Мадридда яна драма. Ҳафта ўйинлари
Шанба ва якшанба кунлари Европа футболида рўй берган асосий воқеалар.
Англия: иродали «Тоттенҳэм», «Ливерпул» ва «Челси» учун шок, «Арсенал» ҳамон пешқадам

Лестер – Манчестер Сити 0:1
Гол: 0:1 – 49 де Брюйне.
Лестер – Уорд, Кастан, Амарти, Фас, Сеюнджю (Дака, 72), Жастин, Тилеманс, Дьюзбери-Холл (Менди, 46), Мэддисон, Барнс, Варди (Иҳеаначо, 71).
Манчестер Сити – Эдерсон, Стоунз, Лапорт, Аканжи (Рубен Диаш, 72), Жоау Канселу, Гундўған, де Брюйне, Родри, Грилиш, Бернарду Силва, Альварес (Фоден, 77).
«Сити» Лестерга жароҳат олиб сафдан чиққан Ҳоландсиз ташриф буюрди, норвегиялик форвард Англияга келганидан буён илк бор АПЛ ўйинини ўтказиб юборди. Кескин вазиятлар деярли кузатилмаган биринчи бўлим Копенҳагендаги ЕЧЛ ўйинини эслатиб юборди, Хосеп Гвардиола ғалаба муҳим бўлмаган ўша ўйинда ўзининг асосий ҳужумчисига дам берган ва ўйин голсиз дуранг билан якунланганди.
Аммо танаффусдан кейин бошқача ўйин кечди. Данияда жамоани дуранг қониқтирган бўлса, бу шанбада турнир жадвалида «Арсенал»ни таъқиб этаётган жамоага фақат ғалаба керак эди ва Де Брюйне жарима нуқтасидан йўллаган аниқ зарбаси билан «тулкилар» мудофаасини таслим этди. Бу гол ғалаба голи бўлиб чиқди ва бельгиялик сардордан ташқари дарвозани ишончли қўриқлаган Эдерсондан миннатдор бўлиш керак. Яна бир вазиятда «Лестер» ҳисобни тенглаштиришга жуда яқин келганди, аммо Тилеманснинг зарбаси шедевр голга айланишига дарвоза тўсини халал берди.
Брайтон – Челси 4:1
Голлар: 1:0 – 5 Троссар, 2:0 – 14, автогол Лофтус-Чик, 3:0 – 42, автогол Чалоба, 3:1 – 48 Ҳавертц, 4:1 – 90 Гросс.
Брайтон – Санчес, Данк, Уэбстер, Эступиньян, Лаллана (Энсисо, 65), Марч, Мак Аллистер, Кайседо, Митома (Лэмпти, 73), Гросс, Троссар (Сармиенто, 87).
Челси – Аррисабалага (Менди, 46), Тиаго Силва, Кукурелья (Чилуэлл, 64), Чалоба, Пулишич (Броя, 79), Ковачич, Лофтус-Чик, Маунт, Галлаҳер (Зиёш, 79), Ҳавертц, Стерлинг (Обамеянг, 63).
Грэм Поттернинг собиқ жамоасига қарши ўйини Англиядаги турнинг ўзига хос ўйинига айланди. Бу мураббий «Брайтон»га мағлубиятсиз серия қайд этган ҳолда ташриф буюрди. «Чайкалар» эса ўйин бошиданоқ бу серияни якунлаш истагини намойиш эта бошлашди. Тиагу Силва бунга қаршилик кўрсатди, бир неча дақиқа ичида икки бор бўш дарвозага кириб кетаётган тўпни боши билан қайтариб юборди, аммо «Челси» ҳимояси ажойиб мавсум ўтказаётган Троссарни тўхтата олмади.
Кўклар очиқчасига рақиб босимига дош бера олмади ва кўп ўтмай Лофтус-Чик номига ёзилган автогол билан ҳисобдаги фарқ ошди. Меҳмонлар ҳам жавоб ҳужумлари уюштиришди ва бўлим давомида ҳисобни тенглаштиришлари ҳам мумкин эди, аммо мезбонлар дарвозасидаги Санчес юқори даражада ўйин намойиш этди, «Брайтон»нинг ҳужумдаги фаолликни давом эттириши эса Кепа учун даҳшатли тушни давом эттирди, уни яна бир бор ўз жамоадоши боши берк кўчага солиб қўйди. Бундай суръатда Роберто Де Дзерби мухлислар ёқимтойига айланишда давом этади, чунки «чайкалар» АПЛда Поттер бошқарувида кечган 120 ўйинда бирор марта бундай биринчи бўлимни ўтказишмаганди.
