Ўзбекистон | 13:00 / 31.10.2022
12152
7 дақиқада ўқилади

"Zakovat-Gambit" шахмат турнирининг 600 млн сўм эгалари аниқланди

Тошкентда ҳаваскор ва профессионал шахматчиларни бир жойга жамлаган навбатдаги "Zakovat-Gambit" турнири ўтказилди. Унда ёши ва рейтингидан қатъи назар барча Ўзбекистон фуқаролари иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

Иккинчи марта ўтказилган мусобақа уч босқичда ташкил этилди. www.chess.com платформасида бўлиб ўтган саралаш босқичида 1569 нафар шахматчи қатнашди ва улар орасидан саралаб олинган 83 нафар иштирокчи эса яримфинал ҳамда финалда ўйнади.

"Zakovat-Gambit" ўйинларидан сурат / Фото: Заковат
"Zakovat-Gambit" ўйинларидан сурат / Фото: Заковат
"Zakovat-Gambit" ўйинларидан сурат / Фото: Заковат

Халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминованинг айтишича, бу каби мусобақалар биринчи навбатда шахмат спорт тури оммалашишига хизмат қилади.

“Чунки узоқ-узоқ қишлоқлардаги мусобақада қатнашиш имконияти бўлмаган одамлар ҳам ҳеч бўлмаса, онлайн тарзда ўзини синаб кўриш имкониятига эга бўлишди. Онлайн баҳсларда яхши иштирок этганлар вилоятлардан келиб ҳам финал ўйинларида бўлишди.

Баъзиларини умуман билмаймиз, танимаймиз ҳам. Умуман нотаниш бўлган шахматчилар ҳам шу ергача келишди. Яхши қобилият эгалари кашф этилмоқда.

Бундан ташқари, мусобақанинг мукофот жамғармаси ҳар бир гуруҳга тенг тақсимлангани ва унинг сезиларли даражада қийматли экани ўсиб келаётган ёш шахматчиларимизга қайсидир маънода молиявий кўмак бўлмоқда”, – деди Нафиса Мўминова.

Нафиса Мўминова, халқаро гроссмейстер / Фото: Kun.uz

Турнир иштирокчилари рейтингига қараб, 5 та гуруҳга бўлинган. Бунда B, C, D, E гуруҳидагилар 9 та турда швейцарча тизимда баҳслашган бўлса, А гуруҳидаги профессионал шахматчилар давра суҳбати тарзида навбат билан ўзаро оқ ва қора доналарда ўйнашди. Иштирокчилар орасида август ойида Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-шахмат олимпиадасида ғолибликни қўлга киритган профессионал шахматчи Жаҳонгир Воҳидов ҳам иштирок этди.

Жаҳонгир Воҳидов халқаро гроссмейстер Ҳарика Дронавалли билан ўйнамоқда / Фото: Заковат

Унинг таъкидлашича, “Zakovat-Gambit” шахмат турнири ўзига хос мусобақалардан ҳисобланади.

“Чунки бу мусобақада ҳам профессионал, ҳам ҳаваскор шахматчилар тажрибали гроссмейстерлар билан кураша олади. Шунинг учун ҳам буни дунёда ягона турнир десак бўлади. Бу эса, албатта, янги шахматчиларни кашф қилишдаги мактаб ҳисобланади.

Ўтган йилги мусобақа ҳам жуда қизғин тарзда кечган эди. Кўплаб кучли шахматчилар келиб, ёшлар билан биттадан сеанс ўйнаб, тажрибаларини оширишга кўмаклашганди. Бу ҳаракатлар янги авлод шахматчиларига маҳоратли дарс бўлади. Умид қиламизки, янги шахматчилар Ўзбекистон номини жаҳонга танитган вақтида “Zakovat-Gambit” орқали чемпион бўлишганини таъкидлаб ўтишади”,– дея қайд этади Жаҳонгир Воҳидов.

Жаҳонгир Воҳидов, Профессионал шахматчи, Фото: Заковат

Бу йилги турнир учун ҳам дунёга машҳур гроссмейстерлар таклиф қилинди. Жумладан, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиони, 2000-2002 йилларда FIDE жаҳон вице-чемпиони бўлган Алексей Широв, иккинчиси эса 20 ёшлилар ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган, қолаверса, Ҳиндистон ва Осиё миқёсида ўтказилган турнирларда ғолиб бўлган Ҳарика Дронавалли “Zakovat-Gambit” турнирида иштирок этишди.

Алексей Широв ва Ҳарика Дронавалли ўзаро баҳслашмоқда / Фото: Заковат

“Мусобақа профессионал тарзда ташкил этилди. Қатнашувчиларнинг рейтинги бу ерда рол ўйнамайди, лекин ўйинига жуда диққат-эътиборли бўлган шундай болаларни кўрдим: баъзи ўйинларда ютқазганлари учун кўз ёшларини ҳам тия олишмади. Бу эса жуда яхши шахмат атмосфераси пайдо бўлганидан даракдир.

Бу каби турнирлар ўсмир ҳамда ёшларнинг яхшигина ривожланишига хизмат қилади ва мен бундан хурсандман. Умуман олганда, уйимга қайтаётганда бу ердан фақат яхши таассурот олганимни эслайман”,– деди Ҳарика Дронавалли.

Ҳарика Дронавалли, Халқаро гроссмейстер / Фото: Заковат

Ўйинлар ўз якунига етгач, тадбирнинг бадиий қисми, концерт дастури ҳамда тақдирлаш маросими бошланди. Унда турнир ташкилотчилари сўзга чиқиб, Ўзбекистон ёшларининг шахмат спорт тури борасидаги ютуқларини таъкидлаб, келгусида бундан ҳам каттароқ натижалар қайд этилишига умид билдиришди.

Шундан сўнг бирин-кетин турнирнинг ғолиб ҳамда совриндорлари тақдирлана бошлашди. Дастлаб энг ёш ва ёши улуғ шахматчиларга 10 млн сўмдан мукофот пули топширилди.

Энг ёш иштирокчи номинацияси ғолиби бўлган 8 ёшли Орият Обиджоновга 10 млн сўм берилмоқда / Фото: Заковат
Энг ёши улуғ иштирокчи номинацияси бўйича 10 млн сўм мукофот 64 ёшли Разет Зияддиновга насиб этди / Фото: Заковат

Кейин эса гуруҳлар кесимида 3 та ўрин соҳиблари эълон қилинди.

А гуруҳ финалининг ғолиблари:

1-ўрин - Жавоҳир Синдоров;

2-ўрин - Жаҳонгир Воҳидов;

3-ўрин - Муҳиддин Мадаминов.

Қоидага кўра, хорижий меҳмонлар – Ҳарика Дронавалли ва Алексей Шировларнинг турнирдаги натижалари ҳисобга олинмаслиги сабабли юқоридаги иштирокчилар А гуруҳи совриндорлари бўлди.

B гуруҳида қуйидаги иштирокчилар ғолиб бўлди:

1-ўрин - Хумоюн Бегмуродов;

2-ўрин - Олег Артёменко;

3-ўрин - Далер Воҳидов.

C гуруҳи ғолиблари:

1-ўрин - Афруза Ҳамдамова;

2-ўрин - Асроржон Омонов;

3-ўрин - Миразиз Қўзиев.

D гуруҳи финалининг ғолиблари:

1-ўрин - Исломбек Синдоров;

2-ўрин - Темур Шерназаров;

3-ўрин - Акбарали Абдуҳакимов.

E гуруҳи финалининг ғолиблари:

1-ўрин - Мадинабону Халилова;

2-ўрин - Абдумажид Ботиралиев;

3-ўрин - Абдумалик Халилов.

Белгиланганидек, ғолиблар қуйидаги миқдорда мукофотланади:

1-ўрин - 50 миллион сўм;

2-ўрин - 30 миллион сўм;

3-ўрин - 20 миллион сўм.

Бундан ташқари, тадбир сўнгида энг фаол 4 нафар қизлар ҳам 20 млн сўм қийматида пул мукофоти билан тақдирланишди.

Жорий йилдаги турнир ғолибларига 600 млн сўм тарқатилган. 2021 йилда бўлиб ўтган “Zakovat-Gambit” турнирининг мукофот жамғармаси 610 миллион сўмни ташкил этганди. Ташкилотчилар бу йилги турнирнинг А гуруҳи қатнашчилари орасида аёллар ва қизлар бўлмагани, шу сабабли бу гуруҳда энг фаол аёл номинацияси ғолиби бўлмагани учун 2021 ва 2022 йилги мусобақаларнинг мукофот жамғармасида фарқ юзага келганини билдиришди.

Эслатиб ўтамиз, шахмат бўйича жаҳон чемпионлари Вишванатан Ананд, Рустам Қосимжонов, шахмат қироличаси Юдит Полгар, 2016 йилда ўйин сеансидаги партиялар сони бўйича шахмат жаҳон рекордини ўрнатган (48 ўйин) Тимур Гареев, 2018 йилда 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ўтказилган шахмат бўйича жаҳон чемпионати иккинчи ўрин совриндори ҳамда 2019 йилда жаҳоннинг энг яхши 30 шахматчиси қаторидан жой олган Гулрухбегим Тоҳиржонова 2021 йилги турнирнинг фахрий меҳмонлари бўлишганди.

Илк турнир якунларига кўра, ўз гуруҳларида 1-ўринни олганларга 50 млн, 2-ўрин эгаларига 30 млн ва 3-ўриндан жой олганларга 20 млн сўмдан пул мукофотлари берилганди. Шунингдек, қизлар ўртасидаги мусобақаларда ажойиб иштирок этган 4 нафар қизнинг ҳар бири 20 млн сўмдан пул мукофоти билан тақдирланганди.

Мавзуга оид