Жаҳон | 12:31 / 03.11.2022
16005
13 дақиқада ўқилади

Россияда сафарбарлик чиндан ҳам тугадими? Асосий саволларга жавоблар

Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгу 28 октябр куни президент Владимир Путин билан учрашувда «қисман» сафарбарлик доирасида президент фармонида белгиланган миқдордаги аскарлар йиғилганини айтди. Бироқ кейинги кунларда ҳам бутун Россия бўйлаб эркакларга чақирув қоғозлари келишда давом этди. Расмий равишда, президент сафарбарликни тугатиш тўғрисидаги фармонни имзоламагунга қадар, ҳарбий хизматга чақириш учун ҳуқуқий асослар сақланиб қолади. Путин эса ҳали бундай қарорни имзолагани йўқ.

Фото: Александр Щербак / ТАСС

Россия мудофаа вазирлиги ҳам «қисман сафарбарлик тадбирлари якунлангани» ҳақида эълон қилди. Вазирлик 1 ноябрдан чақирув қоғозларини етказиб бериш тўхтатилгани, сафарбарлик учун фойдаланилган бинолар олдинги вазифасига қайтарилишини маълум қилди. Вазирлик баёнотига кўра, ҳарбий комиссарликларнинг шахсий таркиби ҳам одатдаги хизматига қайтади. Россияда ҳарбий хизматга кузги чақирув эса 1 ноябрдан 31 декабргача давом этади, президент фармонига кўра, бу муддатда 120 минг киши ҳарбий хизматга чақирилиши керак.

Бундан ташқари, РФ мудофаа вазирлиги келажакда фақат кўнгиллилар ва шартнома тузган аскарларгина мамлакат қуролли кучларига юборилишини ваъда қилди. Айнан мудофаа вазирлиги баёнотидан сўнг Путин журналистларга сафарбарликни якунлаш учун махсус фармон керак ёки йўқлигини «ўйлаб кўрмагани» ва бу масалада «ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашиши»ни айтди.

Кейинроқ, президент матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин «ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашгани»ни билдирди ва ҳуқуқшунослар президентга «қисман сафарбарлик»ни тугатиш тўғрисида алоҳида фармон талаб қилинмаслиги, сафарбарлик бундай ҳужжатсиз ҳам якунланиши мумкинлигини айтганини маълум қилди.

Хўш Россияда сафарбарлик энди тугадими?

Амалда йўқ.

29 октябр куни Петербургда яшовчи эркак квартирасининг почта қутисидан чақирув қоғозини олади. Унда фуқарога 30 октябр куни соат 09:00 да ҳарбий комиссариатга бориши кераклиги айтилган. У бу ерда яшашини ҳеч қаерга ёзмаган, ҳамма жойда ўзининг қишлоқдаги манзилини белгилаганди.

У сафарбарлик бошлангандан буён яшириниб келган ва жамоат жойларига чиқмаган. Эркак ҳарбий комиссариатдагилар уни қандай топганидан бехабар. У белгиланган вақтда комиссариатга бормаган ва яширинишда давом этган.

Ҳарбий комиссариатдагилар 31 октябр куни иркутсклик 24 ёшли йигитнинг уйига ҳам чақирув қоғози олиб борган. «Укам анчадан бери уйида йўқ эди, улар отамга чақирув қоғозини беришга ҳаракат қилди, аммо отам уни олмади» дейди йигитнинг опаси. Унинг укаси врач бўлиб, ҳарбий хизмат ўтамаган, бироқ сафарбарлик талабларига тўғри келган. Комиссариат вакиллари йигитга яқин кунларда ҳарбий комиссариатга бориши кераклигини етказиб қўйишни сўраб, жўнаб кетади.

Хабаровсклик Михаилнинг ота-онаси (қаҳрамоннинг исми унинг илтимосига биноан ўзгартирилган) 30 октябр куни кечқурун ўғлининг номига чақирув қоғози олади. Михаил сафарбарлик бошланиши биланоқ Россияни тарк этганди. Унинг онаси комиссариат ходимларига ўғли анчадан бери хорижда эканини айтади. Шундан сўнг ходим чақирув қоғози орқасига «чет элда» деб ёзиб қўйган.

Охирги бир неча кун ичида турли ҳудудлардаги ҳарбий комиссариатлар Шойгунинг баёнотидан кейин ҳам чақирув қоғозлари берилиши давом этаётганини маълумотларни текшириш зарурати дея изоҳлади.

