09:50 / 09.11.2022
7269

“Ўзбекинвест” суғурта компанияси 2022 йилнинг 9 ойлик фаолияти якунларини сарҳисоб қилди

Фото: Ўзбекинвест

2022 йилнинг 9 ойида “Ўзбекинвест” суғурта компаниясининг умумий йиғимлари 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 186 фоизга ошиб, 447,6 миллиард сўмни ташкил қилди. Таъкидлаш жоизки, тўловлар ўсишининг бундай ижобий динамикаси кўп жиҳатдан халқаро суғурта ва қайта суғурта бозорида суғурта операцияларининг ривожланиши билан боғлиқ бўлди. 306,9 миллиард сўм (27,9 миллион AҚШ доллари) миқдорида қайта суғурта мукофотларининг ялпи йиғилиши таъминланди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробар кўпдир. Шу билан бирга, компаниянинг суғурта портфелидаги суғурта хизматлари экспортининг улуши 68,6 фоизни ташкил этди.

Компаниянинг халқаро суғурта бозорига чиқишида Allianz SE (Германия), Zurich Insurance Group (Швейцария), Tokio Marine & Nichido Fire Insurance Co (Япония), AXA (Франция), People Insurance Company of China (Хитой), Korean Resurance Company (Жанубий Корея), Marsh (АҚШ), AON va UIB (Буюк Британия) каби етакчи трансмиллий суғурта ва қайта суғурта компаниялари ҳамда суғурта брокерлари ва жаҳон суғурта бозорининг бошқа асосий иштирокчилари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик муҳим рол ўйнади.

Aсосий миқдорий кўрсаткичлар

1. Миллий товар ва хизматлар экспортчиларининг суғурта қопламаси – 1,52 миллиард AҚШ доллари (2021 йилнинг 9 ойига нисбатан ўсиш 122 фоиз)

2. Корпоратив сегментда суғурта мукофотларини йиғиш – 103,9 млрд сўм (2021 йилнинг 9 ойига нисбатан 129 фоизга ўсиш)

3. Жисмоний шахсларни суғурталаш сегментида бадаллар йиғими – 43,7 млрд сўм (2021 йилнинг 9 ойига нисбатан ўсиш 116 фоиз), 546 мингдан ортиқ шартномалар тузилди.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг 9 ойи ичида 52,9 миллиард сўм миқдорида суғурта тўловлари тўланиши таъминланган бўлса, миллий экспортёрларга 4,35 миллиард сўм суғурта товонлари тўланган.

Компаниянинг миллий ва халқаро майдондаги мақоми

2022 йил март ойида компаниянинг халқаро кредит рейтинги A.M. Best Company (АҚШ) томонидан яна бир бор “BB” даражасида“Барқарор” прогнози билан тасдиқланди. Шу билан бирга, “Ўзбекинвест” энг юқори рейтинг соҳиби ва Ўзбекистонда ушбу агентликдан халқаро рейтингни олган биринчи ташкилотга айланди.

21 май куни Ўзбекистон Маркетинг Aссоциацияси томонидан ташкил этилган Makon Marketing Forum IV йиллик бизнес-форумида “Ўзбекинвест” компанияси “Йил бренди” мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, компания “Суғурта бозори етакчиси” номинацияси соҳиби бўлди.

“Ўзбекинвест” – ўз ходимларини ривожлантириш йўлида

“Ўзбекинвест” компанияси раҳбарияти ходимларнинг келгусида соҳа ривожига хизмат қиладиган турли ўқув лойиҳаларида иштирок этишини доимо қўллаб-қувватлайди. Йил давомида энг яхши иш натижаларини кўрсатган 28 нафар туман бўлимлари бошлиқлари Прага шаҳридаги Ғарбий Богемия университетида (Чехия) малака ошириш курсларини тамомладилар. Шунингдек, A.M. Best Company (АҚШ) маълумотларига кўра дунёнинг ўнта йирик қайта суғурталовчиларидан бири бўлган Korean Resurance Company компаниясида малака ошириш курслари ва тажриба алмашиш учун 15 нафар ҳудудий филиал раҳбарлари Сеулга (Жанубий Корея) юборилди.

Ривожланишнинг истиқболли режалари.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Инсон манфаатларини таъминлаш ва маҳалла тараққиёти йили”да белгиланган вазифаларга мувофиқ “Ўзбекинвест” суғурта компанияси томонидан "маҳаллабай"  янги хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. Ўзбекистоннинг маҳалла ва аҳоли пунктларида аҳолининг кенг қатламларининг суғурта ҳимоясини таъминлаш мақсадида 25,5 трлн сўм ҳажмида 320 минг суғурта полислари сотилди.

Хусусан, 267,5 нафар маҳалла фуқароларининг кўчар ва кўчмас мулклари жами 11 триллион сўмлик мажбуриятлари бўйича суғурта ҳимояси билан таъминланди, 41,6 минг нафар маҳалла фуқароларининг, жумладан, қарияларнинг соғлиғи касалликлар ва бахтсиз ҳодисалардан 193,9 миллиард сўмлик мажбуриятлари бўйича суғурта қилинди.

Маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган имтиёзли кредитлар доирасида 1 минг 800 дан ортиқ оилавий тадбиркор ва тадбиркор аёлларнинг молиявий манфаатлари 62,5 миллиард сўмлик мажбуриятлар суғурта ҳимояси билан таъминланди.

2023 йилгача “Ўзбекинвест” компаниясини таҳлил қилиш, хавфларни баҳолаш, қарорлар қабул қилиш ва ҳужжатларни расмийлаштиришнинг барча асосий жараёнларини сунъий интеллект технологияси асосида тўлиқ рақамли форматда ишлайдиган рақамли компанияга айлантириш бўйича тизимли ишлар бошланди.

 “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси АЖ ахборот хизмати Ⓣ

Top