08:53 / 05.11.2022
8495

Ўқувчини бир мактабдан бошқасига ўтказиш тартиби маълум қилинди

Ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йилида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш ҳуқуқига эга.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Ҳуқуқий ахборот” каналига кўра, бунда бир мактабдан бошқасига ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатиб мактаб директори номига ариза берилади.

Ариза 1 иш кунида кўриб чиқилади ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактабга тақдим этиш учун мактабдан кетиш талони берилади.

Ота-оналар фарзанди ўқишни давом эттириши учун танланган мактаб директорига ариза беради. Аризага мактабдан кетиш талони илова қилинади.

Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори ариза ва талонни қабул қилгач, шу куннинг ўзида ота-оналарга ўқувчи таълим олаётган мактабга тақдим этиш мактабга келиш талонини беради.

Ўқувчи ўқиётган мактаб директори мактабга келиш талонини олгач, шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилади. 

Мактаб директори мазкур буйруқ билан ота-оналарни таништирганлиги тўғрисида имзо қўйдириб, уларга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади ва ҳужжатлар берилганлиги тўғрисида тилхат олади: ўқувчи мактаб ўқувчилари сафидан чиқарилгани тўғрисидаги буйруқдан кўчирма; ўқувчи баҳолар (ўзлаштириш) табели; ўқувчи тиббий картаси.

Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори бошқа мактабдан ўтказилаётган ўқувчи ўқув жараёнларидан четда қолиб кетмаслигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши шарт.

Top