«Ҳозир етказилиши мумкин бўлган чақирув қоғозларини сафарбарлик сифатида эмас, балки маълумотларга аниқлик киритиш сифатида қабул қилиш лозим. Бу бизга захирадагиларнинг янгиланган маълумотлар базасини шакллантириш учун керак. Биз ҳозир буни тартибга солишимиз жоиз», деган Курск области губернатори Роман Старовойт.

Худди шундай баёнот Пенза области ҳарбий комиссари томонидан ҳам берилган. Унинг сўзларига кўра, 28 октябрдан кейин чақирув қоғозини олиб, ҳарбий комиссариатга келганлардан ҳарбий сифатидаги касбий маълумоти, касаллиги борлиги, яшаш жойи ва бошқа маълумотлар олинади.

Фото: EPA

Бироқ, бу сўзларга зид бўлган ҳолатлар ҳам маълум.

Шойгу Путинга сафарбарлик режаси бажарилгани ҳақида ҳисобот берган куни Шуйские ситцы фабрикасида ишловчи ивановолик 24 ёшли Дмитрий Куценконинг иш жойига чақирув қоғози келган. Иш берувчи Куценкога бронь (сафарбарликдан ҳимоя қоғози) беради. Эртаси куни Куценко нарсалари билан ҳарбий комиссариатга боради. У бронни ўзи билан олмайди (сафарбарлик тугаганига ишонади). Ундан паспорти, чақирув қоғози ва ҳарбий билетини олиб қўйишади ва уни шу ердан Владимир области, Ковров шаҳридаги ҳарбий қисмга олиб кетишади.

Ростов областининг Батайск шаҳридан бўлган фуқаро 27 октябр куни чақирув қоғози олади ва 28 октябр куни, Шойгунинг сафарбарлик тугагани ҳақидаги эълонидан хабар топиб, эртаси куни ҳарбий комиссариатга боради.

У ерда унга чақирув қоғози ҳали амалда эканини айтишади ва уни кўнгилли сифатида рўйхатга олишади. Фуқарога 2 ноябр куни нарсалари билан тайёр ҳолатда комиссариатга келиш тайинланади. Фуқаро журналистларга аслида кўнгилли бўлишга розилик бермаганини айтган.

Шундай қилиб, президент «қисман» сафарбарликни якунлаш тўғрисидаги фармонни имзоламагунга қадар мудофаа вазирлиги исталган вақтда ҳудудларга янги сафарбарлик режасини юбориши мумкин, шундан сўнг сафарбарлик қайта бошланади.

Россия Федерациясида сафарбарлик 1997 йилда қабул қилинган федерал қонун талабларига кўра, Владимир Путиннинг фармони билан эълон қилинди. Аммо бу қонунда «демобилизация» атамаси тилга олинмаган ва сафарбарликни тугатиш ёки тўхтатиш қоидалари ҳам кўрсатилмаган. Бироқ, қонуннинг 4-моддасида сафарбарликни якунлаш тўғрисидаги қарор фақат давлат раҳбари томонидан қабул қилиниши мумкинлиги кўрсатилган муҳим банд бор:

«Россия Федерацияси президенти ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган ваколатларга қўшимча равишда, сафарбарликка тайёргарлик ва сафарбарлик соҳасида ушбу федерал қонун билан тартибга солинмаган бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади».

«Агора» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Павел Чиков ҳам «Медуза» нашрига РФ мудофаа вазирлигининг «сафарбарлик тадбирлари»ни тугатиш ҳақидаги баёноти ҳуқуқий кучга эга эмаслигини тасдиқлаган. Ҳудуд раҳбарлари ёки президент матбуот котибининг ваъдалари ҳукуматга ҳеч қандай мажбурият юкламайди.

Бундан ташқари, Путиннинг баёноти ҳам Россия Федерацияси фуқароларига токи бу ҳақида алоҳида қонун қабул қилинмагунга қадар ҳеч қандай кафолат бермайди.

Путин нега сафарбарликни якунлаш тўғрисидаги фармонни имзолашни хоҳламаяпти?

Аниқ айтиш қийин.