«Челси» танаффусда дарвозабонни алмаштирди ва иккинчи бўлим Ҳаверцнинг голи билан бошланди. Фақат ҳеч қандай камбэк рўй бермади ва Поттер жамоада илк мағлубиятини тан олди. Қолаверса, Менди ҳам дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қололмади, қўшимча дақиқаларда Гросс ҳисобни яна йириклаштирди.
Борнмут – Тоттенҳэм 2:3
Голлар: 1:0 – 22 Мур, 2:0 – 49 Мур, 2:1 – 57 Сессеньон, 2:2 – 73 Дэвис, 2:3 – 90+2 Бентанкур.
Борнмут – Трэверс, Смит, Сенеси, Мифем, Земура, Тавернье (Фредерикс, 78), Лерма, Кук, Биллинг (Энтони, 63), Мур, Соланке (Стивенс, 89).
Тоттенҳэм – Льорис, Эмерсон (Перишич, 63), Дэвис, Лангле, Санчес (Дайер, 58), Сессеньон (Хиль, 84), Хейбьерг, Биссума (Бентанкур, 58), Скипп (Лукас Моура, 46), Сон Ҳён Мин, Кейн.
«Челси» бир неча кун ичида иккита ҳиссиётларга бой ўйин ўтказган «Тоттенҳэм»дан намуна олиши керак. ЕЧЛ гуруҳ босқичида «Спортинг»га қарши ўйинда «шпорлар» мағлубиятдан қутулиб қолишган, қўшимча дақиқалардаги гол эвазига ғалабани илиб кетгандек бўлганди. Ўшанда Кейннинг голи бекор қилинди, аммо «Борнмут»га қарши сафар ўйини ҳеппи-энд билан якунланди, ҳолбуки бу ўйинда икки тўп фарқини йўқотиш талаб этиларди.
Бу сафар ҳам сеҳрли таёқча ролини Бентанкур бажарди, ушбу уругвайлик «Спортинг»га қарши ўйинда бўлгани каби бурчак зарбасидан кейин гол урди. Фарқи шундаки, бу сафар узатилган тўпга тўғридан тўғри зарба эмас, ҳужумнинг якунида зарба берилди. Ва бу ерда тасодифийлик йўқ: кучли учликдаги ўрнини сақлаб қолаётган Антонио Конте жамоаси ўтган мавсум бошидан буён чемпионатда тўртинчи бор ғалаба голини 90-дақиқадан кейин урмоқда ва бу борада жамоанинг тенги йўқ.
Ливерпул — Лидс 1:2
Голлар: Салоҳ (14) — Родриго (5), Саммервилл (89).
Ливерпул – Алиссон, Александер-Арнолд (Милнер, 79), ван Дейк, Гомес, Робертсон, Эллиотт (Жонс, 60), Тиаго Алькантара, Фабиньо (Ҳендерсон, 61), Фирмино, Салоҳ, Нуньес.
Лидс – Мелье, Кристенсен, Купер, Кох, Стрейк, Рока, Адамс, Ҳаррисон (Ньонто, 72), Ааронсон, Родриго (Бэмфорд, 52), Саммервилл (Эйлинг, 90+1).
Огоҳлантириш: Саммервилл (90).
«Ливерпул» трендни давом эттирди ва ўзига яна муаммо туғдирди. Гомес яна антиқаҳрамонга айланди, у аввалига қанотда тўпни рақибдан олиб қўйди, кейин дарвозабон ҳудудига пас узатди, тўп ван Дейк ва Алиссон ўртасидан ўтиб бўш дарвоза қаршисида пайдо бўлган Родригога борди, ҳисоб 4-дақиқадаёқ очилди. Лекин қизиллар жавоб зарбасини қайтаришга ҳаялламади, ўн дақиқа ўтиб Салоҳ ҳисобни тенглаштирди. Аммо жамоа муваффақиятни ривожлантира олмади. «Лидс» қарши ҳужумларда иккинчи голни уриши ҳам мумкин эди, зарбалардан бири тўсиндан қайтди. Иккинчи бўлимда мезбонлар фаолликни оширишди, Нуньес бирга-бир вазиятда тўпни дарвозабонга қарата тепди, яна бир вазиятда уругвайликнинг зарбаси тўсинга тегди.
Мелье «Лидс» дарвозасини ишонч билан қўриқлади, ўйин сўнгида сейвлари коллекциясига Салоҳ ва Роберто Фирминонинг зарбаларини қайтаришини ҳам қўшиб қўйди. Аммо бу «Энфилд» учун ҳаммаси эмасди. Ҳақиқий шок ўйин охирида Саммервилл жарима майдони ичида нозик ҳаракатлар амалга ошириб, тўпни секингина олис устун томон йўллаганида рўй берди. Бундай драма қизиллар майдонида ўн йилдан буён рўй бермаганди — ўшанда «канонирлар» ҳужумчиси ван Перси сўнгги дақиқаларда ғалаба голини урганди.
Бу «Ливерпул» ван Дейк билан АПЛ доирасида «Энфилд»да илк бор мағлубиятга учраши бўлди. Жамоа АПЛда сўнгги 5 ўйиннинг 3 тасида ютқазди. Мерсисайдликлар ўз уйида 2021 йил мартидан кейин (29 ўйин) илк бор мағлуб бўлди. Эндиликда Клопп шогирдлари 12 ўйинда 16 очко жамғарган ҳолда, турнир жадвалида 9-ўринда бормоқда.
Арсенал – Ноттингҳем Форест 5:0
Голлар: 1:0 – 5 Мартинелли, 2:0 – 49 Нелсон, 3:0 – 52 Нелсон, 4:0 – 57 Парти, 5:0 – 78 Эдегор.
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Габриэл, Салиба (Тирни, 76), Томиясу (Соареш, 63), Чака (Нкетиа, 75), Парти, Эдегор, Сака (Нелсон, 27), Габриэл Жезус, Мартинелли (Фабиу Виейра, 63).
Ноттингҳем Форест – Хендерсон, Орье, Кук, Маккенна, Лоди (Уильямс, 64), О`Брайен, Куяте, Фройлер, Йейтс, Лингард (Деннис, 56), Гиббс-Уайт (Жонсон, 56), Авонийи (Уоррелл, 64).
Огоҳлантириш: Гиббс-Уайт (44).
«Арсенал» охирги вақтларда бироз толиққандек эди. Бу ўтган турда «Саутҳемптон»га қарши ўйинда билинди, лондонликлар ўшанда ғалабани қўлдан чиқарганди. Кейин эса Европа Лигасида Микел Артета жамоаси сентябр ойидан буён илк бор мағлубиятга учради - гарчи натижаси у қадар аҳамиятсиз бўлган ўйинда бўлса ҳам. АПЛнинг асосий аутсайдери «Ноттингҳем»га қарши ўйин кучли бошланган бўлса ҳам, «канонирлар» бироз ҳаяжонланди.
Саканинг Мартинеллига навбатдаги голли узатмасининг ўзи етарли эмасди ва «ўрмончилар» Рамсдэйлни босим остида ушлаб туришди, Лингард эса ҳисобни тенглаштиришга яқин келди. Аммо меҳмонларнинг захираси етарли эмасди ва 27-дақиқада жароҳат олиб ўйиндан олинган Сака ўрнига тушган Нельсон кечанинг кутилмаган қаҳрамонига айланди.
Одатда бундай ҳолатларга шунчаки бахтсиз ҳолат сифатида қаралади, аммо ЖЧ-2022 яқинлашиб келаётгани фонида Саканинг сафдан чиқиши Англия терма жамоаси учун жиддий зарбага айланиши мумкин. Нельсон эса иккинчи бўлим бошида саккиз дақиқа ичида «Арсенал»нинг ғалабасини ва биринчи ўринга қайтишини таъминлади, икки йилдан ошиқ вақтдан буён АПЛда гол урмаган вингер ўзи икки гол уриб, Партей яна бир чиройли гол уриши учун пас берди.
Эдегорнинг ўйинга нуқта қўювчи кучли зарбаси эса «Арсенал» АПЛда ўз майдонидаги ўйинларда 19-бор беш гол фарқи билан ғалаба қозонишини таъминлади. Бир қарашда бу оддий рақамлардек кўринади, аммо аввалги 18 йирик ҳисоб Арсен Венгер даврига тўғри келади!
🍿 Highlights are here, Gooners!
— Arsenal (@Arsenal) October 30, 2022
📺 Arsenal 5-0 Nottingham Forest 👇 pic.twitter.com/xMicFdYgc3
Манчестер Юнайтед – Вест Ҳэм 1:0
Гол: 1:0 – 38 Рэшфорд.
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Диогу Далот, Магуайр, Мартинес, Шоу, Эриксен (Фред, 79), Каземиро, Бруну Фернандеш, Роналду, Рэшфорд, Эланга (Мактомини, 61).
Вест Ҳэм – Фабианьски (Ареоля, 46), Керер, Доусон, Зума, Крессуэлл, Соучек, Райс, Даунс (Форнальс, 77), Бенраҳма, Боуэн, Скамакка (Антонио, 57).
Огоҳлантиришлар: Скамакка (36), Соучек (72), Керер (78), Бруну Фернандеш (90).
Криштиану Роналду қаторасига иккинчи ўйинни бошланғич таркибда бошлади. Аммо португалиялик футболчининг жорий мавсумдаги самарадорлик кўрсаткичи жуда ёмон ҳолатда. Финал ҳуштаги янграганидан кейин бу таассурот рақамлар билан янада мустаҳкамланди. АПЛда тўққиз ўйинда майдонга тушган Криш 1 гол урган, зарбалари самарадорлиги 5 фоизга ва xG бўйича (дарвозага берилган зарбаларнинг хавфлилик даражаси) кутилган гол 0,07га тенг.
Лекин Рэшфордда ҳаммаси жойида, у Эриксеннинг заргарона узатмасидан кейин боши билан дарвозани ишғол этиб, ўйин тақдирини ҳал қилди. Форвард учун бу «МЮ» таркибидаги 100-гол бўлди ва «қизил иблислар» Чемпионлар лигаси квартетига деярли қайтишди. Тўртинчи ўриндаги «Ньюкасл» билан орадаги фарқ атиги бир очко (захирада бир ўйин бўлгани ҳолда), Эрик тен Ҳаг жамоаси мавсумда илк бор турни тўплар нисбатидаги ижобий ҳолат билан якунлади.

Испания: «Атлетико»дан яна омад юз ўгирди, «Барселона»нинг омади келди
Кадис – Атлетико 3:2
Голлар: 1:0 – 1 Бонгонда, 2:0 – 81 Алекс Фернандес, 2:1 – 85, Жоау Фелиш, 2:2 – 89 Жоау Фелиш, 3:2 – 90+9 Собрино.
Кадис – Ледесма, Эрнандес, Фали Хименес, Мбайе (Виктор Чуст, 30), Эспино, Алекс Фернандес, Сан-Эметерио (Хосе Мари, 68), Бонгонда (Алехо, 74), Лосано (Лукас Перес, 74), Собрино, Окампо (Алькарас, 68).
Атлетико – Облак, Молина, Савич, Витцель, Рейнилду, Карраско (Гризманн, 60), Кондогбиа (Барриос, 72), Сауль, де Пауль, Мората (Матеус Кунья, 10), Корреа (Жоау Фелиш, 60).
Огоҳлантиришлар: Кондогбиа (62), Сан-Эметерио (65), Сауль (78), Виктор Чуст (87), Матеус Кунья (90), Жоау Феликс (90).
«Атлетико» Чемпионлар лигасидаги муваффақиятсизлик кайфиятидан чиқиб кета олмади ва ла лига аутсайдерига қарши ўйиннинг 27-сониясидаёқ гол ўтказиб юборди! Кейин «Кадис» дарвозабони Ледесма мўъжиза кўрсатди, Алекс «Кадис»нинг ҳисобдаги устунлигини оширганида эса барчаси ҳал бўлгандек туюлди. Аслида эса барча қизиқ ишлар энди бошланаётганди ва Диего Симеоне иккинчи бўлимда майдонга туширган Жоау Фелиш ишончни оқлади. Португалиялик футболчи шундай ўйнадики, унинг режимга муносабатига саволлар қолмади ва энди у кейинги ўйинларда бошланғич таркибга қайтиши мумкин.
