Ўзбекистон | 13:42 / 15.11.2022
33359
2 дақиқада ўқилади

Видео: Бухорода ўқитувчи бошланғич синф ўқувчиларини калтаклади

Ўқитувчи дарс вақтида болаларни доимий равишда уриб келиши айтилмоқда.

Фото: Kun.uz

Kun.uz таҳририятига Бухоро шаҳрида жойлашган 4-сонли мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчиларини калтаклаётгани акс этган видео келиб тушди.

Уч дақиқалик видеода кўриш мумкинки, ўқитувчи берилган вазифани текшириш давомида 3-D синф ўқувчиларини аёвсиз калтаклаган. Манбанинг айтишича, педагог бу ишни биринчи марта қилаётгани йўқ, бу ҳолат ҳар дарсда такрорланади.

«Ота-оналар бундан шикоят қилиб ўқитувчилар билан ҳам гаплашишган, аммо ўқитувчи ҳеч кимнинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини айтган», – дейди манба.

Бундан ташқари, педагог болаларни пул топиб келиш учун дарсдан чиқариб юбораётгани ҳам айтилмоқда.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда шу каби бир неча ҳолат кузатилди. Хусусан, шу йил октябр ойида Наманган вилоятида ўқитувчи ўқувчини калтаклаганди. Кейинроқ эса унга жиноят иши қўзғатилганди.

Апрел ойида эса Сурхондарё вилояти Бандихон туманида 4-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси 9-синф ўқувчисини дарс машғулотларига тайёргарлик кўрмай келгани учун уриб, тепгани маълум бўлганди.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид