Қарши шаҳар кенгаши депутати бюджет маблағларини талон-торож қилишда гумонланмоқда
Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали собиқ раҳбари бўлган Қарши шаҳар кенгаши депутати бюджет маблағларини талон-торож қилишда гумонланмоқда
Аввалроқ, Kun.uz’да Қарши шаҳар прокуратурасининг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги тақдимномаси шаҳар кенгаши томонидан рад этилгани ҳақида хабар берилганди. Қашқадарё вилоят прокуратураси матбуот хизмати депутат қандай жиноятни содир этганликда гумонланаётганини очиқлади.
Маълум қилинишича, ҳукуматнинг 2020 йил 10 январдаги 16-сонли Қарорига асосан Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали ва “Obmur” МЧЖ ўртасида иссиқ озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида аутсорсинг хизмати учун шартнома тузилган.
Мазкур шартномага асосан “Obmur” МЧЖ томонидан филиалдаги беморларга 2020, 2021 ва 2022 йилнинг ўтган 4 ойи давомида аутсорсинг хизмати асосида тайёр иссиқ озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилган.
Ўша даврлардаги таомномалар билан ҳисоб-фактураларни таққослаб, банк ҳисоб-варақасига асосан таҳлил қилинганда амалда таомномадаги ҳақиқий харажатларга нисбатан ортиқча харажатга йўл қўйилиб, филиал мансабдор шахслари ва бошқалар томонидан бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.
Шундан сўнг филиал ҳамда Қарши шаҳридаги “Obmur” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноий иш қўзғатилган.
Мазкур жиноят иши юзасидан аниқланган 198 млн сўм пул маблағи нақд пул кўринишида вилоят прокуратураси депозит ҳисоб рақамига ундирилиши таъминланган.
2022 йил 2 ноябр куни Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали собиқ бош шифокори, депутат Адҳам Пармоновни жиноий жавобгарликка тортишга, эҳтиёт чораси танлаш ва дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик олиш тўғрисида Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашига тақдимнома киритилган.
2022 йил 16 ноябр куни халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши шаҳар прокуратурасининг тақдимномасини кўриб чиққан ва у бўйича қарор қабул қилган. Қарорда Қарши шаҳар прокуратурасининг депутат А.Пармоновни жавобгарликка тортишга, эҳтиёт чораси танлаш ва дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик олиш ҳақидаги тақдимномаси рад этилган.
Мавзуга оид
12:00 / 25.10.2024
Сайлов яқин, партиялар нималарни ваъда қилади? – Кун дебати
10:02 / 19.10.2024
Сурхондарёда аҳолига тарқатилиши керак бўлган 1 400 тонна кўмир талон-торож қилинди
18:10 / 12.09.2024
Ўзбекистон сузиш федерацияси мансабдорлари томонидан 2 млрд сўмдан ошиқ маблағ талон-торож қилинди
12:41 / 20.08.2024