Гап Фелиш «Байер»га қарши ўйиндан кейин эрталабки соат тўртда боулингда кўнгилхушлик қилаётгани акс этган видео ҳақида кетмоқда. Лекин унинг тунги сайрлари майдондаги маҳоратига таъсир кўрсатмагани кўриниб турибди. Аввалига унинг «қайчи» услубидаги зарбаси автоголга сабаб бўлди, кейин Фелиш узоқ масофадан аниқ зарба йўллаб, таблода иккита икки порлашини таъминлади. Аммо бу ҳам ҳали ҳаммаси эмасди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар тугаётганида мадридликлар мудофаасида палапартишлик юзага келди ва Собрино ғалаба голини урди. Бу сафар VAR «Атлетико»га совға бермади ва тўп форварднинг қўлига тегишини қоидабузарлик деб топмади.
Валенсия — Барселона 0:1
Гол: Левандовски (90+3).
Валенсия – Мамардашвили, Тьерри Коррейя (Хесус Васкес, 80), Габриэл Паулиста, Жемерт, Гайя, Фулькье, Гильямон, Алмейда (Тони Лато, 72), Кавани (Маркос Андре, 18), Клюйверт (Кастильехо, 72), Лино.
Барселона – тер Стеген, Бальде, Кунде (Пике, 74), Эрик Гарсия (Алонсо, 42), Альба, Бускетс (Гави, 56), де Йонг, Педри, Левандовски, Дембеле (Ферран Торрес, 56), Фати (Рафинья, 57).
Огоҳлантиришлар: Эрик Гарсия (21), Алонсо (45), Лино (67), Гильямон (84), Гави (89), Пике (90+2), Кастильехо (90+7), Фулькье (90+7), Ферран Торрес (90+7).
«Валенсия»ни жонлантирган Женнаро Гаттузо ўйин олдидан шундай деди: «Бу мавсумда «Барселона»нинг икки версияси бор: ла лигада ўйнаётгани жуда кўп гол уради ва ақл бовар қилмас футбол намойиш этади».
Аммо «Месталья»да меҳмонларга вазиятлардан фойдаланиш борасида аниқлик етишмади. Масалан, Фати бирга-бир вазиятда гол уролмади, кейинги вазиятда урган голи офсайдда қолганди, Левандовскининг биринчи бўлим охирида бош билан йўллаган зарбаси устунга тегди. Шу билан бирга мезбонларнинг иккинчи бўлим бошидаги голи тўп Маркос Андренинг қўлига теккани учун бекор қилинди, лекин бу вазиятда Бальде Линони ўтказиб юбориб, қўпол хатога йўл қўйганди.
Иккинчи бўлим охирларида Фернан Торрес йўл қўйган хато эса тур хит-парадларига киради. Педри уни идеал позицияга чиқарди, аммо дарвоза қаршисида турган форвард тўпга шунчаки тегиниб қўйишни эплай олмади ва ўз оёғини тепди. Бундай хатоларга йўл қўйилганда одатда ғалаба қозонилмайди, аммо «Барса» барибир уйга уч очко билан қайтадиган бўлди. Қўшиб берилган дақиқаларнинг учинчиси ўтаётганида Левандовски шу кечада очко олишга ҳақли ўйнаган «Валенсия»ни нокаутга учратди.
Реал – Жирона 1:1
Голлар: 1:0 – 70 Винисиус Жуниор, 1:1 – 80, пенальти Стуани.
Реал – Куртуа, Карвахаль, Алаба, Рюдигер, Менди (Милитао, 87), Модрич, Кроос, Камавинга (Асенсио, 61), Вальверде (Мариано Диас, 86), Винисиус Жуниор, Родриго.
Жирона – Гассанига, Ян Коуто (Рикельме, 58), Мартинес, Давид Лопес, Буэно, Мигель Гутьеррес (Хави, 63), Фернандес (Тони Вилья, 76), Ромеу, Алеиш Гарсия, Эррера (Рейньер, 76), Кастельянос (Стуани, 76).
Огоҳлантиришлар: Давид Лопес (51), Кроос (55), Гассанига (59), Модрич (75), Мартинес (90).
Четлатиш: Кроос (90, иккинчи сариқ карточка).

«Барселона»нинг қийин ғалабасидан бир кун ўтиб ҳамон жароҳатдаги Бенземасиз ўйнаётган «Реал» ҳам қийин ўйин ўтказди. Мадридликлар ўйинни назорат қилаётгандек эди, аммо биринчи бўлиб гол ўтказишига бир бахя қолди, бу вазиятда Куртуани тўсин қутқарди. Родригонинг зарбаси устунга текканида «Жирона»га ҳам омад кулиб боқди.
Қаймоқранглиларнинг ўйинидаги барча камчиликларга қарамай, улар барибир ўз мақсадига эришадигандек эди. Ва бу фикрни мавсумнинг икки қаҳрамони мустаҳкамлади: Вальверде шундай пас бердики, Винисиус Жуниор тўпни бўш дарвозага йўналтириши қолганди. Лекин кейин барчаси ўзгариб кетди, ўйиндан захирага қўшилган Асенсио дастлаб иккита қулай вазиятни йўққа чиқарди.
Аммо бу ушбу футболчи учун даҳшатнинг бошланиши эди. У ҳимояга ёрдамга келганида тўп унинг қўлига тегди, видеотакрордан кейин ҳакам пеналти қўйди ва Стуани ҳисобни тенглаштирди. Бу очко йўқотишдан кейин «Барселона» билан орадаги фарқ биттагача қисқарди. Кроос эса ўйин охирида иккинчи сариқ карточкани олиб, майдондан четлатилди, бу ушбу футболчининг 15 йиллик фаолиятида илк бор қизил карточка олишидир.

Германия: «Унион» ҳамон пешқадам


Статистика
- Бу асрда Нидерландия чемпионатида учта турли жамоа сафида камида 20 тадан гол урган учинчи футболчи «Твенте» ҳужумчси ван Волфсвинкел бўлди.
- «Осасуна» бу мавсум пеналтидан 4 гол урди ва бу борада ла лигада етакчилик қилмоқда.
- Франция чемпионатида бу мавсумдаги ўйинларда «Лилл» форварди Дэвид 4 бор тўпни дарвоза устуни ёки тўсинига теккизди - у чемпионатнинг энг омадсиз футболчиси бўлиб турибди.
- «Ньюкасл» яримҳимоячиси Альмирон АПЛнинг жорий мавсумида 7 гол урди. Ушбу парагвайлик футболчи кучли бешлик чемпионатларида энг кўп гол ураётган жанубий америкаликлар орасида фақат Неймардан ортда қолмоқда.
- «Ницца» бу мавсумда биринчи бўлиб гол ўтказиб юборган ўйинларида 8 очко жамғарган. «Бургутлар» — Франция чемпионатидаги энг иродали жамоа бўлиб турибди.
- «Фулҳэм» — 24 зарба бериб, битта ҳам гол ура олмасдан, АПЛда 2003/04 йиллар мавсумидан буён бу борадаги энг ёмон кўрсаткични қайд этди, «Эвертон»га қарши голсиз дуранг билан якунланган ўйиндаги бу зарбаларнинг 10 таси сербиялик форвард Митрович ҳисобига ёзилган.
- «ПСЖ»да дебют қилганидан буён Серхио Рамос 30 учрашувлик мағлубиятсиз серия қайд этмоқда, у бу борада бразилиялик Раига тегишли бўлган клуб рекордини янгилади.
Мавзуга оид
21:55 / 05.06.2026
«Реал» жиддий қайта қуриш даврига кирмоқда
12:04 / 04.06.2026
«Реал» тарихидаги асосий таҳдидни тўхтатиш керак». Пересни жангга чорлаган ким?
14:18 / 01.06.2026
«Кейинги йил ЕЧЛ учун қайтамиз». «Арсенал» Лондонда чемпионлик паради ўтказди
15:43 / 31.05.2026