Лекин шуни айтиш мумкинки, агар президент «қисман» сафарбарликни тугатиш тўғрисидаги фармонни имзоласа, бундай ҳужжат шартнома бўйича барча ҳарбий хизмат ўтаётганларнинг ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқишига имкон яратади, шунингдек, бу сафарбар қилинганларни демобилизация қилишни ҳам англатади.

Бу Путиннинг «қисман» сафарбарлик тўғрисидаги фармонида «сафарбарлик орқали ҳарбий хизматга чақирилганлар РФ қуролли кучларида шартнома бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар мақомига эга бўлиши» ҳақидаги қоида мавжудлиги билан боғлиқ. Ҳарбий хизмат учун тузилган шартномалар эса «қисман сафарбарлик тугагунга қадар» амал қилади.

Путин янги сафарбарлик бўлмаслиги, бироқ сафарбар қилинганлар фронтда қолиши ҳақида буйруқ чиқариши мумкинми?

Президентнинг бу борадаги ваколатлари шунчалик кенгки, бошқача вариантлар ҳам танланиши мумкин.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «Фуқаро. Армия. Қонун» гуруҳи директори Сергей Кривенко мустақил Россияда сафарбарлик биринчи марта амалга оширилаётганини ва шунинг учун бу борада аниқ нормалар ишлаб чиқилмаганини қайд этди.

Шу сабабли, Владимир Путин турли вариантлардан фойдаланиши мумкин. Масалан, у сентябр ва октябр ойларида ҳарбий хизматга чақирилганларни демобилизация қилиш, лекин улар ўрнига янги ҳарбий хизматчиларни сафарбар қилиш ҳақида қарор қабул қилиши ҳам мумкин.

Ҳарбий нуқтайи назардан Россия армиясига яна қўшимча аскарлар керакми?

Яқин келажакда Россия армиясига яна қўшимча кучлар керак бўлиши мумкин.

Ҳозирда қанча фуқаро сафарбарлик доирасида армияга чақирилгани номаълум (топшириқ Путин фармонининг махфий бандида келтирилган). Агар бу сон Шойгу ва Путин томонидан қайта-қайта айтилган 300 минг киши деб олинса, унда бу миқдор Украина армияси билан тенгликни тиклаш учун етарли эмас.

Украинада феврал ойи охиридаёқ сафарбарлик эълон қилинганди. Украина мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, август ойига келиб, бир миллиондан ортиқ киши урушга сафарбар этилган. Бу маълумот рост ёки ёлғонлигини аниқлаш имконсиз, аммо фронтдаги воқеалар ривожи шуни кўрсатмоқдаки, Украина қуролли кучлари аскарлар сони бўйича Россия қуролли кучларидан сезиларли даражада устунликка эга. Украина қўмондонлиги нафақат мавжуд бўлинмалардаги йўқотишлар ўрнини тўлдирди, балки ўнга яқин янги дивизиялар (ҳудудий мудофаа бўлинмаларини ҳисобга олмаганда) тузди. Ва бу Украина қуролли кучларига сентябр ойи бошида қарши ҳужум уюштириш имконини берди.

Украинага бостириб киришдан олдин рус армияси бўлинмалари тинчлик давридаги талабларга мувофиқ тузилганди. Батальон тактик тузилмаларининг (бригадалар, дивизиялар) катта қисми ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаслиги керак бўлган муддатли чақирилувчилардан иборат эди. Ҳар бир тактик тузилмалар батальонларнинг фақат ярмини фронтга юбориши мумкин эди. Шунингдек, урушдан олдин янги тузилмалар сони шартномавий аскарларнинг ҳақиқий сонидан тезроқ ўсиб боргани сабаб, батальонларда ҳам, роталарда ҳам шахсий таркиб белгилангандан (баъзан икки баравар) кам эди. Урушнинг бошиданоқ рус армияси пиёдалар ҳамда логистика ва таъминот тизими учун хизматчилар етишмаслиги муаммосига дуч келди.

Феврал ойидан бери Россия армияси кўплаб жангчиларни, шу жумладан, шартномани бекор қилган ҳарбий хизматчиларни йўқотди. Вазирлик уларнинг ўрнига фақат «кўнгиллилар» орасидан қўшимча кучларни олди. Уларнинг умумий сони бор-йўғи бир неча ўн минг кишини ташкил этди. Натижада, кузга келиб, Донбассдаги тан олинмаган республикалар ва хусусий ҳарбий компанияларнинг кўплаб бўлинмалари мудофаа вазирлиги бўлинмаларига қараганда яхшироқ жанговар қобилиятга эга бўлди.

300 минг сафарбар қилинган аскар фақатгина йўқотишларни тўлдириш ва эҳтимол, роталар ва батальонларни тўлиқ шахсий таркиб билан таъминлаш учун етарли бўлади (сафарбар қилинганларнинг аксарияти урушдан олдин шартнома тузган аскарларга қараганда ёмон жанговар тайёргарлик ва маҳоратга эга).

Айни пайтда Украинада ҳам сафарбарлик давом этмоқда ва мамлакатнинг инсон ресурслари ҳали тугамаган.

Агар Кремль «ғалабали якунга қадар» урушни давом эттирмоқчи бўлса, унда сафарбарлик ҳали узоқ вақт давом этиши керак. Назарий жиҳатдан, бу рус армияси Украина армияси билан сон бўйича тенглашгунча ёки ундан ўтиб кетгунга қадар давом этади. Бу жараён мудофаа вазирлигининг ташкилий имкониятлари, кийим-кечак захиралари ва мамлакатдаги сиёсий вазият (масалан, фуқароларнинг уруш сабаб кучайиб бораётган чарчоқлари) сабаб янада қийинлашиши мумкин.

Мудофаа вазирлиги янги сафарбар қилинганлар билан фронтдаги вазиятни ўнглай олмайдими, бу сафарбар қилинганлар хизматидан воз кечишга олиб келадими?

Буни тахмин қилиш қийин.

Россия бир вақтнинг ўзида сафарбар қилинганлар сонини кескин ошира олмайди, чунки бу чақирилувчиларни тайёрлаш ва қуроллантиришнинг имконияти етарли эмаслиги билан чекланган. Ҳозир бу тизим асосан сафарбарлик асосида чақирилган аскарларни қайта тайёрлаш билан шуғулланмоқда (муддатли ҳарбий хизматга чақирув сафарбарликдан кейинги қолдирилди).

Бироқ, сафарбарликни Украина каби бир неча босқичлар орқали амалга ошириш мумкин. Украинада сафарбарликка халақит бермаслиги учун муддатли ҳарбий хизматга чақирув ҳам бекор қилинган.

Умуман олганда россияликлар енгил нафас олишига ҳали эртами?

Афсуски, ҳа.

Агар Путин сафарбарликни якунлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган тақдирда ҳам, унга ҳеч нима исталган дақиқада сафарбарликни қайта тиклаш тўғрисида буйруқ беришга тўсқинлик қилмайди. Аммо ҳозир ҳеч қандай фармон имзоланмаган, сафарбарлик давом этмоқда ва Давлат думаси депутатлари парламентга сафарбарликдан бўйин товлагани учун жазолаш имконини берувчи қонун лойиҳасини киритишни режалаштирган. Тўғри, кейинроқ бу режадан воз кечилгандек бўлди.

Бир нарса аниқ: Владимир Путин тегишли фармонни имзоламагунга қадар ҳарбий комиссариатлар чақирув қоғозларини юбориш ва сафарбарликни давом эттириш ҳуқуқига эга.

Журналист Дмитрий Колезевнинг таъкидлашича, бундай ҳуқуқий ноаниқлик, ҳокимият учун қулай репрессив механизм бўлиб, ҳукуматга «ноқулай» одамларни фронтга юбориш имконини беради.

Россия расмийларининг сўзларига ишониш жуда хавфли. Урушнинг бошиданоқ улар фуқароларни ҳукуматда сафарбарлик эълон қилиш режаси йўқлигига ишонтирди. Сафарбарлик бошланишидан саккиз кун олдин Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳеч қандай сафарбарлик масаласи кўрилмаётганини айтди. 8 март куни Путиннинг ўзи ҳам муддатли ҳарбий хизматчилар ва захирадаги аскарлар ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаслигини маълум қилганди.

Июл ойида эса сафарбарлик ўтказиш режалари мудофаа вазирлиги томонидан ҳам рад этилди. Ўшанда вазирлик армияда «махсус операция» топшириқларини бажариш учун «етарли» ҳарбий хизматчилар борлигини айтиб, «миш-мишларга ишонмаслик»ка чақирганди.

Муҳаммадқодир Собиров
Муаллиф Муҳаммадқодир Собиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид